«УЙ-ЖОЙЛАРИМИЗНИ ЁНҒИН ОФАТИДАН САҚЛАЙЛИК!»

20


Бугунги кунда халқимиз илғор қурилиш тажрибалари, фан ва техника ютуқларидан фойдаланган ҳолда хориждан келтирилган ёки қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли қурилиш материалларидан фойдаланмоқда. Бу пластик эшигу-ромлар, черепица русумли туника қоплама ва пардозлаш материалларидир. Бу иморатларни ёнғин офатидан асраб қолиш ҳам долзарб масала ҳисобланади.
Содир бўлаётган ёнғинларга:

электр ускуналарининг носозлиги, яъни электр ҳисоблагичларда қўлбола сақлагичларнинг (предохранитель) қўлланилиши, вақтинчалик симларнинг бир-бирига боғлаб уланиши;

болаларнинг олов билан ўйнашиши;

электр ва газ пайвандлаш вақтида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик;

спиртли ичимлик ичган ҳолда чекиш вақтидаги эҳтиётсизлик кабилар сабаб бўлмоқда.
Содир бўлаётган ёнғинларнинг катта майдонга тарқалиб кетишига эса хусусий уйлар қурилишида ёнғинга қарши оралиқ масофаларни сакламаслик, томлардаги ёғоч панжараларга ёнғинга қарши махсус суюқлик билан ишлов берилмаслиги, уйлар орасидаги ёнғинга қарши деворлар қурилмаслиги омил бўляпти.
Хонадонларда ёнғинларни олдини олиш мақсадида янги қурилаётган ёки таъмирланаётган уй-жой ҳовлиларида ёзги ошхона ва тандирхона, молхона ва ем-ҳашакхоналарнинг ҳамда ҳар жуфт хоналар орасида 6 метрдан кам бўлмаган ёнғинга қарши оралиқларни сақлаш, икки қўшни хонадон оралиғида томни кесиб ўтувчи 60 сантиметр баландликдаги ва қалинлиги 12 сантиметрдан кам бўлмаган ёнғинга қарши деворлар билан ажратиш, уй томининг ёғоч панжараларининг ўтга бардошлигини оширувчи суюқликлар билан ишлов бериш, хоналарда иситиш печкаларини қоидага мувофиқ ўрнатиш, ертўла ёки цоколь қаватларда гараж, ошхона, ҳаммом ва иситиш тизими қозонхонасини жойлаштиришда, табиий газ қувурларини ўтказишда ёнғинга қарши тўсиқлар, қаватлар аро ёпмалар, ўтга бардошли мўрилар ўтказиш, электр таъминотини траверслар орқали ўтказиш, бинонинг ёғоч конструкцияларидан электр симларини ҳимоя қобиқларидан олиб ўтиш ҳамда қурилиш ишларини олиб бориш, бинодан фойдаланиш даврида оддий ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш каби тадбирлар орқали иморатларимизни ёнғиндан сақлаган бўламиз.

Ш.ИСЛАМОВ,
Юнусобод тумани ФВБ ЁНваПБ
инспектори,
кичик сержант

Бошқа хабарлар