Оналар, жо-он онажонлар!..

1173

Шу йилнинг 12 май куни ижтимоий тармоқлардан бирида Пастдарғом туманидан оқиб ўтувчи каналдан 17 ёшли қизнинг жасади топилгани ҳақида мудҳиш хабар тарқалди. Таъкидланишича, марҳума тумандаги 45-мактабда ўқиган Севинч исмли қиз бўлиб, онаси у 11 майда саҳар вақти йўқолиб қолганини айтган. Бувиси билан бир хонада тунайдиган Севинч­нинг уйда йўқлигини билгач, оила аъзолари уни излай бошлашган. Унинг қўл телефони ва оёқ кийими қишлоқ четидаги анҳор бўйидан топилган.

Воқеа билан боғлиқ бошқа маълумотлар бири биридан аччиқ, аламли ва фожиали. Хабарда айтилишича, 12 майга ўтар кечаси тунги 3:20 ларда О. исмли киши қизни кўчада йигитлар қувлаб юрганини кўрган, уларни тўхтатиб бу йўлдан қайтарган. Йигитлардан қиз уйига эмас, аммасиникига бораётгани, уни ўша жойга кузатиб қўйишмоқчи экани ҳақидаги гапни эшитгач, ўз йўлига кетган. Эртаси куни қизнинг жасади каналдан топилганидан сўнг уни тунда таъқиб қилганлар кимлиги О.нинг гувоҳлиги асосида аниқланган. Улардан бири ўша куни ўттиздан ортиқ одам олдида кечаси мактаб қоровулхонасида (қоровул аёл киши бўлиб, боласи касал бўлгани туфайли ўша оқшом ишга чиқмаган) қизни зўрлаганига иқрор бўлган. Қоровулхонадан жиноятга дахлдор ашёвий далиллар топилган, лекин қоровулхона бир кунда таъмирланиб, улар йўқ қилиб юборилган…
Кейинги пайтларда «Одобни беодобдан ўрган» деган мақолга риоя қилиш эзгу ният эгалари кутганидек натижа беряптими-йўқми, билмадим-у, назаримда, «Олма олмани кўриб, ранг олади» нақлининг ҳаётий исботларига кўпроқ дуч келаётгандекмиз. Бироқ ушбу сатрлар қораланишига сабаб бу мавзу эмас. Юқоридаги воқеа туфайли кўз ўнгимдан ўзим кейинги уч-тўрт йил ичида танишган, тақдирлари қалбимни тирнаб кетган ўсмир ва балоғат ёшидаги қизларнинг қиёфалари ўта бошлади:
Қорақалпоғистонлик Ойгул (барча қизларнинг исми ўзгартирилган) мен танишган пайтимда ҳали вояга етмаганди, ажойиб қўшиқлар айтарди, шеърлар ёзарди, айниқса, она ҳақида. У суд ҳукми билан Қўқон махсус қизлар касб-ҳунар коллежига юборилган экан. Негаки, ўз уйидан чиқиб кетган, бунинг сабаби эса…
Ойгулни ота-онаси чақалоқлигидаёқ ўша кезлар фарзанд кўрмаган тоғасига ҳужжат асосида қиз қилиб беришган. Кеннойиси дастлаб уни жуда яхши кўрган, меҳрибонлик қилган, лекин Аллоҳнинг марҳамати билан тоғанинг ўзи фарзандли бўлгач, уй бекасининг асранди қизга муносабати ­кескин ўзгарган. Масалан, ёшгина қизни омборхонага қамаб овқат бермаган, калтаклаган, тилла тақинчоқларини ўз синглисига вақтинча бериб қўйиб, Ойгулни бу шақир-шуқурлар ўғрисига чиқаргач, ҳамма қизга таъна тошларини ота бошлаган. Ҳатто тақинчоқлар топилганидан кейин ҳам бирор кас ноҳақликлар учун узр сўрамаган. Бу воқеалардан Ойгулнинг ўз туққан онаси ҳам доимо бохабар бўлган. Аммо «Биз қизимизни укамга берганмиз. Улар нима деса – шу», деб бирор марта дилбандини ҳимоя қилмаган, лоақал раҳми ҳам келмаган. Охир-оқибат Ойгул уйни тарк этган…
Ҳали вояга етмаган наманганлик Озода вилоятнинг номдор спорт жамоаси аъзоси бўлган. Онаси қаттиқ касалликка учраган, отаси топганини ичкиликка сарфлайдиган бу қиз онаси ва укасининг боқувчиси ҳам ҳисобланган, қўни-қўшнилари томорқасида мардикордек ишлаб, баҳоли ­қудрат пул топган. Шундай вазиятда парваришга муҳтож касалманд аёлнинг эри, мени кечирасизлар, айтишга мажбурман, ўз пушти камаридан бўлган қизига бегона эркакдек тегажоғлик қилган. Оқибатда Озода ўз уйидан кетиб, бобоси ёки ўқитувчисининг уйида ётиб юрган, номақбул таниш-билишлар орттирган, шаъни топталган…
Айни балоғат ёшидаги тошкентлик Фазилат кўз ёшларини оқизиб айтган гаплар тошни ҳам эътиборсиз қолдирмас, балки. Унинг Россияга кетиб, ўша ерда бошқа эрга тегиб олган онаси йил давомида бор-йўғи 100 доллар юборган. Эридан ажрашган опаси билан қолган қиз эртаю кеч жиянларининг энага-қаровчиси бўлган. Аммо опаси унга «Текинхўр, сени нега боқишим керак?», деб кун бермаган. Бу миннатлардан кейин Фазилат ўша атрофдаги емакхоналардан бирига идиш ювувчи бўлиб ишга кирган. Шу боис коллеждаги ўқишлари ўлда-жўлда қолиб, жиянларига ҳам яхши қарай олмаган. Шунда опаси коллежга бориб ўз синглиси ҳақида «Бу ёмон қиз. Кечалари кафеларда юради», деб гап тарқатган.
Аксига олгандай, ўша пайтгача коллежда гуруҳ раҳбарининг ёрдамчиси, тадбирларнинг фаол ташкилотчиси бўлиб келган Фазилат билан бирорта ўқитувчи холисона суҳбатлашмаган. Қарабсизки, шу вақтдан эътиборан устоз­лари ва гуруҳдошларининг унга нисбатан муносабати салбий томонга кескин ўзгарган. Қиз эса кафеларда тунда ҳам ишлаб, ўша ерларда ётиб қоладиган бўлган…
Бундай мисоллар, афсуски, оз эмас. Кечасию кундузи бозорга боғланиб қолган эру хотин ўсмир қизини холасиникига ташлаб қўйган, холанинг бўй етган ўғли уни мунтазам хўрлаган, бадном қилган. Қариндошининг бу зулмини ҳеч кимга айтолмаган қиз ўз уйига қайтиб келса, онаси уриб-сўкиб яна ўша жойга олиб бориб қўйган…
Онасининг иккинчи эри – ўгай отасидан доимо қочиб юришга мажбур бўлган қиздан ҳаммадан кўпроқ ўз онаси норози бўлган. Қиз охири журъат топиб, ўгай отасининг ифлосликларини гапирганда, онаси «Сен ёлғон айтяпсан», деб уни ҳайдаб юборган. Маълум муддат ўтгач, жигаргўшасини ўзи излаб топиб, узр сўраган…
Қизлар махсус касб-ҳунар коллежида суҳбатлашганим – туғилишидан нимжону нуқсонли бўлган, бироқ мактаб кутубхонасидаги барча китобларни ўқиб чиққан нозик, рангпар қиз бир тола нур каби кўз ўнгимда қолган. Мактабдошлари уни ташқи қиёфасига қараб, доим камситган, давраларига қўшмаган. Ота-онасию ўқитувчилар ҳам бу жарликни йўқотиш чораларини кўрмаган бўлсалар керакки, қиз ўз ихтиёрига кўра махсус коллежга юборишларини сўраган.
Қалбида аёллик, айниқса, оналик туйғулари тирик бўлганлар учун бундай гапларни ўқиш ёки эшитиш осон эмас. Сезиб турибман, юқорида тилга олинган тақдирлар аксарият кишилар дилини оғритади, юракларини титратади. Шу боис бу мавзуни кўпинча айланиб ўтамиз. Лекин токайгача?..
Мақоламиз аввалида келтирилган воқеа ҳақида ёзаркан, журналист Севинчнинг 17 йиллик умри адоғида кўрган хўрлик­ларини далилловчи ашёлар атай йўқотилгани тўғрисида афсусланиб ёзади… Кимдир тунги «қувла-қувла»лар гувоҳи бўлган ­О. исмли одамдан норози бўлади: «Қизни нима учун ўша йигитларга ташлаб кетди?».
Менинг томоғимга эса бир савол тиғдек қадалади: «Қандай қилиб ёшгина қиз тунда уйидан индамай чиқиб кетишга журъат этди? Бундан бехабар қолгани ота-онани оқлайдими? Қизнинг ўлимига сабаб бўлган ўзбошимчалик, оила аъзолари, ҳатто онасидан яширин иш тутиши ўша кечадан бошланмагандир ахир?!».
Шу ўринда барча оналарга мурожаат қилмоқчиман. Балки ашёвий далиллар топилар, жиноятчилар қилмишларига яраша жазоланар, аммо бу билан она қалби таскин топадими, тинчланадими? У изтироб-аламлардан қутуладими? Йўқ! Йў-ўқ!!!
«Ўнта бўлса, ўрни бошқа» дей­ди азалдан халқимиз фарзандлар ҳақида. Ҳаёт эса каттаю кичик топишлар ва йўқотишлардан иборат. Эҳтимол, бой берилган жуда кўплаб моддий ва маънавий неъматларнинг ўрнини тўлдирса ёки унутса бўлар, фақат…
Ҳаётий воқеалар отам раҳматлининг қуйидаги гапини кўп ёдимга солади: «Болаларнинг ота-онадан кейин қолмоғи – азалий мерос. Лекин боласини ­тупроққа топширган ота-оналарнинг бу дунёда сурати юради, холос». Демоқчиманки, оналар, жо-он онажонлар, фарзандларимизни, айниқса, табиатан жисму руҳонияти нозик қилиб яратилган қизларимизни каттаю кичик нохушликлар, кўргуликлар, кутилмаган бахтсизликлардан, аввало, ўзимиз асрайлик.
«Арғамчига қил қувват» деган мақол инсоний муносабатларда ҳам ибрат бўла олади. Фавқулодда вазиятларга тушиб қолган инсоннинг агар биттагина чин ишонч­­ли одами, чин сирдоши, чин анг­лагувчиси бўлса, унга қалбини очади, унга суянади (жаҳолат ва сабрсизликка таслим бўлмаса, албатта).
Бундан бир неча йил олдин Фарғона вилояти туманларидан бирида ўсмир қиз ўзини осиб қўйди. Фожиадан олдин унинг онаси дугоналари билан ўтказадиган «гап» учун музлаткичга нарсалар қўйган экан. Қиз бир тансиқ мевани олиб егани учун онаси уришиб, бир тарсаки туширган экан…
Биз қизчанинг ўз жонига қасд қилганини асло оқламаймиз. Аммо кўплар она битта мевани қизидан устун қўйганини қоралайди, муҳокама қилади. Аслида бу каби фожиаларнинг илдизлари – оналар билан қизлари ўртасидаги кўринмас жарликда ётибди. Агар шу жарлик бўлмаса, она тансиқ меваларни, аввало, боласига илинмайдими? Агар шу жарлик бўлмаса, қизнинг «Онажон, мевани сиздан сўрамай олганим учун узр. Энди бундай қилмайман», дейиши ўз жонига қасд қилишдан минг карра осон эмасмиди?!
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад умр йўлдоши, ҳассос шоира Саида Зуннунова ҳақидаги хотираларида ёзишича, ўтган асрнинг 70-йилларида анча уринишлар билан Саида опанинг соғлиғини тиклаш учун собиқ иттифоқдаги машҳур сиҳатгоҳлардан бирига йўлланма олинибди. Саид Аҳмад йўлга отланган шоирани поездга чиқариб, шошилмай қайтиб келса, Саида опа уйда ўтирганмиш. Бу ҳолдан ажабланган Саид Аҳмадга рафиқаси «Поезддан тушиб қайтиб келавердим. Уйимда боламни бағримга босиб, маза қилиб ҳидлаб ўтирганим яхши», деган экан.
Ҳадиси шарифда айтилишича, туясини ўз ҳолига қўйиб «Аллоҳга топширдим», деган кишига пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Туянгни олдин қозиққа боғлаб, кейин Аллоҳга топшир», деган эканлар.
Инсон – ер юзидаги энг азиз зот. У ўзига берилган ақлу заковат, покиза туйғулар, тафаккур, меҳр-муҳаббатни ғанимат умри давомида, аввало, Ҳақ йўлига, энг яқинлари олдидаги бурчини бажаришга бағишлашдан бошлаши шарқона, минг йиллар оша дунё эътироф этган самаралар берган исломий тарбиянинг хайрли йўлидир. Энг яқинларинг («гап»дош­лар, бозордошлар, телеграмдаги гуруҳдошлар, сен қандай қилиб бўлмасин, эътиборини қозонмоқчи бўлган фалончилар эмас) яқин туғишганларингдир. Атрофимизга назар солиб мушоҳада юритсак, ўз оиласи, қавму қариндошлари орасида қадри баланд бўлган, ҳурмат қозонган инсонлар жамиятда ҳам шундай эътибор топадилар.
Она учун икки дунё ўртасида туриб етишган неъмати – фарзандидан суюклироқ, азизроқ, бебаҳою яқинроқ инсон бўлиши мумкинми? Бу мезоннинг бузилиши оқибатлари – юқорида каби бир қатигина сал очилган юракни ғижимлайдиган дардлар.
Азиз онажонлар! «Қизим (болам) ўқияпти, ишлаяпти. Фалон жойга кетди. Фалончи билан юрибди. Фалон қариндошникида» каби хаёллар билан андармон бўлиб, ғафлатда қолмайлик. Ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган, ишонувчан, қизиқувчан, баъзан шош­қалоқ, баъзан ўзбиларчиликка алданиб қолиши мумкинлигини англаб етмаган дилбандимизнинг ҳар қадами, нима ишлар билан машғуллиги фақат тунда эмас, кундузи ҳам қаерда ва кимлар билан бирга экани, хаёлию телефонини нималар банд этганидан бохабарлик қалбимизнинг доимий табиий эҳтиёжига айлансин. Гулдек зурриётларимиз жисми, руҳияти, маънавиятини омонликда сақлаш билан ўзимизни, жамиятни жонда кетгувчи армону оғриқлардан асрайлик.

Муҳтарама УЛУҒОВА,
Республика маънавият
ва маърифат маркази
масъул ходими