«Унутилаётган» маданият

882

ёхуд қачон бир-биримизни тинглаймиз?

Демократия бизга сўз эркинлигини, баҳсга киришиш имконини, қолаверса, танқид қилиш, номуносиб фикрни рад этиш ҳуқуқини берди. Аммо демократия бизни тинглаш маданиятига ўргатмади.

Интернет ва медиа марказлар хабарларини кузатиб бораман: ҳамма ўз дардини айтишга иштиёқманд. Бу яхши, бироқ бу фикрларни ким эшитади, тинглайди, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Илгари матбуот сўзини бутун жамият эшитарди ва шу заҳоти унга муносиб жавоб берарди. Энди эса қандайдир бепарволик, ҳатто «пофигизм», яъни «парво қилма» одати шаклланган. Танқид қилинаётган идора журналист, ижодкор сўзини назар-писанд қилмайди ёки «Нодонга жавоб – сукут» тарзида муносабат билдиради. Олдинлари матбуотда танқидий фикр, ёндашув анқонинг уруғи эди. Энди улар бор, лекин уларга зарур жавоб йўқ. Парадокс шундаки, жамиятимиз институтлари матбуот сўзи нима учун зарурлигини унутиш арафасида. Президентимиз танқидий таҳлил сўраяпти, матбуот очиқлигини, фикрлар ранг-баранглигини қўллаб-қувватлаяпти. Матбуот ҳаммани фикрлашга ундаяпти, аммо эътиборли мақолаларни ўқийдиган, фикрлаш тарзига айлантирадиган ўқувчи ўйлаганимиздан анча кам..
Пофигизм реал ҳаётимизга кириб келмоқда. Илмий кенгашларда қатнашиб шу нарсага амин бўлмоқдаманки, ҳеч кимни тадқиқотчи фикри қизиқтирмайди, ҳатто у билан ҳеч ким қизиқмайди. «Биродар, муаммо бўйича фикрингизни айтинг» дегинг келади беихтиёр. Баъзи «олимлар» ўз ­фикрини мутлақ ҳақиқат билиб, тадқиқотчи эътирозини ошкора рад этиб тураверади.
Қизиқ, нега биз демократияни орзу қилган эдик? Нега биз ўзга фикрни эшитишга, тинглашга тайёр эмасмиз?
Ким нима деяпти, нега у шу фикрда, мавзудан нега чиқиб кетяпти? Шундай саволни қўйиш имкони йўқ, уларни ҳеч ким эшитмайди ва улар билан қизиқмайди ҳам. Ғалати ҳол – демократия, сўз эркинлиги бор, аммо сўзингни тинглайдиган, англайдиган йўқ.
Аудиторияга кирганимда, иложи борича талабалар билан очиқ мулоқот уюштиришга интиламан. Бу ўзимга ҳам завқ беради. Бироқ аксарият талабалар тинглаш ва очиқ мулоқотга киришиш ўрнига мобиль алоқага мурожаат этишни афзал билади. Тинг­лаш маданияти шунчаки ахборотни эшитиш эмас, у мулоқот маданияти ҳам-ку ахир! Диққат билан эшитмаган одам мавзуга бевосита тааллуқли жавоб беролмайди, баҳсга киришолмайди. Сиз «А» десангиз у «В» ёки «Я» дейди. У сизни ҳам, ўзини ҳам чалғитади.
Тушунмоқ – моҳиятни англамоқ. Моҳиятни ­англаш учун билим керак. Тажриба керак. Гоҳо билим ва ­тажриба ҳам камлик қилади.
Ҳаётни инсонни ва яратишни севмоқ уларни тушунишдан бошланади, ким уларни тушунишни истамаса, унинг йўли битта – ўзини ўзи маҳв этишдир. Ҳаёт эса севиш, яратиш, эъзозлаш, яъни борлиқни бор зиддиятлари билан тушуниш, англаш учун берилган. Бунинг учун эса баъзан тингламоқ керак. Афсуски, у бугун бизда етишмаяпти.
Сиз нима дейсиз?

Виктор АЛИМАСОВ,
фалсафа фанлари доктори