Ёшлик шижоати – Ватан тараққиёти учун

138

Президентимизнинг Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригини катта ҳаяжон ва қизиқиш билан ўқидим.

Унда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азми шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани ҳаммамизни қувонтиради.
Бу жараённи мамлакатимиздаги энг катта нодавлат ташкилот – Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг ёшлари фаолиятида ҳам кўриш мумкин.

Ишловчи ва ўқувчи ёшларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида касаба уюшмалари фаолиятини янгича ёндашув асосида амалга оширмоқда. Касаба уюшмалари Федерацияси ва Ёшлар иттифоқи ўртасида Англашув Меморандуми имзолангани, ёшлар билан ишлаш фаолиятини янада кучайтириш мақсадида касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар бирлашмаси ташкил этилгани бунинг яққол исботидир.
Ёшлар бирлашмаси раисига Федерация раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси мақоми берилиб, у Федерация Кенгаши ва Кенгаш Раёсати аъзолигига киритилди. Тармоқ ҳудудий бирлашмаларида раис маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. ­Бошланғич ташкилотларда Ёшлар билан ишлаш комиссиялари раислари жамоатчилик асосида иш юритмоқда.
Касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбарлари билан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёшлар ўртасида онлайн очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимоя­­га муҳтож, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Касаба уюшмалари стипендияси» жорий этилди. 2018-2019 ўқув йилида Касаба уюшмалари Федерацияси 9 нафар талабанинг шартнома пулини тўлаш учун 121 миллион 491 минг 440 сўм ажратди.
Юртимизда уч йилда 2 минг 668 та ёш оилага уй-жой учун 121 миллиард 244 миллион сўм бошланғич тўлов маблағлари 20 йил давомида фоизсиз қайтариш шарти билан давлат ҳисобидан тўлаб берилгани ҳам ёшларга бўлган эътибор намунасидир. Бундан ташқари, «Ёшлар – келажагимиз» дастури, «Ҳар бир ёшга – бир гектар» каби лойиҳалар доирасида 227 минг нафарга яқин ёш тадбиркор ва фермерлар, моҳир ҳунармандлар иқтисодиётимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратилмоқда.
«Ёшлар – келажагимиз» ­дастури доирасида ёш авлод вакилларининг 7 минг 775 та бизнес лойиҳасига 1 триллион 635 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шу асосда 40 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилгани эътиборга молик.
Ана шундай эътибор ва ғамхўрлик туфайли ҳудудларда 27 та «Ёш тадбиркорлар» коворкинг-марказлари ҳамда 157 та «Ёшлар меҳнат гузари» фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуа­ларда 2 минг 200 нафардан ортиқ ёш ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган.
Шу билан бирга, «Ҳар бир ёшга – бир гектар» лойиҳаси бўйича барча ҳудудларда 65 минг нафарга яқин ёш деҳқонларга 54 минг 232 гектардан зиёд ер ажратилди.
Мухтасар айтганда, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг барчаси инсон ва унинг манфаатларига, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган. Жумладан, биз, ёшларга кўрсатилган навбатдаги эътибор ва ғамхўрликлардан миннатдормиз. Ёшликка хос ғайрат-шижоатимизни шу азиз Ватанимиз равнақи йўлида сафарбар этаверамиз!

Раҳматилла ҚОРАБОЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ёшлар масалалари бўйича
маслаҳатчиси

Бошқа хабарлар