«Ягона буюртмачи хизмати» – ўртада «бегона» йўқ

181

Бир муддат илгари давлат раҳбари қурилиш тизимидаги муаммолар таҳлилига бағишланган йиғинда ҳудудлардаги барча қурилишлар ягона буюртмачи хизмати ташкилотларига топшириб қўйилгани кўрсаткичларга салбий таъсир кўрсатаётганини кескин танқид қилди. Бош прокурор эса шу йил 11 май куни Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида 2019 йилги қурилишларда 75 миллиард сўмлик ўғриликлар аниқлангани хусусида маълумот берди. Айтилмоқдаки, бундай оғриқли жиҳатларнинг асосий омили тизимнинг очиқ ва шаффоф эмаслигида. Мазкур ­сатрлар орқали жамоатчиликка ҳавола этилаётган муаммонинг илдизи ҳам айни шу масалага туташ.
Аввалига Олот ва Қоракўлдаги воқеликлар, кейин эса Сардоба фожиаси сабаб қурилиш тизимидаги муаммолар хусусида гапирмаган одам қолмади ҳисоб. Муҳокамаларда эътирозларнинг энг каттаси соҳадаги коррупция ва сифат масаласига қаратилаётгани сир эмас.


2018 йили Асака туманидаги 42-мактаб биноси «Обод қишлоқ» дастурига тушди. Мукаммал таъмирлаш юмушлари учун маҳаллий бюджетдан оз эмас, нақд 1 миллиард 383 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди. Биласиз, бундай катта лойиҳа пудратчига шунчаки қўшқўллаб тутқазиб қўйилмайди. Бунинг учун «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси эълон қилган тендерда қатнашиб, қатор чиғириқлардан ўтмоқ, бошқа талабгорлардан устун эканингни исботламоқ даркор.
Назарда тутилаётган танловда байроқ андижонлик Муҳаммаджон Неъматов етакчилик қиладиган «Экин-тикинлик қурувчи» ­масъулияти чекланган жамиятида кетди. 2018 йил 25 июнь куни икки ўртада шартнома тузилди, уч кундан сўнг пудратчининг ҳисоб рақамига буюртмачи томонидан 207 миллион 450 минг сўм бўнак пули ўтказиб берилди ва ишлар бош­ланди.


Аммо саратоннинг ўртасида – қурилиш жараёни авжига чиққан кунлари Муҳаммаджон Неъматовга дарҳол объектни бўшатиб чиқиб кетиши ҳамда шартнома бекор қилиниши ҳақида компания раҳбариятидан «дуойи салом» келсами?! «Элчи»нинг айтишича, қурилишни келган жойидан давом эттириш учун бошқа салоҳиятли пудратчига бериш ҳақида қарор қилинибди.
Муҳаммаджон Неъматовнинг биринчи саволи шу бўлди: «Нима учун?»
Сабаби, ишлар жуда секин кетаётган бўлиб, эътирозда билдиришича, бу аҳволда қурилиш 1 сентябргача якунланмас экан! «Июнь ойида 434 миллион сўмлик дастлабки ишлар бажарилиши керак эди. Пуд­ратчи дегани шунақаям сусткаш бўладими? Бу аҳволда мактаб қачон битади?» дея дарғазаб бўлибди буюртмачи.
Хабар оҳанги, табиийки, қурувчига ёқмади: ўзи ҳисобимизга ойнинг охирида пул ўтказилган бўлса… Тўрт кун ичида 434 миллион сўмлик иш бажариб бўлмаслиги нодонгаям аён-ку?! Ижрочидан муддат ва сифат талаб қилишни билган раҳбар аввал шарт-шароит яратиб, мажбуриятларини тўла-тўкис адо этсин, ана ундан кейин гаплашайлик, хўпми?


Буюртмачининг саломига жавобан қурувчининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиши, боз устига, бундай «бетгачопарлиги»дан компания раҳбари Муҳиддин Қодиров «Сеними, шошмай тур! Бир адабингни бермасамми?» деб кўнглига туккан бўлса, ажабмас. Чунки «Ягона буюртмачи хизмати» мутасаддиларининг кейинги барча саъй-ҳаракатлари қурувчига шароит яратилиб, таъмир жараёнини тезлатиш эмас, балки нима қилиб бўлса-да, Муҳаммаджон Неъматовни объектдан четлатишга қаратилди-да!
Аввалига қурувчи судга берилди. Судда «дело»нинг бир уринишдаёқ «синиши» эҳтимоли катта эканини даъвогарнинг ўзи ҳам олдиндан сезиб-билиб турарди. Чунки объект­­да қурилиш-таъмирлаш жараёни тўхтамаганди-да. Шунга қарамай, буюртмачи то даъво иш юритувига қабул қилиниб, дастлабки суд мажлиси тайинлангунга қадар пудратчини «ер тишлатадиган» далиллар йиғишга киришди. Энг асосий «далил»ни эса компания техник назоратчиси Ғулом Шаропов яратиб берди гўё.
Яъниким, Ғулом Шаропов мактабга «ётволиб» қурувчиларнинг ҳар бир ишини пешма-пеш ғалвирдан ўтказаётган кунларнинг бирида унинг ўғли Ойбек Абдусаломов ҳам айни масалада отасига «ёрдамлашиб» юборади. Бир гал ўзи етмагандай, объектга тўрт-беш нафар ҳамтовоқларини ҳам бошлаб келади. Табиийки, ташқаридан бегона одамларнинг қурувчиларнинг ишига аралашиши пудратчи корхона раҳбариятига ҳам, ишчиларига ҳам ёқмайди. Пудратчининг ўғли (айни вақтда «Экин-тикинлик қурувчи» МЧЖ иш юритувчиси) Олимхон Неъматов ҳамда Ойбек Абдусаломовлар ўртасида гап қочади. Можарога О. Абдусаломовнинг оғайниларидан бири аралашиб, О. Неъматовга тан жароҳати етказилади…
Пудратчининг фаолиятига буюртмачи компаниянинг техник назоратчиси қолиб, унинг ўғли ҳам «бурун суқиб» асабларни эговлаб турса, камига МЧЖ иш юритувчисига қўл кўтаришгача боришса, ишлаб бўладими бундай шароитда? Албатта, йўқ. Даҳанаки жанжаллар оқибати каттароқ кўнгилсизларга сабаб бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди ахир. Боз устига, ички ишлар бўлимининг профилактика инспекторлари «Тез ёрдам» ёки ўт ўчириш гуруҳи каби муаммога тезкор нуқта қўя олмайдики, то айбдор ким-у жабрдийда кимлигига аниқлик киритилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилгунча вақт сувдай оқиб кетади. Муҳаммаджон Неъматов техник назоратчи, унинг ўғли ва ҳамтовоқлари иштирокида юзага келган можарога нуқта ­қўйилмагунча ишида на унум, на ҳаловат бўлишини англаб етиб, қўл остидаги усталарга топшириқ қилди: «Йигитлар, икки-уч кун қурилишни тўхтатиб турамиз!»
Ўзи эса уч кун давомида адвокат ёллаб, ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга шикоят битди.


«Экин-тикинлик қурувчи» МЧЖ раҳбарининг бу қарори буюртмачи учун айни муддао бўлди: «ана, объектни ташлаб чиқиб кетди!» Режа хамирдан қил суғургандек осон кечганидан фойдаланиб, қурилиш жараёнини келган жойидан давом эттириш учун мактабга «Монолит строй люкс» МЧЖ қурувчилари киритиб қўйилди.
«Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ҳамда «Экин-тикинлик қурувчи» МЧЖ ўртасида тузилган шартнома судда бекор қилинмай туриб, қиймати 1 миллиард сўмдан зиёд лойиҳанинг ҳеч қандай ҳужжат-битимсиз, яшин тезлигида бошқа фирмага қўш-қўллаб тутқазилганлиги сири ҳадемай аён бўлди. «Салоҳиятли пудратчи» дея эътироф этилган «Монолит строй люкс» МЧЖ буюртмачига бегона эмас – техник назоратчи лавозимида ишловчи Ғулом Шароповнинг ўғли Ойбек Абдусаломовга тегишли экан! Қойилмисиз?
М. Неъматов томонидан олиб борилаётган қурилиш жараёнига техник назоратчи ҳамда унинг ўғли тўхтовсиз халақит бериб, ишнинг белига тепишгани сабабини тушундингиз-а?


Юқорида компания «Экин-тикинлик қурувчи» МЧЖни судга бергани ҳақида сўз очгандик. Якун нима бўлди, деяётгандирсиз?
Андижон туманлараро иқтисодий судида (судья Ҳ. Мамарасулов) компания келтирган даъволарнинг таги пучлиги исботлаб қўйилди. Суд (2018 йил 31 октябрь) ўртада тузилган пуд­рат шартномасини бекор қилиш талабини кўрмай қолдирди. Шу билан бирга, даъвонинг асосий қарз (компания томонидан қурувчига ўтказилган бўнак пули назарда тутиляпти) ҳамда 30 миллион 394 минг сўм пеня ундириш талабини қаноатлантириш рад этилди. Мазкур ҳал қилув қарори кейинчалик апелляция босқичида кучда қолдирилди.
Бу вақтда эса компания раҳбари-ю назоратчиси мурод-мақсадига етишган, қурилиш жараёни ўзларига дахлдор фирма томонидан ноқонуний равишда якунига етказилиб, бюджетдан ажратилган маблағлар аллақачон ўзлаштириб бўлинганди. Бироқ сўз бораётган лойиҳага йўналтирилган пул миллиард сўм устида – эртага «ков-ков» қилинса, оқибати яхшиликка олиб келмаслиги тайин – нима қилиб бўлса ҳам шартнома билан расмийлаштириш зарур. Шартнома эса битта – «Экин-тикинлик қурувчи» билан тузилган.
Шу сабаб буюртмачи мазкур пудрат ташкилоти устидан тағин Андижон туманлараро иқтисодий судига даъво киритди: «… жавобгар билан 2018 йил 25 июнда тузилган пудрат шартномасини муддатидан олдин бекор қилишингизни сўраймиз».
Мазкур даъво 2018 йил 13 декабрь куни судья Ш. Мирзаев раислигида ўтган суд мажлисида қаноатлантирилди. Кейинчалик апелляция ҳайъати аъзолари ҳам (2019 йил 26 февраль) ҳамкасбининг қарорини маъқуллашди. Нега?
Ҳал қилув қарорида қайд этилишича, жавобгар Муҳаммаджон Неъматов мажбуриятларини бажаришдан бир томонлама бош тортиб, 2018 йил 17 июлда қурилиш объектини ташлаб чиқиб кетибди ва қурилиш ишларини давом эттирмабди. Қарор мазмуни шуки, «ўртада шартнома бекор қилинмаганми, демак, техник назоратчи сенга ҳар қанча халақит берса-да, объектдан кетмаслигинг керак эди».
Тўғри, шартнома бугунгача кучида эди. ­­М. Неъматов объектдан чиқиб кетгани (шунга мажбур бўлгани) ҳам рост. Аммо техник назоратчига қўшилиб ўғли ҳам объектга кириб, ғалва чиқариб, ишлагани кун бермагани-чи? Неъматовнинг ўрнига ота-бола қурувчилар объектга кириб олгани-чи? Ахир, компания раҳбарияти «мурувват» кўрсатмаса, бундай хатти-ҳаракатга ким ҳам журъат қила оларди?!
Бу масалалар энди иқтисодий судда кўриладиган мавзу эмас: ички ишлар идоралари ва прокуратура…


Савол туғилиши мумкин: М. Неъматов судда ютқазиб, шартномаси бекор қилинибди, буни билдик, мактаб ҳам аллақачон битиб кетган, ҳадеб ковлайвермасдан, ўтган ишга салавот, деб қўйса бўлмайдими? Югургани билан нимага эришади?
Бир қарашда саволда мантиқ бордай: қурувчи нимани хоҳлаяпти ўзи?
Гап шундаки, Муҳаммаджон Неъматов гарчи 2018 йил 17 июль куни объектни ташлаб чиқиб кетган бўлса-да, айни санага қадар – 20 кундан зиёд қўл остида элликка яқин уста-қурувчиларни ишлатган. Уларнинг иш ҳақи эса, юқоридаги можаролар сабаб, шу кунга қадар «туя гўшти еб» ётибди. Айтишга осон, аммо эллик кишининг салкам бир ойлик ўртача иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиб кўринг…


Дарвоқе, «Экин-тикинлик қурувчи» МЧЖ билан тузилган шартномани бекор қилиш юзасидан кўрилган низо (2018 йил 13 декабрь) судья Шоядбек Мирзаевни ҳам мутаассир қилган чоғи, шу куниёқ Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, танлов комиссияси раиси Иброҳимжон Холматовга «ҳой, сал у ёқ-бу ёққа қаранглар-ей!» деган мазмунда тақдимнома йўллайди.
Жумладан, суд раиси танловга тайёргарлик кўриш, ҳужжатларни расмийлаштириш, техник назоратни таъминлаш борасида жуда кўп хато-камчиликлар кўзга ташланганлиги қайд этилиб, айни масалада ҳокимлик томонидан барча тадбиркорларга тенг имконият яратиб берилмаётганлигини писанда қилади.
Чинданам таажжубли-да: зикр этилаётган лойиҳа компания томонидан гўёки элнинг кўзи олдида «мана, кўриб қўйинглар, биз пудратчиларни шаффофлик асосида аниқлаймиз», дея танловнинг ҳақиқий ғолибига берилган бўлса-да, мутасаддиларда «Экин-тикинлик қурувчи»ни бурчакка қисиб, майдондан сиқиб чиқариш бўйича «сценарий» аввал-бошданоқ тайёрлангани сезилиб турибди.
Такрор айтамиз: буюртмачи қурувчига шартномани пеш қилиб, июнь (!) ойида 434 миллион сўмлик иш бажаришинг керак эди, деб ёқасидан оляпти. Ҳолбуки, шартнома 25 июнда (!) имзоланяпти, бўнак пули эса қурувчининг ҳисоб рақамига 28 июнь (!) куни ўтказиляпти. Қурилишга рухсатнома эса 11 июль (!) куни бериляпти. Сўнгра «бос-ҳа, бос!» дея пудратчининг бошида қамчи ўйнатиб, «эплолмадинг!» деган баҳона билан объект қурилиши ими-жимида ўзларига қарашли корхонага туҳфа қилиняпти. Бу сценарий бўлмай, нима? Таъна-ю маломатларимиз асоссиз бўлса, айтинг!
Аммо прокуратура ва суд органларида айни ҳолатга холис баҳо берадиган қонун пешволари топилса, қани? Муҳаммаджон Неъматов «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ҳамда «Монолит строй люкс» МЧЖ мутасаддиларининг хатти-ҳаракатлари устидан, икки йилдирки, ҳуқуқ идораларига тинимсиз ёзяпти. Жавоблар бир хил: «…жиноят аломатлари топилмади!»
Айни ҳолат, таъбир жоиз бўлса, нўноқ шифокор юрак хасталигига ошқозон оғриғи деб ташхис қўйгандек гап.
Негаки, масала юзасидан асосий эътибор техник назоратчи ҳамда пудратчининг ўғиллари ўртасида юзага келган даҳанаки жангга қаратиляпти-ю, энг муҳим масала – шартнома асосида қурилиш олиб бораётган тадбиркорни кўчага қувишга бош қўшиб, унинг ўрнига «тайёр ошга баковул» бўлганлар, бунга «фатво» берган компания мутасаддиларининг ҳеч йўғи «бурнига чертиб қўйиш» бирор кимнинг хаёлига келмаяпти.
Гап маҳаллий бюджетдан ажратилган миллиардлаб маблағлар устида бораётган экан, уни тасарруф қилаётган хусусий корхона раҳбарини отаси давлат номидан назорат қилиши қайси мантиққа тўғри келади?
«Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясининг давлат манфаатлари билан шахсий манфаатларни аралаштириб юборган мутасаддиларининг жавобгарлик масаласи ҳал этилиши ўрнига нега сувдан қуруқ чиқариляпти?
Бу каби саволларга асосли жавоб топилиб, зикр этилган ҳолатлар қонун қаричи билан ўлчанмагунча мақолага нуқта қўймай турамиз чоғи…

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар