Муаммолар бартараф этилмоқда

95

«Ишонч» газетасининг «Бир манзилда 24 дорихона… аммо излаганни топиш душвор» сарлавҳали мақоласи юзасидан расмий муносабат

Жорий йилнинг 11 июнь куни «Ишонч» газетасида «Бир манзилда 24 дорихона… аммо изланганини топиш душвор» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда Гулистон шаҳрининг Бунёдкор (собиқ Н.Зокиров) кўчасида 24 та дорихона кетма-кет жойлашгани, аммо уларда баъзида оддий дори ҳам топилмаслиги, дорихоналар маҳсулот хилма-хиллигига ҳам эътибор қаратиши лозимлиги ёзилган ва бу масалага масъулларнинг фикри сўралганди.
Жорий йил 18 июнь ҳолатига кўра, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган Бунёдкор кўчасида дори воситалари ва тиббий буюмлар чакана реализация­­си билан шуғулланувчи 26 тадбиркорлик субъектлари тегиш­ли лицензия асосида фаолият юритмоқда.
Мазкур ҳудуд собиқ Марказий деҳқон бозорига туташ кўча бўлганлиги ҳамда фуқаролар гавжумлиги сабабли, ушбу кўчада дори воситалари савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил қилинган дорихоналар Гулистон шаҳрининг бошқа ҳудудларига нисбатан бирмунча зич жойлашган. Бугунги кунда, Марказий деҳқон бозори бошқа ҳудуд­­га кўчирилганлиги, шунингдек Республикамизда коронавирус тарқалишини олдини олиш мақсадида карантин чоралари қўлланилганлиги сабабли Бунёдкор кўчасида вақтинчалик транспорт воситалари ва фуқаролар ҳаракати чекланган.
Карантин даврида 60-70% дорихоналар фаолият юритмаганлиги ва қолганларининг фаолияти вақтинча сусайиши сабабли дори воситалари савдоси ҳаж­мининг пасайиши кузатилган. Дори воситалари ва тиббий буюмлар алоҳида сақлаш шароитларини талаб қиладиган маҳсулотлар сирасига киришини эътиборга олган ҳолда, шунинг­дек савдо ҳажмининг камайиши натижасида дорихоналардаги дори воситалари ассортименти сезиларли даражада камайишига олиб келган.
Бугунги кунда Сирдарё вилояти, хусусан, Гулистон шаҳри «Яшил» ҳудуд деб эътироф этилганлиги сабабли ушбу кўчада фуқаролар ва транспорт қатнови аста-секин тикланмоқда, натижада дорихоналар фаолияти ҳам тикланиб, дори воситалари ва тиббий буюмлар ассортименти кенгаймоқда.
Шунингдек, мақолада келтириб ўтилган ўлчов воситалари бўлган қон босими ўлчаш воситаси – тонометр, тана ҳароратини ўлчовчи – термометр, ҳамда «варикоз» касаллигида фойдаланиш учун мўлжалланган боғламалар, дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати (рўйхат рақами 2846-сон 06.12.2016)да назарда тутилмаган.
Аммо аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳолатини яхшилаш, аҳоли томонидан билдирилаётган ўринли эътирозларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш мақсадида Сирдарё вилояти Фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмаси томонидан Гулистон шаҳар, Бун­ёдкор кўчасида жойлашган ҳамда ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган дорихоналар раҳбарлари билан жойи­­га чиққан ҳолда суҳбатлар ўтказилди ва эътирозларнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилиниб, тегишли тушунтиришлар берилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Матбуот хизмати

Бошқа хабарлар