Бетоб ходим ишга чиқмасликка ҳақли(ми?)

93

Халқимизда «иссиқ жон иситмасиз бўлмас», деган гап бор. Бу ҳаётда ҳеч ким фавқулодда касал бўлишдан, тоби қочиб қолишдан кафолатланган эмас, деган соддагина мазмунни ифодалайди. Албатта, бетоблик жон ғамидан ташқари, ҳар кимнинг ҳаётида, турмушида ҳам ноқулайлик туғдиради. Бундай ҳолатлар ҳар биримизнинг бошимиздан ўтган. Масалан, ишдаги узилишлар булар ичида энг жиддийларидан биридир. Негаки, ишдан қолиш маошга таъсир қилади. Бироқ, қонунчилигимизга кўра, бетоблиги сабаб ишга чиқмаган ходим меҳнат интизомини бузган ҳисобланмайди ва унга иш берувчи томонидан интизомий чора кўрилмайди. Фақат меҳнатга лаёқатсизлигини шифокордан расмийлаштириб, керакли ҳужжатни тақдим этса, бас. Гапнинг ўзани шу томон бурилган экан, келинг, шу ҳақда олий тоифали умумий амалиёт шифокори Дилфуза ОЧИЛОВА билан суҳбатлашамиз.

– Аввало, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳақида гаплашсак…
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган «Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида»ги Йўриқнома Меҳнат Кодекси ҳамда «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган. Унда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси олиш мумкин бўлган бир қатор ҳолатлар санаб ўтилади. Улардан бири ходимнинг касаллиги ва шикастлангани юзасидан маълум вақт ишга чиқолмаслиги сабабидир.

– Бу қандай аниқланади?
– Ишчи ходим соғлиғидаги муаммо юзасидан шифокорга мурожаат қилса ва шифокор беморни кўздан кечириб, бир неча кун ишга бормасликни тавсия этса, шу санадан эътиборан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тузилади. Ташхис клиник ва объектив маълумотлар (шикоятлар, ҳолат) ҳамда лаборатор-инструментал текширувлар натижалари билан тасдиқланади. Текширув учун кетган кун ҳам меҳнатга лаёқатсиз вақт ҳисобланади. Борди-ю, бемор тунги вақтда тиббий пунктдаги фельдшерга мурожаат қилса, унга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилгани тўғрисида маълумотнома берилади.

– Касаллик варақаси қанча вақтгача узайтирилиши мумкин?
– Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик беш календарь кунидан ошганда ҳужжатнинг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири тарафидан ҳар сафар ўн календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.
Ишдан ажралмаган ҳолда ўқиётган ёки ўқишдан бўш вақтда ишлаётган шахсларга бир вақтнинг ўзида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва таълим олаётган шахслар учун меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси берилади.
Ишлайдиган ногиронларга меҳ­натга лаёқатсизлик варақаси касаллик узлуксиз кечганда икки ойгача, танаффус билан кечганда ўн икки ой мобайнида жами уч ойгача бўлган муддатга берилади.

– Дам олаётган ходим ҳам меҳнатга лаёқатсиз ҳисобланиши мумкинми?
– Ходим айни пайтда касал бўлмаса-да, умумий саломатлигини яхшилаш мақсадида санаторий-курортда даволаниши мумкин. Бунда ҳам у вақтинча ишдан озод бўлиш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси олишга ҳақли. Фақат ушбу ҳужжатни пансионат ва санаторий-курортлар (сил касалликлари санаториялари бундан мустасно) тиббий ходимлари эмас, поликлиниканинг оилавий шифокори беради. Агар у даволаш-профилактика муассасаларида даволанган бўлса, ўша ернинг даволовчи шифокорлари беради.

– Ишлайдиган шахс ўзи касал бўлишидан ташқари оиланинг бетоб аъзоси ёки қариндошини парваришлашга тўғри келганида ҳам меҳнатга лаёқатсизлик варақаси олиш ҳуқуқига эгами?
– Агар бемор 14 ёшдан катта бўлса ва амбулатория шароитида даволанса, етти календар кунигача бўлган муддатда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши мумкин. Бола 14 ёшга етмаган бўлса, 14 календар кунигача ишдан озод этилади. Кичик ёшдаги болаларнинг бир нечтаси бир вақтда ёки кетма-кет касал бўлиб қолса, уларнинг онаси (ёки она ўрнини босувчи шахс)га ҳар бири учун алоҳида ишга чиқмаслик имконияти берилади. Уч ёшга тўлмаган болани стационар даволашга тўғри келса, унга қаровчига даволашнинг барча даври учун меҳнатга лаёқатсизлик белгиланади.

– Меҳнатга лаёқатсизликнинг расман тугатилиши қандай амалга оширилади?
– Ушбу варақа паспорт ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида расмийлаштирилиб, тузатиш ва қисқартириш­лардан ҳоли бўлиши талаб этилади. Керакли бандлар тўлдирилгач, даволаш-профилактика муассасасининг икки марта босилган муҳри билан тасдиқланади.
Беморнинг аҳволи яхшиланиб, меҳнат қобилиятини тикласа, шифокор қайта кўрикдан ўтказ­ади. Шифокор ҳам беморнинг соғайганига ишонч ҳосил қилса, меҳнатга лаёқатсизлик тугаган санани ёзиб, ҳужжатни иш жойига топшириш учун беради. Стационар даволанган беморларга бундай ҳужжат шифохонадан чиқиш пайти берилади.
– Меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олиш бепулми?
– Ҳа, бепул. Бланкаларни тайёрлашга сарфланадиган харажатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

– Нафақа тўланадими?
– Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси серия ва рақамга эга бўлиб, унга варақанинг нечанчи марта берилаётгани ва берилган сана, беморнинг исм-шарифи, туғилган йили, иш жойи, дастлабки ва якуний ташхислар, шифокорнинг исм-шарифи ёзилади. Шундан сўнг ишдан озод этилган кунлар ва ишга тушадиган сана қайд этилади. Варақанинг орқа бети ходимнинг иш жойида кадрлар бўлими ва бухгалтерия, зарур бўлганида ижтимоий суғурта вакили тарафидан тўлдирилади. Унда узлуксиз иш стажи ва иш ҳақи тўғрисида маълумотлар ўрин олган бўлиб, ходимга меҳнатга лаёқатсизлик кунлари учун иш ҳақининг маълум фоизи миқдорида нафақа тўланади.
Баъзилар касал бўлишига қарамай ишга қатнашни қўймайди. Ишхонадаги вазифалар ҳақида қайғуради-ю, саломатлиги ҳақида ўйлашни унутиб қўяди. Аслида, бу фидойилик эмас. Касбини севувчи инсон фақат соғлом вужуд билангина ақлий ва жисмоний меҳнат унумдорлигига эришиш мумкинлигини англайди. Агар ходим турли юқумли касаллик­лардан бирига чалинган бўлса, ўз вақтида даволанмай ишга чиққани сабаб бошқа ходимларга ҳам дахл кўрсатади. Ушбу омилларни тушунган раҳбар соғлиғи ёмонлашган ходим учун керакли шароитни яратиб беради, меҳнатга лаёқатсизликни баҳона, деб қабул қилмайди.

Суҳбатдош:
Дурдона АЛИМОВА

Бошқа хабарлар