«Газетада мақола чиқармоқчиман»

116

Ҳар куни эрталаб ишга отланганимда катта йўл бўйида уймалашиб турган одамларга кўзим тушади. Бирорта машина тўхтаса, «отдан қолма байталим» қабилида унга югуришади.
– Ғишт теришми? Қалпоқ қилиб ташлайман!
– Девор оқлаш, дедингизми? Муаммо йўқ.
– Қовун чопиғими? Деҳқонмиз, дала бошида туғилганмиз!
Мардикорлар ана шу тариқа қўлларидан келган ишларни айтиб, мақтанишади. Уларни эрталаб норасмий мардикор бозоридан истаганча топишингиз мумкин.
Ишхонага келсам ҳамкасбларим ғалати гап айтиб қолишди. Туманлардан таҳририятга мардикор излаб келган эмиш.
– Бэ, ёлғон ҳам эви билан-да! Таҳририятда мардикор нима қилсин? – дея ҳамкасбларимнинг оғзига уриб тургандим, эшигим қаттиқ тақиллаб қолди.
– Киринг! – дейишим билан узун-қисқа бўлиб, аёл-у эркак кириб келди. Ҳамкасбларим сирли жилмайганларича хонани тарк этишди.
– Хизмат! – дея меҳмонларга юзландим.
– Сиз таълим бўлимини бошқараркансиз. Аёлимиз мактабда чет тилидан дарс беради. Болаларнинг барини инглиз тилига ўргатиб ётибди. Барака топгурлар, ажнабий тилда бирам чулдирашади, бирам чулдирашади. Ҳавасинг келади. Ёшим ўтиб қолди-да, бўлмаса ўзим ҳам чет тилини ўрганиб олардим. Шу денг, газетага мақоласи чиқса, аёлимнинг тоифаси ошишига ёрдам берармиш. Атайлаб Боёвутдай жойдан йўл босиб келдик, – узоқ чайналди суҳбатдошимиз.
– Яхши. Аёлингизнинг мақоласи билан танишиб чиқайлик. Газета талабига жавоб берса, албатта, босамиз.
– Жавоб беради. Сиздай ўткир қалам соҳиби ёзади-ю, жавоб бермайдими?!
Унинг гапларини эшитиб анграйиб қолдим.
– Аёлингиз ҳақида мақола ёздирмоқчимисиз?
– Тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди. Бироқ масалага сал бошқачароқ ёндашамиз. Сиз аёлимнинг номидан газетага мақола ёзасиз. Биз эса сизга дўржигина «гонарар», яъни «қалам ҳақи» тўлаймиз.
– Камина аёлингизнинг калласида нима борлигини билмайман-ку. Қолаверса, мен инглиз тили ўқитувчиси бўлмасам, – арқонни узун ташлаб суҳбатдошимнинг ичидаги бор гапни суғуриб олишга ҳаракат қилдим.
– Э, қизиқ экансиз. Қаламингизни у ёқ, бу ёққа икки марта юргазсангиз бас. Кафтдеккина материал тайёр-да. Бизга газетада чиқди, деган маълумот бўлса, кифоя. Тоифани белгилайдиган комиссия мақолани ўқиб ўтирармиди? Тагидаги исм фамилияга бир қур кўз ташлайди, холос.
– Балки аёлингиз мақола ёзишга уриниб кўрар?..
– У кишим журнал тўлдиришни аранг уддалайди-ю, мақола ёзишга йўл бўлсин! Ҳатто дафтарларни текширганда аълочи ўқувчиларни ҳашарга чақиради…
– Жа, унчалик беҳафсала эмасдир!
– Қишлоқ мактабларини биласиз. Кўпида чет тили ўқитувчиси етишмайди. Олийгоҳни амал-тақал қилиб битирган кишига ҳам дарс соати етарли. Ҳарқалай, дип­ломнинг ҳурмати бор-да!
– Наҳот, аёлингиз ўз тажрибалари ҳақида бир бет қоғоз қоралаб беролмаса…
– Қоралашга қоралайди. Бироқ тушунармикансиз? Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, деган гап бор. Ўтган йили ўғлимизга ёздириб келгандик, ўтмади. Аёлимизнинг кўнгли чўкди.
– Аслида, аёлингиз ҳақида памфлет ёзиш керак экан.
– Бу ёғи ҳимматингизга боғлиқ. Памплет ёзасизми, мақола ёзасизми? Устаси сиз. Бу гапларга тишимиз ўтмайди. Газетада қачон чиқади? Гонарари билан қачон келайлик?
– Келишингиз шарт эмас. Манзилингизни қолдиринг. Почта орқали жўнатиб юбораман.
– Ана, кўрдингми, хотин! Яхши одам экан. Қалам ҳақи ҳам сўрамади. Пул ёнга қолди.
«Дилбар» суҳбатдан кейин бошимга оғриқ кириб ўтиргандим, эшигим яна тақиллаб қолди. Ижозатим билан икки аёл узун-қисқа бўлиб кириб келди.
– Таълим бўлимининг мудири сизми?
– Ҳа, нимайди?
– Сизга мақола ёзиш учун буюртма бергани келувдик.
– Янги газета очдиларингми?
– Йўқ, атайлаб Сирдарёдан йўл босиб келдик. Газетада мақола чиқаришимиз керак экан.
– Ёзиб келинг, ёрдам берамиз.
– Бирга ёзсак-чи?
Тепа сочим тикка бўлиб кетди. Хонамдан қувиб чиқармоқчи бўлдим-у, шайтонга ҳай бердим. Ҳарқалай меҳмон-да!

Муҳаммадали АҲМАД

Бошқа хабарлар