БОЙ БЕРИЛГАН ИМКОНИЯТЛАР

200

ёхуд тиббиётдаги айрим муаммолар ҳақида мулоҳазалар

Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Албатта, ютуқлар ўзимизники. Аммо соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар етарли. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, умумий амалиёт шифокорининг оилавий шифокор даражасига етмагани долзарблигича қолмоқда.

Хўш, нима учун умумий амалиёт шифокорлари билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини топмади? Нега ҳеч қайси умумий амалиёт шифокори давлат стандартлари талаби даражасида ишлай олмайди? Умуман, соғлиқни сақлаш соҳасидаги жиддий камчиликлар, илдиз отган коррупция ва қариндош-уруғчилик нималарга олиб келди?
1995 йилда тиббиётимизнинг бирламчи бўғини бўлган болалар, ўсмирлар ва катталар поликлиникаларининг барчасини, диспансерларнинг эса кўпчилигини тугатиш, уларнинг ўрнига 2 йил ичида умумий оилавий поликлиникалар ташкил этиш бошланди. Аммо бу жараёнда жамоатчилик ва мутахассислар фикри ҳамда мавжуд муаммолар ҳисобга олинмади, зарур моддий база яратилмади, босқичма-босқич ўтиш учун илмий-амалий режа ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмади. Мазкур йўл билан соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган харажатларни қисқа вақт ичида камайтириш кўзда тутилган бўлса-да, бўшаб қолган тиббиёт бинолари ва уларнинг ерларини ўзлаштириш, сотиш ишлари авж олди.
Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 100дан ортиқ тиббиёт масканлари тугатилди. Катталар, болалар (терапевт-педиатр) ва бошқа кўпчилик тор мутахассис шифокорларни қайта-қайта, бошида 3 ой, кейин 6 ой етарли эмас деб топилиб, 9 ой ва ниҳоят, 11 ой давомида ишидан ажралмаган ҳолда (албатта, давлат ҳисобидан) умумий амалиёт шифокори бўлиб ишлаши учун ўқитилди. Уларга поликлиникаларда умумий амалиёт шифокори сифатида бир вақтнинг ўзида чақалоқлар, болалар, ўсмирлар, катталар, аёллар ва ҳомиладорларни барча тор мутахассислар ўрнига кўрикдан ўтказиб, барча зарур муолажаларни амалга ошириш вазифаси юклатилди. Аслида, бу вазифани ҳеч қайси умумий амалиёт шифокори нафақат назарий-амалий, балки жисмонан бажаролмаслиги олдиндан маълум эди.
Ушбу қийинчиликларни янада мураккаблаштирган яна бир омил тиббиёт олийгоҳларини тугатаётган ёш шифокорларнинг дипломига тўғридан-тўғри умумий амалиёт шифокори мутахассислиги тамғасини босиб (аслида, жаҳон амалиётида бу мутахассислик 2-3 йилдан кейин берилади), соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини – поликлиникаларга ишга жалб қилиниши билан биргаликда, ўз касбини умумий амалиёт шифокорига алмаштиришни истамаган барча тор мутахассисларни туман марказий поликлиникаларига ўтказиб юборилиши бўлди. Бу эса аҳолида норозилик уйғотди.
2016 йилдан бери Президентимиз юқори даражали мутахассисларни, профессор-доцентларни амалий тиббиётимизга кўпроқ жалб қилишни, уларга етарли шароитлар, маошлар берилишини талаб қилиб келмоқда. Аммо шу кунгача деярли ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Буни исботлаш учун узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Мен 16 йилдан буён пойтахтимиздаги 43-поликлиникада (ҳозирги №29) ишлаб келяпман. Аммо шу кунгача беморларни қабул қилиш учун минимал шароити бўлган хонага ҳам, тиббий ҳамширага ҳам эга эмасман. Ўриндош бўлганим учун тиббий даража унвоним, 36 йиллик иш стажим ҳисобга олинмайди. Шу кунгача поликлиникада энг кам ойлик маошни мен оламан (670 минг сўм).
Аксарият поликлиникаларнинг асбоб-ускуналари, лаборатория таъминоти қониқарли даражада эмас. Бунинг натижасида оилавий поликлиникаларда давлат белгилаган стандарт талаблари бўйича бирон-бир касалликка ташхис қўйиш учун етарли даражадаги шарт-шароит яратилмаган. Ҳаммага маълумки, поликлиникага мурожаат қилган беморга умумий амалиёт шифокори камида 2 та жойга бориб, текширишлардан ўтиб келишга йўлланма беришга мажбур. Бу эса маҳаллий аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муаммоли тизим давлат поликлиникаларидаги стоматолог хизматларидир. Шу кунга қадар ҳеч қандай сертификат-лицензияга эга бўлмасдан, қўлбола, паст сифатли материаллардан фойдаланган ҳолда уй шароитида ясалаётган ҳар хил тиш қолипларининг беморларга қўйилиши қанчалик аҳолимиз соғлиғига зарар етказаётгани маълум бўлса-да, бу ноқонуний фаолиятга чек қўйилмаяпти. Соғлиқни сақлаш тизими ва поликлиникалар раҳбарлари ўз манфаатларидан кўра аҳоли саломатлигини устун қўя олганларида, поликлиникалардаги стоматологик хизматларни тартибга солиш, қонунлаштириш умуман қийин иш эмас эди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция шу даражага етганки, айримлар ўз касбдошларини ҳам аяб ўтирмайди. Бунга бир мисол. Шу кунларда бир шифокоримиз ўт-тош касаллиги хуружи билан 1-Республика клиник шифохонасига мурожаат қилганида, у ердаги ҳамкасби УЗД текшириши учун 100 минг сўм, операция учун эса 4 миллион сўм талаб қилган. Бу шифохонада бир кунда 100 дан зиёд УЗД текшириш­лари ҳамда ўнлаб операция амалиётлари амалга оширилишини ҳисобга олсак, қанча маблағнинг кимларга тақсимланаётганини аниқлаш қийин эмас. Ҳеч кимга сир эмаски, поликлиникаларимизга илк бор мурожаатингизнинг ўзида ҳамширалар ёрдамида исталган тиббий маълумотни ўртача 50-100 минг сўм атрофида сотиб олишингиз мумкин. Касаллик варақаларини очиш ва уларни чўзиш борасида назорат йўқлиги оқибатида аксарият ишхона ходимларининг касаллик варақаларининг асослантирилганини текшириш учун оилавий поликлиникаларга ўз вакилларини юборишга мажбур бўлишмоқда.
Бундан ташқари, давлат поликлиника ва шифохоналаримизда бош шифокорларнинг шахсий ташаббуси билан «Умумий шифохона фондлари» ташкиллаштирилиб, ойма-ой ходимлар маошидан (50-100 минг сўмдан) пул йиғилиши коррупциянинг очиқ кўринишларидан биридир.
Ислоҳотларга салбий таъсир этиб келган яна бир омил раҳбарларни танлаш ва тайинлаш тизимидир. Мен 1996 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтказиб келган кўплаб суҳбат ва танлов аттестацияларини кузатиб, умуман раҳбарларни ­тайинлашда 3 та коррупцион тамойил анъана бўлиб қолганига амин бўлдим:
– ротация – шароитдан келиб чиққан ҳолда муайян вақт ўтгач, раҳбарларнинг жойларини алмаштириб туриш;
– қайта тайинлаш – ишдан бўшатилгач, 1-2 йил ўтиб, «шов-шув» босди-босди бўлгач, бошқа жойга раҳбарликка тайинлаш;
– ишончли захира – юқоридаги иккала тамойилни ҳам қўллаб бўлмайдиган ҳолатларда ишлатиладиган йўриқнома ҳисобланади. Бунга номзодлар, бошқармаларда тажриба орттириб юрган, раҳбарларнинг қариндошларидан бўлган, «муомала санъати»ни яхши ўзлаштирган ходимлар орасидан раҳбар лавозимларига тайинлаш.
Хўш, тиббиёт соҳасида қандай чора-тадбирлар натижасида халқимиз учун фойдали бўлган ўзгаришларга эришиш мумкин?
Аввало, поликлиникаларда болалар ва катталар қабулларини алоҳида ўтказиш (педиатр, терапевт) таъминланса, тиббий кўриклар сифати ошади. Қолаверса, касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг фақат давлат стандартлари талаби асосида йўлга қўйилиши барча касалликларга эрта, тўғри ташхис қўйиш имконини бериши мумкин. Стандартлар назорати учун эса кураторлар тайинланиши керак.
Интернет воситаларининг ривож­ланганини ҳамда тиббий муассасаларнинг яқин жойлашганини ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлаш бошқармаси ўрнига соғлиқни сақлаш департаменти ташкил этиш вақти келди.
Поликлиникаларда берилаётган касаллик варақалари, талабалар ва ўқувчилар маълумотномалари, имтиёзли, бепул шифохона йўлланмалари (ордерларга рўйхатлар) онлайн режимига ўтказилиши ҳамда аҳолининг ўзига қулай оилавий поликлиникага (яшаш жойи бўйича эмас) мурожаат қилиб, касаллик варақасини очиши, уни онлайн тарзда давом эттиришига рухсат берилиши коррупцияга бериладиган зарбалардан бири бўлар эди.
Оғир ва ўрта оғир беморларни уй шароитида даволашни тўғри ташкил этиш учун паллиатив тиббиёт тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилиши, шунга қараб, беморларнинг махсус дорилар билан таъминланишини осонлаштириш ҳамда патронаж хизматини янгича ташкиллаштириш лозим.
Барча тиббий статистик ҳисоботлар қанчалик тез онлайн кўринишга келтирилса, поликлиника ва шифохоналардаги 3, 6, 12 ойлик чигал ҳисоботларни узатиш билан боғлиқ коррупцион йўналиш тўхтайди. Буни ташкиллаштириш қийин эмас. Чунки барча оилавий поликлиникалар, туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаларида статист штати мавжуд.
Поликлиникаларда энг кўп тарқалган касалликларга ташхис қўйиш ва даволаш даражаларини категорияларга ажратиб (намунали, қониқарсиз, умуман талабга жавоб бермайдиган), таъсирчан чоралар кўриш зарур.
Йил давомида ҳар бир ойни маълум касалликларни профилактика қилиш ва даволашга йўналтирилса, бу тадбирларда масъул марказлар ва диспансерлар фаол иштирок этса, амалий тиббиёт сифати янада ошади.
Поликлиникалардаги барча шифокорлар штатлар жадвали мавжуд воқеликдан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилиб, янгича белгиланиши зарур. Чунки умумий амалиёт шифокорлари билан бир вақтда терапевтлар, педиатрлар ва бошқа тор мутахассисларнинг поликлиникаларда ишлаши касбий тушунмовчиликларга ва тиббий унумдорликнинг пасайишига олиб келади. Қайд этилган муаммолар ва уларнинг ечими халқимиз манфаатларига хизмат қилади.

Яшар РАСУЛИЙ

Бошқа хабарлар