“Ур-ҳо ур”дан муддао не?

123

Оқсоқолнинг “ҳақиқат”ини эса… энди биров эшитмаса керак

Сурхондарёнинг бир туманидаги маҳалла раисини ушлашибди. Барака топкурлар, жуда “ажойиб” топилма, ҳаммани лол қолдирган “янгилик” бўлди-да ўзиям.

Бу ёқда ижтимоий тармоқлар “портлаб ётибди”. Видео “қаҳрамони”га айланган маҳалла раисининг етти авлодига баҳо берилиб, “очиқ суд” кетяпти. Бир қатор билармонлар энди бу билан бутун маҳалла раисларининг барчасини зинокорликда айбловни бошлашибди. Не замонлар бўляпти-а?

Аввало, ҳар кимнинг айби, гуноҳи ўзи билан! Ҳар ким ўз ҳаётига ўзи жавоб беради! Сурхондарёнинг бир маҳалласини неча йиллардан бери бошқариб келган бир одамнинг инсоний ожизлиги, нафсига эгалик қила олмагани, уятсиз ишлардан ўзини тия олмагани учун бирваракайига маҳалла раиси деган вазифада озми-кўпми фаолият кўрсатиб, элнинг тинчлиги, адолати, хавфсизлиги учун тер тўкиб келаётган ўн мингдан ортиқ раис нимага жавобгар бўлиши керак?

Ҳозир коррупцияга қарши кураш асносида кунда-кунора у ёки бу соҳа мутасаддиларининг пора олиб қўлга тушаётгани ҳақида хабарлар бериляпти. Демак, бу соҳалардаги яна минглаб мутасаддиларнинг бари порахўрми унда?

Аввало, бу жиноятни “фош этганлар”га ҳам, воқеани тасвирга олиб, энг ёмони тарқатишга куч топганларга ҳам раҳмат айтолмайман. “Оқсоқол”нинг қилмишини оқлаш мумкин эмас, шу билан бирга, бу воқеанинг ортида аниқ мақсадли режа борлиги ҳам бўй кўрсатиб турганини англаш қийин эмас. Чунки “ташкилий ишлар”нинг жой-жойига қўйилгани бу ишнинг бўлишидан хабардорлик мавжудлигига ишора бўлмоқда.

Иккинчидан, бу воқеликнинг ортидаги рост ҳақиқатни яқин орада билиб бўлмаслиги ҳам ҳақиқатга яқинроқ гап. Негаки, аёл энди минг уринмайлик, ўлса ҳам агар айбдор бўлса, айбини зиммасига олиши мумкин эмас.

Мабодоки, бу икки томоннинг тенг розилиги билан рўй берган бўлса, бу аёлнинг эртанги куни нима бўлишини ўйлаб ҳам ўтирмайлик, аён. Демак, агар келажагидан умиди бўлса, иккинчи “қаҳрамон” гувоҳлиги бир ёқлама бўлиши эҳтимолдан Холи эмас. Оқсоқолнинг “ҳақиқат”ини эса… энди биров эшитмаса керак.

Учинчидан, ижтимоий тармоқларда қозилик қилиб фол очаётган, куракда турмайдиган атамаларни баралла ёзиб роҳатланаётган бу раис тенгиларнинг боласи ё набираси қуроплилар афтидан, “маҳалла раиси” деганда фақат “пособия” ёзадиган, маблағ тақсимлаш билан шуғулланадиган одамларни тушунишади.

Ҳозирги маҳалла раислари қўли нарвонсиз ойни ушлайдиган қуввати чегара билмас раҳбар эмас

Афсуски, бугун ростан ҳам кўпчилик маҳалла раиси зиммасидаги юкни тасаввур ҳам қила олмайдиган кўринади. Ҳозирги маҳалла оқсоқоллари илгаригидек раис нима деса, шуни бажарадиган оми одамларга подачи каби айтганини қилдирадиган, пичоғи мой кесадиган, қўли нарвонсиз ойни ушлайдиган қуввати чегара билмас раҳбар эмас.

Ҳозир у кунига ҳокимнинг ўнлаб топшириғини бажариши шарт бўлган, маҳаллада тинчликка, жиноятчиликка, ҳатто ўғри-каззобларнинг юриш-туришига кўз-қулоқ бўлишга мажбур бўлган, яна, бунинг устига, келадиган илгаригига қараганда бир неча баробар кам пулни аслида кундан-кун кўпайиб бораётган талабгорлар орасида расамадисини жойига қўйиб тақсимлашга жавобгар шахс.

Бу ишларни яхши одам яхши бажара олмайди! Мен билан тортишманг! Яхши одам жуда андишали бўлади, у бировга ёмон кўринишдан истиҳола қилади, ўзидан ёши каттанинг иззатини қилгиси келади, шу боис ҳам маҳалла раиси дегани бироз сўзи кескирроқ, кези келганда омманинг ичида сўзини ўтказа оладиган одамлардан танланади, бунинг оддий сабаби эса, раҳбарлик ҳаммага ҳам эмас.

Раҳбар иш ташкил қилиши лозим. Ҳокимиятга ҳам маҳалланинг тинчлиги ва айтилган топшириқнинг бажарилиши муҳим кўрсаткичлиги тушунарли. Кейин, ижтимоий тармоқда адолат сўраб даво қилаётганларнинг ҳаммаси ҳам аслида “қўй оғзидан чўп олмайдиганлар эмас!” Буни ҳам тушуниш керак.

Агар маҳалла раиси бироз жасоратлироқ, маҳалладаги зўравон гуруҳдан қўрқмай қарор қабул қиладиганроқ бўлмаса, келадиган ижтимоий ёрдам пуллари фақатгина ҳудуддаги ёзармону зўравонлардан ортмай қолади.

Шу боис ҳам раисга бутун дунёнинг қорасини чаплашдан тап тортмайдиганлар ҳамиша ҳам ҳақиқатни айтаётган бўлавермайдилар.

Умуман олиб қараганда, ижтимоий тармоқлардаги оломоний кайфият ва ур-ҳо урдан тийилиб, ҳар бир нарсага асосли баҳо беришга ўрганайлик демоқчи эдим…

Ҳусан Эрматов

Бошқа хабарлар