«Ниҳол»да янграйди шодон кулгилар

79

Қувасой шаҳрининг хушманзара гўшасида жойлашган «Ниҳол» болалар соғломлаштириш оромгоҳида айни пайтда иккинчи мавсумда 205 нафар ўғил-қиз болалик гаштини сурмоқда. Бу ерда улар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Шинам ётоқхоналар, ёзги айвончалар, мазали таомлар тайёрланадиган кўркам ошхона, қизиқарли адабиётларга бой кутубхона, спорт майдончалари болажонлар ихтиёрида.

– Биринчи мавсумда 111 нафар, иккинчи мавсумда 205 нафар ўғил-қизни қабул қилдик, – дейди оромгоҳ раҳбари Куртзаде Умерова. – Бу ерда болажонлар футбол, стол тенниси, шахмат, шашка ўйнаб, кунларини мароқли ўтказиш билан бирга, инглиз тили ва компьютер бўйича билимларини ҳам оширмоқдалар. Қолаверса, болажонлар истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиш­лари учун бир-биридан қизиқ кўрик-танловлар ўтказамиз.
Оромгоҳ майдони 6 гектардан иборат. Унинг асосий қисмида мевали боғ барпо қилинган. Айниқса, ҳозир бу ерда ўрик, олча, олма каби мевалар ғарқ пишган.
– Шахмат ўйнаш севимли машғулотимга айланди, – дейди Фирдавс Мадаминов. – Дўстларим билан кунимизни мароқли ўтказяп­миз. Тунов куни шахмат бўйича ўтказилган мусобақада биринчи ўринни қўлга киритдим.
– Ҳар бир кунимиз таассуротларга бой ўтмоқда, – дейди Шодиёна Йўлчиева. – Мен қизлар ўртасида ўтказилган шашка мусобақасида ғолиб бўлдим. Дугонам Рухшона Раҳматжонова эса стол теннисида ғолиб бўлди. Иккиламиз ҳам уйга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаси билан қайтадиган бўлдик.
– Бу ерга учинчи марта келишим, – дейди Бахтиёр Мадалиев. – Ҳозир компьютер тўгарагига қатнашиб, устозимдан сабоқ оляпман. Яна ­инглиз тилини ҳам қунт билан ўрганяпман.
Мухтасар айтганда, сўлим ва файз­­ли масканда ўғил-қизларнинг мароқли дам олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, спорт билан шуғулланиши, тозалик, орасталик ва овқатланиш тартиби шифокорларнинг доимий назоратида.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар