Марҳаматда янги корхона: 300 НАФАР аёл ишли бўлди

103

Марҳамат туманининг Миришкор маҳалласида «Касаба текстил ҳамкор» масъулияти чекланган жамиятига қарашли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси очилди. Яратилган 300 иш ўрнига ижтимоий шароити оғир ҳамда ишсиз хотин-қизлар жалб этилди.

Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳи йил бошидан буён ҳудудларда уйма-уй юриб, эҳтиёжманд оилалар ҳамда аёлларнинг муаммолари билан яқиндан танишганидан жамоатчилик хабардор, албатта. Марҳамат туманида ҳам айни ўрганишлар якунидан сўнг бир қатор оилаларга манзилли ёрдам кўрсатилиб, ҳудудда хотин-қизларни доимий банд этувчи корхоналарга катта эҳтиёж бор, деган тўхтамга келинган эди.
Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ хусусий тадбиркор Қувончбек Ҳайдаров билан касаба уюшмалари тенг шерикчилигида «Касаба текстил ҳамкор» масъулияти чекланган жамия­­ти ташкил этилди. Корхона учун замонавий бино қуриб битказилди. Хориждан компьютерлаштирилган тикув машиналари олиб келинди.
– Кўп синовли кунларни бошдан ўтказдим, – дейди тикувчиликка қабул қилинган Нафиса Эргашева. – Гарчи чеварликдан хабарим бўлса-да, туманимизда трикотаж корхоналари деярли йўқлиги учун анча йиллар далага чиқиб, ғўза парвариши билан шуғулландим. Нолимайман-ку, лекин эрта баҳордан то кеч кузгача даладан бери келмай ишлаганимиз эвазига пахта теримидан сўнг ғўзапоя олардик. Тирикчиликнинг асосий манбаи ғўзапоя сотиб топилган даромад эди, холос. Шу сабаб бир муддат болаларни қариндошларга ташлаб, турмуш ўртоғим билан Россияда ишлаб ҳам келдик. Аммо фарзандларингдан узоқ кетгач, ҳаловат бўладими кишида? Маҳалламизда ташкил этилган трикотаж корхонасига ишлаш учун таклиф тушганида, ана шулар хаёлимдан ўтди – беҳад қувондим. Янги иш жойи турмушимизга файз, даромадимизга барака киритишига ишонаман.
– Трикотаж-тикувчилик соҳасида беш йиллик тажрибам бор, – дейди «Бешкал» маҳалласида яшовчи Жумагул Шерматова. – Аввалги иш жойим ҳудудимиздан қарийб 20-25 километр олисда – Хўжаобод туманида жойлашган эди. Қиш-қировли, ёғин-сочин кунларда узоқ масофага қатнаб ишлаш анчагина қийинчилик туғдираётган эди. Орзуимиздаги иш жойи ўзимизнинг туманда яратилганидан хурсанд бўлиб, иш бошладим.
Корхона яқин кунларда икки ­навбатли иш тартибига ўтади ҳамда ишчилар сони 600 нафарга етади.
Корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирок этди.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch»

Рустамжон Эшонов олган сурат

Бошқа хабарлар