Қоидаларга риоя қилиш қийинми?

131

Иқтисодий фаолияти тикланган корхоналарда карантин қоидаларига риоя этиш аҳволи қандай? Касаба уюшмалари ва ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат жамоатчилик назорати гуруҳи вазиятга холисона баҳо беришга интилиб келмоқда.

ўтган ҳафтада 17594 нафар ходим меҳнат қилаётган 476 та корхона ва ташкилотларда карантин қоидаларининг бажарилиши ўрганилди. Таассуфланарлиси, ҳали ҳам айрим мутасаддилар фаолиятида ходимлар ва жамоатчилик тақдирига бефарқлик бор. Шароит тақозосига кўра, хавфсизлик туннеллари ўрнатилиши шарт бўлган 332 та меҳнат жамоасида бу масалага панжа орасидан қараб келинмоқда. Айниқса, фаолиятини вахта ва вахтасиз усулда ташкил этган ташкилотлар ходимлари саломатлиги юзасидан хавотирга тушмасдан илож йўқ. Бугунги кунда ётоқ услубида одамларни ишлатаётган 14 та ташкилот вақтинчалик яшаш жойларида шарт-шароит яратмаган. Бу ерларда шахсий гигиена талаблари у ёқда турсин, оддийгина ювинишга ҳам имкон йўқ. Шу чоққача ишчи гуруҳининг аралашуви билан 52 та ташкилотда ташкил этилган ётоқхона шароитлари яхшиланди. Ходимларга рисоладагидек яшаш тарзи барпо қилмаганлар қатъий равишда огоҳлантирилди.
Карантин талабини бажаришда ҳар бир киши ўз шахсий масъулиятини намоён этиши лозим. Ўрганиш­лар жараёнида бугунги ҳолатдан хулоса чиқармаётганларга кўплаб дуч келинмоқда. Хусусан, вилоят тез тиббий ёрдам бўлимининг Тойлоқ тумани филиалида ана шундай ҳолатга дуч келдик. «Тез тиббий ёрдам» автомашинаси ҳайдовчиси тиббий ниқобдан фойдаланмасдан, махсус кийимсиз хизмат вазифасини бажараётгани аниқланди. Ҳайдовчига, атрофдагиларга катта хавф туғдираётганини тушунтиришга бўлган уриниш­лар ҳам «ҳайф» кетди. Тойлоқ туман ИИБнинг 420 сонли таянч пункти эшиги олдига хавфсизлик туннели ўрнатилмаган. Ҳаттоки, бирор турдаги дезинфекция воситалари ҳам мавжуд эмас. Ички ишлар идораси раҳбарларининг жамоатчилик назорати гуруҳининг бу талабини эшитишни ҳам истамаганини қандай баҳолаш мумкин? Ваҳоланки, бу ерга кунига кўплаб одамлар кириб чиқишмайдими? Вазиятдан келиб чиқиб, ўрнатилган санитар талабларига риоя қилиш шунчалик қийинми? Наҳотки ўзимиз ва атрофдагиларни асраб-­авайлашга ўрганишимиз мушкул бўлса?

Улуғбек ҒАНИЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Меҳнат инспекциясининг Самарқанд вилояти бўйича
меҳнат ҳуқуқ инспектори

Бошқа хабарлар