ИЛМ УЧУН ЖАҲД-У ЖАДАЛ

422

ёхуд халқчил сиёсатнинг устувор йўналишлари

Дунё одамзот учун яратилган. Бинобарин уни асраб-авайлаш, жиҳозлаш, зарур бўлганда қутқариш ҳам одамзот ва унинг эзгу амалларига боғлиқ. Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбарида туриб, «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги таклифи, 2020 йилнинг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб номланиши шундай амаллардан бўлди, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаёти янги юксалиш босқичига йўналтирилди, десак муболаға бўлмайди.

Инсоният бу ёруғ оламда тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаши учун, энг аввало, бир-бирини тўғри тушуниши, ҳурмат қилиши, илмий ихтиролари самараларини ўзаро баҳам кўриши, ер, сув ва ҳавони тоза сақлаши, юзага келадиган муаммоларни ақл-идрок, фаҳм-фаросат билан ҳал этиши зарур. Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти олдидаги ижтимоий ва маънавий нуфузи кейинги йилларда муттасил ошиб бораётганининг боиси ҳам шунда: биз илм, фан тараққиётига, янги замонавий технологиялардан унумли фойдаланишга, рақамли иқтисодиётни йўлга ­қўйишга, янгича дунёқарашга эга бўлган кадрларни тайёрлашга, мухтасар айтганда, илм-маърифат йўлини тутиб, одамларнинг турфа хил талаб ва эҳтиёжларини тўла қондириш, жамиятнинг барча аъзолари учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига эришишни ўзимиз учун бош мақсад қилиб белгиладик. Бундан тўрт йил аввал бошланган бу йўл давлатимиз раҳбари олиб бораётган янги халқчил сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Тўрт йил тарихан қисқа муддат. Аммо унинг ҳар куни, ҳар бир соати ўзига хос мазмун-моҳиятга эга. Ички ва ташқи сиё­сат соҳасида янги саҳифалар очилди, етакчи хорижий давлатлар, биринчи нав­батда, қондош ва жондош қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар қайта тикланди. Йўллардаги сунъий тўсиқлар олиб ташланди, Ўзбекистон раҳбарининг яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат-эҳтиромга асосланган сиёсати минтақа ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий-маданий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди. Давлат-жамият-шахс муносабатлари эркинлашди. Ҳар бир кишида, айниқса, ёшларда амалга оширилаётган янги ислоҳотларга бевосита дахлдорлик туйғуси пайдо бўлди, фаол ташаббускорлик кайфияти юзага келди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллашаётгани, ёш оилалар ҳар жиҳатдан қўллаб қувватланаётгани, уларга, муҳтож ва ногиронларга уй-жой берилаётгани дунё миқёсида олганда ҳам янгиликдир.
Ўзбекистон бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки миллий тараққиётга эришишнинг бошқа самарали йўли йўқ. Замон шиддат билан ривожланиб бормоқда, эндиликда жамиятга янги фикр, янги ғоя, янги инновацион сиёсат, янги етук кадрлар зарур. Бусиз кўзланган улуғ марраларга етиб бўлмайди. Бундай йўлни танлаганлар, шубҳасиз, ютади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Япония ва бошқа давлатлар айни шу йўлни танлаб, қисқа вақт ичида мамлакат иқтисодиётини йўлга қўя олганлар.
Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш ҳеч қачон эскирмайдиган, кун тартибидан тушмайдиган вазифа. Шундан келиб чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёев «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш вақти келганини таъкидлади. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши, давлат ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, халқ билан мулоқот мамлакатда коррупция, порахўрлик, таъмагирлик каби жиноий хатти-ҳаракатларнинг олдини олади. Давлат ўз хизматчисининг бугуни, эртаси ва, умуман, тақдирига кафил экан, бундай айнишларга ўрин қолмайди. Демакки, жамият ҳаётида маънавий тозариш жараёни юзага келади.
Президент Шавкат Мирзиёев давлатнинг функция ва ваколатлари ҳаддан ташқари марказлашиб кетганини рўй-рост айтиб, бу усулдан воз кечиш зарурлигини уқдирди. Чунки ҳар қандай марказлашув замирида қуйига нисбатан ишончсизлик кайфияти мавжуд бўлади. Туман ҳаётига тааллуқли оддий муаммони марказий идоралар орқали ҳал этиш, бунинг учун қанчадан-қанча қоғоз қоралаш, навбат кутиш, имзо қўйдириш, димоғдор «тўра»ларнинг қабулхоналарида сарғайиб ўтириш жамиятнинг бугунги даражасига мутлақо тўғри келмайди.
Ҳар бир йил ўз ўтмишдошидан фарқ қилади. Худди шундай, дунё ҳам кечаги дунё эмас. Муҳим стратегик чорраҳаларда турфа даражадаги давлатлар манфаатларининг ўзаро тўқнашувлари кузатилмоқда. Унинг замирида табиий бойлик, мўмай хомашё захиралари тасарруфини қўлга киритиш, ўзга халқларнинг асрлар давомида шаклланган турмуш тарзи ва миллий қадриятларини «замонавийлаштириш», ёшларни бефарқлик, масъулиятсизлик касалига мубтало қилиш, миллий маданият асосларини оломон маданиятига алмаштириш мақсади ётади. Мафкуравий хуруж кўринмас офат янглиғ халқ, миллат ҳаётига қўнғироқ чалмай кириб келади, чуқур илдиз отади, одоб-ахлоқ қоидаларини емиради, онг-шуурда хиёнат ва сотқинликка майл уйғотади.
Ўзбекистон бугун илм, фикр жамиятига айланмоқда. Уйғоқ фикр давлат ва жамиятни ҳаракатда, курашда, изланишда, демакки, ривожланишда ушлаб туради. Фикрлар хилма-хиллиги миллий тараққиёт йўлларини очади. Фикр мудрай бошласа, унга эҳтиёж сусайса, жамият ҳам мудрай бошлайди. Абу Ҳомид Ғаззолийнинг қуйи­даги фикрига эътибор беринг: «Суннатда бир соат фикр қилиш бир йиллик нафл ибодатидан яхшидир. Аллоҳнинг китобида ҳам тадаббур ва эътибор, мулоҳаза ва тафаккур хусусида кўп тарғиб­лар бор. Фикрнинг нур калити ва фаҳмлаш ибтидоси экани сир эмас. У илмларни овлайдиган тўрдир…».
Илмларни эгаллашдаги сусткашлик, бепарволик хусусида кўп ва хўб ёзилган. Абдулла Қодирийнинг «Аҳволимиз» шеърида ўқиймиз:
Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда
қандай ётамиз,
Жойи келган чоғида виждонни
пулга сотамиз.
Ўғлимизга на адаб, на фан,
на яхши сўйламак,
На Худони буйруғи бўлган улум
ўрготамиз.
Қорнимиз шундан иборат бўлди
ушбу чоғида,
Ўнтадан бедона боқиб, ёзу қиш
сайротамиз.
Ҳамда ҳар кун такяларда наша,
кўкнори чакиб,
Баччага кокил солиб, оҳ-воҳ
билан ўйнотамиз.
Келингиз, ёшлар, зиёлилар, бу кун
ғайрат қилинг,
Ухлаганлари агар Қодир эса,
уйғотамиз.
Таниқли мутафаккир Исмоил Гаспринский «Таржимон» газетининг 1883 йил 15-сонида эълон қилинган «Меҳнат ва тараққиёт» номли мақоласида куюниб ёзган эди: «Муаллимлик (бизда) ­қадрсиз, шарафсиз. Мактаблар ночор. Мадрасалар ночор. Лондонга боринг-да, биринчи дуч келган мактабга киринг: 10-12 ёшлик болаларнинг фикр-қарашлари қанақа? – Биздаги қирқ ёшлик кишилардек фикрлайдилар. Бир неча тил ўрганадилар, етти-саккиз фан ўқийдилар… Мактабда илм ўргатилади. Кўчага чиқсангиз, оддий одамлар ҳуқуқ ва фалсафа, ижтимоиёт ва сиёсат ҳақида шундай фикрлайдиларки, ҳайрон қоласиз. Кутубхоналарда хилма-хил тилларда миллионлаб китоблар… Фаб­рика-заводларга киргудек бўлсак, унда кўрганларимиз биз учун охирзамоннинг нақд ўзи: беш юз йиллик эман қалинлигидаги маъданни ёғдай кесадилар, минг пудлик темир чўкич уни дазмоллаб, инжа (нафис) тунукага айлантиради. Инглизлар бунга меҳнат ва билим туфайли эришдилар…».
Бундай аянчли аҳволни Тавалло жуда ўхшатиб ҳажв қилади:
Оврупо аҳли, сиз қулоқ тутингиз,
Биз ҳунарлар ёзуб тонуштирамиз.
Келтурунг занбарак, қурол
неча хил,
Бизни собқон била отуштирамиз.
Афтомобил аробангиз қайда,
Ҳўқанд арба билан чопуштирамиз.
Биз билурмиз, сиз тўғри
сўзни(нг) қули,
Лек биз ялғонлар қотуштирамиз.
Дўстни душман этуб, солиб иғво,
Гап тошуб ўртага чоқуштирамиз.
Шундай бўладики, ҳаётимизда, турмуш тарзимизда мавжуд айрим камчиликлар, феъл-атворимиздаги нуқсонлар, тарбиянинг бузилаётгани, бепарволик, танбаллик, ўзимбўлайчилик кайфиятлари хусусида гап очилса, кўплар буларнинг ҳаммасига бугунги «алғов-далғов, ур кетди, сур кетди» замон айбдор дей­ди. Зиммасига ҳеч нима олмайди. Аслида-чи? Бу саволга шоир Тавалло ўз вақтида ғоят ўринли жавоб берган:
Тескари деманг, замон, бизнинг
юришлар тескари,
Элдин ибрат олмайин, бизда
туришлар тескари.
Йўқ деманг, бизда муҳаррир, шоир,
эй, аҳбоблар,
«Ой юзунгдан, вой кўзунгдан»
деб ёзишлар тескари.
Ўзгалар тонг отмайин мактабга
юзланганида,
Тушгача уйғонмайин бизда
ётушлар тескари…
«Тараққий топган миллатлар эрта тонгда саф-саф бўлиб, илму маърифатга йўл тутсалар, биз тўда-тўда бўлиб ошга чопамиз», дейди Фитрат домла. Шоир Мис­киннинг қуйидаги мисралари янада таъсирчан:
«Илмсизликдан бўлур бўлса қаю
миллат хароб,
Илмсизликдан келур
миллатга келса ҳар азоб.
Илмсизликдан қилур чўх ғайрилар
бизга итоб,
Илмсизликдан эрур тўти уйи
жойи ғуроб,
Эй мусулмонлар, бизим сиздан бу
одат истариз,
Илм учун жаҳду жадал қилмоқ
давомат истариз.
Барча миллат ичра бизлар илм
учун муҳтожмиз,
Илмсизликдан мудом музтар ўлуб,
қаллочмиз,
Тўйдилар бегоналар илм ила,
бизлар очмиз,
Илм боғида ҳама булбул эса,
қашқочмиз,
Эй мусулмонлар, бизим сиздан бу
одат истариз,
Илм учун жаҳду жадал қилмоқ
давомат истариз…».
ХХ аср бошларида «Илмсизлик миллатни охир-оқибат хароб қилади, эл-юрт бошига неки азоб, неки хароблик келса, билингки, бу – илмсизлик оқибатидир. Бош­қалар илм булоғидан баҳраманд бўлиб, тўйиб турганларида, биз оч-яланғоч ўтирибмиз. Бас, биз ҳам илм олишга жаҳд-у жадал қилайлик, илм боғида булбулдек сайрайлик. Умр беҳуда ўтиб кетади, чойхона-ю майхонани макон айлаб, ёнбошлаб ётавермайлик. Олим-у фозиллар боис, дин-у миллат обод бўлғай», дея ўз ватандошларини илм зиёсига даъват этган Мискин домланинг бу изтиробли ­сатрлари ҳамиша ёдимизда бўлиши керак.
Бугунги мураккаб шароитда ҳар бир давлат ўзи кўзлаган мақсад сари интилар экан, илм-фан ютуқларидан ғоят самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоғи лозим. Мутафаккир боболаримиз айни шу ҳақиқатни кўп бор такрорлашган. Бугунги кунларимизнинг энг ёрқин воқеаларидан бири давлатимиз раҳбарининг илм-фан ривожига алоҳида эътибори десак, муболаға бўлмайди. Деярли фалаж аҳволга тушиб қолган Фанлар Академияси томирларига жон кирди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, академия таркибида қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар ташкил этилди. Шу билан бирга, мамлакатимиз олий ўқув юртларининг сони сезиларли даражада ошди, нуфузли хорижий ўқув юртларининг филиаллари иш бошлади, кечки ва сиртқи бўлимлар тикланди. Умрини илм-фан тараққиётига бағишлаган муҳтарам олимларимизга эътибор кучайди, «Устоз-шогирд» мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Олий ўқув юртлари раҳбарларига маълум мустақилликлар берилди. Энг муҳими, «квота» деган тўсиқ бекор қилинди. Фақат футболда эмас, илмий йўналишда ҳам ўзига хос «селекция» билан шуғулланиш, иқтидорли ёшларни имтиёз асосида ўқишга қабул қилиш топшириғи берилди. Ҳудудларда Президент мактаблари ташкил этилди. Ижодкорларни қўллаб-қувватловчи «Илҳом» жамоат фондининг ташкил этилиши, маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигида «Дўстлар клуб­лари» фаолият бошлагани, «Адиблар хиёбони» янгидан қад ростлагани ҳам қувончли воқеалар сафидан жой олди. Муҳими, ватандошларимизда Ўзбекис­тоннинг эртанги янада ёруғ кунларига ишонч мустаҳкамланди.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
ЎзМУ доценти

Бошқа хабарлар