Боғдан туриб берилган саволларга тоғдан жавоб берасизми?

776

очиқ хатга Халқ таълими вазирлиги томонидан берилган жавоблар хусусида

“Ишонч” газетасининг 2020 йил 30 майдаги 54-55 сонида халқ таълими вазири Ш.Шерматовга “Айтсам тилим куяди, айтмасам…” деб номлаган очиқ хатимиз эълон қилинган эди. 2020 йилнинг 25 июнь куни ушбу очиқ хатга вазирлик ҳузуридаги Республика таълим маркази директори Ш.Сатторов имзоси билан жавоб хати йўлланибди. Аввало, мутасаддиларга мурожаатимизни беэътибор қолдирмаганликлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Жавоблар билан танишиш асносида айрим мулоҳазалар ҳам туғилдики, улар ҳақида айтмасак бўлмас.

Биринчидан, очиқ хат шахсан халқ таълими вазирига ёзилган бўлса-да, расмий жавоб хати негадир бошқа бир масъул шахснинг имзоси билан чиқарилган. Вазирларнинг вақти ниҳоятда тиғиз, иши ҳаддан зиёд кўп бўлишини яхши билган ва тушунган ҳолда республиканинг нуфузли оммавий ахборот воситаси орқали эълон қилинган очиқ хат ходимлар томонидан тайёрланса-да, шахсан мурожаат этилувчининг ўзи имзо қўйиши ва берилаётган жавоблар билан қизиқиши, бизнингча, хизмат этикетига мувофиқ бўларди.

Иккинчидан, очиқ хатга жавоб бериш муддати ўн кунга кечиктирилган. Жавоб хати шунчалик хафсаласизлик билан ёзилганки, ҳатто унда очиқ хат эълон қилинган сана ҳам 2020 йил 10 июнь, газетанинг сони эса 58-сон деб нотўғри кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддасида идора ва ташкилотлар мурожаат келиб тушган санадан бошлаб “ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда” кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган. Халқ таълими вазирлиги ва унинг таркибидаги ташкилотлар ушбу қонун билан ўзларининг эътирофлари билан айтганда “яқиндан танишиб чиқишлари мақсадга мувофиқ бўларди”.

Қонунга мувофиқ мурожаатни кўриб чиқиш муддати бир ойга қадар узайтирилган тақдирда ҳам бу ҳақда таҳририят ёки очиқ хат муаллифи ёзма равишда огоҳлантирилиши шарт эди. Аммо вазирлик мутасаддилари буни ё билмаганликлари ё писанд қилмаганликлари боис эътиборга олмадилар.

Учинчидан, мақола тарзидаги мурожаатларимизни шу пайтгача вазир беэътибор қолдиришига ёки кечикиб жавоб қайтаришига ўрганиб қолганмиз. Азбаройи, очиқ хат бўлганлиги учун берилишга мажбур бўлинган жавоблардаги мантиқсизлик ҳам кишини таажжубга солади. Тўғриси, очиқ хатга бунчалик лоқайдлик ва беписандлик билан жавоб ёзилади, деб ўйламагандик.

Хусусан, ҳозирги кунда таълим сифати ва самарадорлиги, дарсликлар мазмуни ҳақида билдирилган мулоҳазаларга Халқ таълими вазирлиги томонидан “Умумий ўрта таълимнинг Миллий ўқув дастури” ишлаб чиқилаётганлиги, дастурнинг мақсад ва вазифалари, мазмун-мундарижаси тўғрисида сўз юритилиб, уни жорий этиш таълим сифатини янги босқичга кўтариши жавоб сифатида қайд этилибди.

Бизнингча, бундай тахмин қилишга ҳали анча эрталигини “Миллий ўқув дастури” билан танишиб чиққан мутахассис дарҳол англайди. Ўқув дастурининг кириш қисмида қилинган шаклий ўзгаришларни ҳамда “Адабиёт”дан деярли ҳар бир синфда ҳадислардан намуналар киритилганлигини ҳисобга олмаса, миллий дастур амалдигисидан деярли фарқ қилмайди. “Адабиёт” фани ўқув дастурига ҳадисларни киритишдан аввал янги жорий этилган “Тарбия” фанининг мазмун-мундарижаси билан қиёсий ўрганиш зарур эди. Ҳадисларнинг тарбиявий аҳамияти катта бўлса-да, уларни сўз санъати намунаси сифатида адабиёт дарсликларига киритилиши қанчалик тўғри бўлишини аввал мутахассислар билан маслаҳатлашиш лозим.   

Очиқ хатдаги ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ҳақидаги жиддий эътирозлар деярли жавобсиз қолдирилган.  Ментор лавозимини жорий этиш бўйича билдирилган эътирозларга берилган жавобни ўзгаришсиз эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик: “ментор сўзи методист сўзининг синоними ҳисобланади ва унинг вазифаси методистнинг вазифасидан кенгроқ. Бугунги кунда методист маълум бир фанни ўқитиш методикаси бўйича мутахассис ҳисобланади. Ментор – бу ишнинг самарали усулларини биладиган, ўқитувчини мустақил ўрганишга йўналтира оладиган, фанни ўқитишни ривожлантиришга, таълим мазмунини яхшилашга жавлб қиладиган мутахассис”.

Ментор сўзи методист сўзнинг синоними бўлса, уни ўзгартиришдан не наф? “Ментор” мазмунан “методист” сўзи билан деярли бир хил маънони ифодалар экану, вазифасига келганда эса кенгайиб қоларканми?

Агар масала жавобдаги тарзда тушуниладиган бўлса, шу пайтга қадар методист сифатида фаолият юритган ходимларнинг меҳнатини ерга урган бўламиз. Чунки халқ таълими тизимида методистлар ўз соҳалари бўйича менторга нисбат берилаётган барча ишларни, ҳатто ундан кўра кўпроғини бажариб келишган.

Муқобил дарсликлар ва уларни яратиш механизми шу ҳолатда яроқсиз эканлиги ҳақидаги танқидларга берилган жавоб ҳаммасидан таажжубланарли. Саволларимизга жавоб топиш учун ҳурматли мутасаддилар Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 5 апрелдаги 281-сон қарори билан тасдиқланган “Муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги низом билан яхшилаб танишиб чиқишни тавсия қилишибди. Кошки ҳурматлилар шу Низом ва муқобил дарсликларни яратувчи муаллифлар гуруҳи учун ишлаб чиқилган йўриқнома билан танишиб чиққанимиз учун ҳам бизда очиқ хатда қайд этилган мулоҳазалар пайдо бўлган ва эътирозлар уйғонганини тушунса?! Тавсияга амал қилиб Низом билан қайта-қайта танишиб чиқсак, мазмун ўзгариб қолармикин ёки жавоби йўқ саволларга жўяли жавоб топилиб қолармикин?

Она тили фани учун ажратилган соатларнинг қисқартирилиши бўйича келтирилган важлар ҳам қумдан қурилган қалъадек омонат. Жавобда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария шифокори томонидан 2018 йил 27 апрелда “Умумий ўрта таълим мактабларида таълим олиш шароити ва ташкил этилишига қўйиладиган санитария-эпидемиологик талаблар”га ўзгартириш киритилиб, 0341-16 (1)-сон Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари тасдиқланибди. Жуда соз, биз ҳам ўқувчиларнинг ҳафталик юкламалари меъёрдан ортиб кетишига қаршимиз. Лекин ўша ҳужжатда ортиқча юклама фақат она тили ва адабиёт фанларини қисқартириш ҳисобидан амалга оширилсин, деган қоида белгилаб берилмаган бўлса керак?! Она тили ва адабиёт фанларини қисқартириш масаласида ҳозирги кунда урфга кирган усулдан унумли фойдаланилган: хорижий мамлакатлар тажрибасидан мисол келтирилган. Айрим ўз фикри ва аргументларини асослай олмайдиганлар учун хорижий мамлакатлар тажрибасини рўкач қилиш вазиятдан чиқишнинг қулай усулига айланган бўлса-да, таълимда кўр-кўрона кўчириш, хорижий тажриба экан деб эргашиб кетавериш ўзини оқламаслигини яна бир бор таъкидламоқчимиз. Она тили соатларини ўқитишда ҳар бир давлат ўз миллий тилининг хусусиятларини, мураккаблик даражасини ҳисобга олиши, бу борада ислоҳот қилишдан олдин тажриба-синовдан ўтказиши керак.

Халқ таълими вазири чиқишларидан бирида бунга қуйидаги изоҳни ҳам берди: “Ҳамма мактабда ўқиган. Бизда грамматика масалалари жуда кўп ва она тилини ўқитиш қийин. Кўриб турганингиздек, бунинг натижасида ҳамма томон саводсизлик бўлиб кетди. Бизнинг мақсадимиз сонга эмас, сифатга эътибор қаратиш. Бутун дунёда ҳам тенденция бор. Инглиз тилини ҳам қаранг, Шекспир давридаги инглизча шеърларни ҳозир ўқиб тушунмайсиз. Улар ҳам ҳозир инглиз тилини соддароқ қилиб ишлатиш йўналишидан кетмоқда. Биз ҳам секин-секин она тилини содда ва равон ишлатишга ўтишимиз керак. Бунда грамматикадан кўра амалий кўникмаларга, яъни гапириш, эшитиш ва ёзишга кўпроқ эътибор беришимиз керак. Кейинчалик эса кириш имтиҳонларида ҳам шу кўникмалар асосида имтиҳон олиш даражасига чиқишимиз керак”. “Бизда грамматика масалалари жуда кўп”лиги, “ҳамма томон саводсизлик бўлиб” кетганлиги она тили ва адабиёт фани соатларини қисқартириш учун асос ҳам, ечим ҳам эмас. Билимсизлик ва саводсизликни муаммосини айнан она тили фанининг қисқартириш орқали ҳал этишга уринишнинг ўзи мантиқсизлик эмасми? Ёки вазир жанобларининг она тилини содда ва равон ишлатиш тўғрисидаги эътирофларини бемисл қудрат деб таъриф этилган тилни камбағаллаштириш, унинг беқиёс таъсир кучини аста-секин ўлдириш, фақат оддий мулоқот воситасига айлантириш деб тушуниш керакми? 

Вазиримизнинг жавоблари ва жавоб хатидаги қуйидаги жумлалар мутасаддиларнинг она тили бўйича билимларини ошириш кераклигини кўрсатади: “Ўқув дастурларини чуқур таҳлил қилиш натижасида муомалада ишлатилмайдиган қоидалар, мураккаб грамматикага оид, олий маълумотли филолог мутахассисини тайёрлашга йўналтирилган мавзулар ўқув дастурларидан қисқартирилди”.

Тушунишимизча, ушбу ўринда хат муаллифлари нутқ жараёнида ва ўқувчининг кундалик фаолияти учун зарур бўлмаган қоидалар, грамматикага оид мураккаб, шунингдек олий маълумотли филолог мутахассисларни тайёрлаш учун мўлжалланган илмий мавзулар она тили фани ўқув дастуридан чиқарилди, демоқчи бўлишган. Лекин грамматик ва услубий жиҳатдан нотўғри шакллантирилган жумла фикр сакталигини вужудга келтирган.

Очиқ хатимизда кўтарилган бошқа масалалар эса жавобсиз қолдирилган. Хулоса қилиб айтганда, мурожааатчи сифатида Халқ таълими вазирлигининг жавобидан қониқиш ҳосил қилмадик. Мазкур қоралама яна жавоб олиш мақсадида ёзилмаётганини қайд этган ҳолда, кенг жамоатчиликдан таълим тизимидаги муаммоларга бефарқ бўлмасликни сўраймиз. Зеро, эртанги кунимиз, келажагимиз таълим тизими қай даражада йўл қўйилганлиги, унинг мазмуни ва сифатига боғлиқ.

Шаҳноза Эргашева,

филология фанлари номзоди 

Бошқа хабарлар