Одил судловни таъминлаш – суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг бош мақсади

72

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, тизимда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, судьялар мустақиллигини ва одил судловни амалга оширишни таъминлаш юзасидан аниқ чора ва вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, судьялик лавозимини эгаллаш учун муайян иш стажига эга бўлиш, Судьялар олий мактабини ўқиб тугатиш каби талаблар қўйиш орқали танлов кучайтирилганлиги, энди терговчиликка номзодларга ҳам шунга ўхшаш талаблар қўйилиши кераклиги қайд этилди. Жумладан, бир қатор мутасадди идораларга Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифалари қўйилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан йиғилишда қўйилган яна бир муҳим масала – ҳуқуқ-тартибот идораларида ишларнинг терговга алоқадорлиги бузилиб кетганлиги билан боғлиқдир. Хусусан, шундай жиноят турлари борки, уларни ҳар қандай тергов идораси тергов қилиши мумкин бўлса, айрим моддаларни эса қайси тергов органига мансублиги қонунда кўрсатилмаган.

Йиғилишда шунингдек, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаганлиги, шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди. Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган назорат тартибида ишларни кўриш амалиётидан тўлиқ воз кечиш ҳақида кўрсатмалар берилди. Бу ўз йўллида фуқароларни сарсон саргардонлигини олдини олиб, ишларни тез ҳал қилиш имкониятини беради.

Шу билан бирга, Президент Ш.Мирзиёев йиғилишда судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди.

Жиноят процессуал қонунчилигига кўра, судлар томонидан чиқарилаётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозим. Ҳеч кимга сир эмас айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолганлиги, бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказади. Шу нуқтаи назардан Президентимиз, судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозимлиги таъкидлаб, одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши кераклиги тўғрисидаги Президентнинг талабидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир судья ва суд ходими жуда катта масъулият ва фидойилик билан ўз вазифамизга ёндошишимиз кераклигини, қолаверса, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида сидқидилдан фаолият юритишимиз лозимлигини даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Қўйилаётган бу талабларни дилдан англаб иш фаолиятимизга татбиқ этсак, албатта, кутилган натижадарга эришамиз.

Шуҳрат Бакаев,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси

Муҳаммад Қаюмов,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

Бошқа хабарлар