ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЎҚУВЧИЛАР 54-ХАЛҚАРО МЕНДЕЛЕЕВ ОЛИМПИАДАСИДА ОНЛАЙН ИШТИРОК ЭТМОҚДА

104

13-18 июль кунлари Ўзбекистон ўқувчиларидан ташкил топган Республика терма жамоаси 54-Халқаро Менделеев олимпиадасида иштирок этмоқда.

Бутун дунёдаги эпидемиологик вазият инобатга олиниб бу йил олимпиада онлайн (масофавий) тарзда ўтказилмоқда. Унда Австрия, Саудия Арабистони, Озарбайжон, Македония, Арманистон, Исроил, Белорусия, Венгрия, Болгария, Сурия, Грузия, Латвия, Эрон, Қозоғистон, Эстония, Қирғизистон, Сербия, Словакия, Тожикистон, Туркманистон, Литва, Туркия, Россия каби дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатлари жамоалари масофадан туриб иштирок этмоқда.

Жорий йилда ўқувчилар кимёвий тажрибаларисиз фақат иккита назарий босқичдан ўтади.

Олимпиадада Ўзбекистон шарафини 2018-2019 ўқув йилида Республика фан Олимпиадасида ва қўшимча республика олимпиадаси ғолиблари орасидан саралаб олинган 4 нафар ўқувчи ҳимоя қилмоқда:

Мирумид Миракбаров (Тошкент шаҳри)
Фирдавс Собиров (Бухоро вилояти)
Дилшодахон Исаева (Тошкент шаҳри)
Акобир Нарзуллаев (Бухоро вилояти)

Ўқувчиларнинг олимпиадада иштироки мобайнида санитария гигиена ҳамда карантин қоидаларига қатъий риоя этилиши назоратга олинган.

54-Менделеев олимпиадаси жорий йилнинг апрель ойида Будапештда ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо коронавирус пандемияси туфайли режаларни ўзгартиришга тўғри келди. Венгрия томони билан олдиндан келишувга биноан навбатдаги 55-олимпиада 2021 йил баҳорида Будапештда бўлиб ўтади.

Жорий йилнинг 25 июль куни Ўзбекистон терма жамоаси 52-Халқаро кимё олимпиадасида қатнашиши режалаштирилган.

Бошқа хабарлар