ХДП: ОЛТИ ОЙДА 114 ТА ТАКЛИФ ИНОБАТГА ОЛИНГАН

101

        6 ой мобайнида Халқ демократик партияси фракция аъзоларига 1156 та ёзма ва виртуал мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 1063 таси қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш мақсадида, тегишлилиги бўйича вазирлик ва ташкилотларга юборилган бўлиб, 891 таси ижобий ҳал этилган. Бундан ташқари фракция аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан 10 марта депутатлик сўрови юборилган ва уларнинг барчасига жавоблар олинган.

        Бугун Ўзбекистон ХДП фракцияси 2020 йилнинг биринчи ярми давомидаги фаолияти бўйича журналист ва ОАВ ходимлари учун ҳисобот конференциясини уюштирди. Унда юқоридаги каби ишлар, қонунчиликка билдирилган таклифлар, жойларда ўрганилган муаммолар ва уларнинг ечимига қандай эришиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбирда ХДП раиси Улуғбек Иноятов карантин даврида фракция аъзолари томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил қилиш ва амалга ошириш бўйича қилинган ишлар, маҳаллаларда олиб борилган тушунтириш ишлари, партия ходимлари ва депутатларидан иборат ташкил этилган  “Партия кўнгиллилар жамоалари” ҳақида гапириб берди. Унда айтилишича, “Саховат ва кўмак” хайрия тадбирларида 75 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли, карантин сабаб даромад манбасидан ажралган, ишсиз, боқувчисини йўқотган оилаларга 46 млрд. 110 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари хайрия қилинган.

     Халқ демократик партияси Бухоро вилоятида табиий офатдан зарар кўрган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун 100 млн. сўмлик, Сирдарё вилоятига техноген фожеа натижасида қийин вазиятга тушиб қолган оилалар учун кийим-кечак, рўзғор буюмлари ва тозалаш воситаларидан иборат 100 млн. сўмлик алоҳида ҳомийлик маблағлари ажратди.

        Бундан ташқари, партия сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, фракциянинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги режаси тасдиқланди. Мазкур режага асосан 26 та йўналишда қонун ташаббусларини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, уларга вазифалар белгилаб берилди. Бугунги кунга қадар, фракция депутатларининг ташаббуси сифатида 4 та қонун лойиҳаси концепцияси якунланиш арафасида турибди. Мисол учун, “яшаш минимуми” ва “истемол саватчаси” тушунчаларини қонунчиликда мустаҳкамлаш бўйича қонун лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқиш ҳамда ушбу йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида тегишли таҳлилий материаллар тайёрланиб вазирликлар ва ташкилотларга юборилди.

      Қонунчилик палатасининг йиғилишларида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 107 та қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан 245 та таклиф ишлаб чиқилди ва масъул қўмиталарга тақдим этилди. Кўриб чиқилган қонун лойиҳалари бўйича фракция томонидан билдирилган таклифларнинг 114 таси инобатга олинди.

Шу билан бирга, 30 дан ортиқ қонун лойиҳаси жойларга юборилиб, партия ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг таклифлари олинди.

               «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалардан ҳамда партия Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, 12 маротаба долзарб муаммолар юзасидан 18 та вазирлик ва ташкилотларнинг ахборотлари танқидий эшитилди ва эшитув якунлари билан, муаммоларни бартараф этишга қаратилган тегишли вазифалар белгилаб олинди.

             Жумладан, фракциянинг кенгайтирилган мажлисида Мактабгача таълим вазирлигининг “Мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди. Ижобий ўзгаришлар эътироф этилган ҳолда, мавжуд камчиликлар таҳлил қилинди ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

          Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Халқ демократик партияси фракциясининг қўшма йиғилишида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг “Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти ҳолати, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди. Муҳокамалар натижасида Пенсия жамғармасига бир қатор аниқ таклифлар берилди.

     Мақсуда Ворисованинг айтишича, жойларда собиқ жамоа хўжалиги ва ширкат хўжалигида меҳнат фаолиятини юритган ютдошларимизнинг маълум 10-15 йиллик иш стажлари давлат архивига киритилмаганлиги натижасида, етарлича иш стажига эга бўлган юртдошларимиз, ташкилотларда зарур ҳужжатлар сақланмаганлиги оқибатида муносиб бўлган нафақа маблағларига  нисбатан 4-5 баробар кам нафақа олмоқдалар. Шу боис фракция аъзолари томонидан ҳолат батафсил ўрганилиб, 2005 йилга қадар юритган фуқароларнинг меҳнат фаолиятини тиклаш, уларни тўлиқ йил сифатида инобатга олиниши тўғрисидаги таклифлар  билдирилди ва айни пайтда ушбу таклифлар юзасидан тегишли ташкилот иш олиб бормоқда.

Онлайн  ўтган тадбир қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди.

Зебо НАМОЗОВА,

Ishonch

Бошқа хабарлар