ТУРКИЯДА БЎЛГАН МАШЪУМ ТЕРРОРГА ТЎРТ ЙИЛ ТЎЛДИ

122


2016 йилнинг 15 июли Туркияда кутилмаган террор ҳаракати содир этилганди. Унда бош террорчи Фетуллаҳ Гулен раҳбарлик қилган Фетуллаҳ Гулен Террористик Ташкилоти (ФЕТО) давлат ичидаги айрим хоин ҳарбийлар билан тил бириктириб, давлат ҳокимиятини тўнтаришга уринган. Аммо ўз вақтида кўрилган чоралар, шунингдек, бутун турк халқининг кўчага чиқиб, террорчиларга қарши кўксини қалқон қилиб туриб бериши натижасида Эрдўған бошчилигидаги давлат ҳокимияти 22 соат ичида террористик ҳаракатни муваффақиятли бостиришга эришган.
Ушбу қайғули воқеага тўрт йил тўлиши муносабати билан куни кеча Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида журналистлар ва жамоатчилик учун онлайн тадбир ташкил этилди. Унда Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр, иккала давлат ишбилармон доира вакиллари, жамоатчилик ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тўрт йил муқаддам уюштирилган террористик ҳаракатда босқинчилар томонидан Анқарадаги телерадиокомпания (ТРТ) ва Бош Штаб биноси қўлга олинади. Анқара шаҳрининг Гёлбаши туманида жойлашган полиция махсус операция Ўқув марказида портлаш рўй беради. Йенимаҳалле туманидаги Миллий хавфсизлик Разведка Ташкилоти ва Анқара хавфсизлик бошқармаси биноси ҳарбий вертолёт ва самолётлардан ўққа тутилади. Парламент биноси бомбардимон қилинади ва натижада полиция ходимлари ҳамда мансабдор шахслар жароҳатланди. Президент саройига киришга уринишда эса 13 ҳарбий, ФЕТО террорчи ташкилотининг 3 офицери қўлга олинади.
Умуман олганда, ушбу тўнтаришга уриниш Туркия Қуролли кучлари таркибидаги бир гуруҳ ФЕТО террорчи ташкилотига аъзо бўлган ҳарбийлар ва судья ҳамда прокурорлар (улар орасида генераллар ҳам бор) томонидан амалга оширилганлиги, халқнинг тинч ва осуда ҳаётига чанг солишга бўлган йирик уринишлардан бири сифатида турк халқи хотирасида аччиқ из қолдирган. Оғир шароитда Президент ўз халқига суянди ва халқ ишонган йўлбошчисини ҳимоя қилиш учун кўчага чиқиб, миллат сифатида ҳамжиҳатлигини ҳам намойиш этди. Президент Эрдўғаннинг даъвати ва Дин ишлари бошқарма бошлиғининг топшириғи билан Туркиянинг барча ҳудудларида масжидлардан даъватлар садолангач, одамлар кўчага чиқиб, исёнчи ҳарбийларга қаршилик кўрсатишни бошлади. Тўнтариш оқибатида Туркияда 251 нафар фуқаро ҳалок бўлди, 2000 нафардан ошиқ одам эса жароҳатланди.
Ўшанда террорчилар давлатга қарашли телерадиокомпанияни эгаллаб, нотўғри боёнотлар берганди, халқни саросимага солишга уринганди. Аммо ҳукумат раҳбарларининг ишончли ва қатъий позицияси, дунё ҳамжамиятининг расмий ҳукумат позициясини қўллаб-қувватлаши натижасида исёнчилар ҳаракати ер билан яксон қилинди. Хиёнаткорлар ушланиб, қамоққа олинди.
Онлайн тадбирда элчи жаноблари Меҳмет Сурайё Эр ушбу терроистик ФЕТО ташкилоти ҳозирда ҳам хориж давлатларида ноқонуний фаолиятини давом эттираётгани, унга қарши кураш ҳамон давом этаётганини таъкидлади. Ҳамкор ва қўшни давлатлар ушбу террористик ташкилотнинг таълимга беғараз кўмак беришдек яширин қиёфаси таъсирига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишлари кераклиги, онда-сонда жойларда ва мамлакатларда шундай ҳолатлар кузатилиб туришини ҳам айтиб ўтди. Жумладан, элчи ўз сўзида, “Учинчи мамлакатларда ФЕТОга қарши пайдо бўлган огоҳлик, мазкур ташкилот тўдаларининг фаолиятини яқиндан кузатиб бориш ва текшириш кераклигини тақозо қилмоқда. Турли давлатларда террорчи гуруҳнинг олиб бораётган ноқонуний ишлари фош этилмоқда. Бутун дунёга ёйилган ФЕТОга қарши курашда бир қанча давлатлар аниқ қадамлар қўймоқда, бу борадаги халқаро бирдамлик ортиб бормоқда. Натижада тўда аъзоларининг чет эллардаги фаолиятлари устидан босим кучайиб, тузилманинг хорижда ҳаракатланиши ҳам қийинлашмоқда”, – деди.
Шундан сўнг иштирокчилар билан савол-жавоб ўтказилди. Унда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникация университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев ва Тошкент давлат Шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиевалар ҳам ушбу террористик ҳаракатга муносабатларини билдирди ва фурсатдан фойдаланиб ўз олий таълим даргоҳларида Туркия таълим муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ҳақида ҳам гапириб беришди.

Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch”

Бошқа хабарлар