СОҒЛИГИНГИЗ — БЕБАҲО БОЙЛИГИНГИЗ

82


Маълумки, ҳозирги пандемия даврида мутахассислар томонидан иммунитетни кучайтириш масаласига ҳам катта эътибор қаратилиб, керакли тавсиялар берилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, иммунитет қанчалик кучли бўлса, барча хасталикни тез енгиб ўтишга қодир бўлади.
Биологик хусусиятга кўра, одам организми микроблар, вируслар ва касалликлар қўзғатувчи бошқа паразитлардан ўзини ҳимоя қилади. Бурун, нафас йўллари, овқат ҳазм қилиш органларининг ички шиллиқ пардаси, қоннинг ликоситлари, яъни оқ қон таначалари, антителалар ва антитоксинлар шулар жумласига киради. Масалан, антителалар организмга кирган микробларни бир-бирига ёпиштириб эритиб юборади. Антитоксинлар эса микроблар ажратадиган заҳарли моддаларни парчалаб нейтраллайди. Одам организмининг антителалар ва антитоксинлар ишлаб чиқариши ва улар орқали юқумли касалликларни қўзғатувчи микробларга қарши курашиб, ўзини химоя қилиш хуcуcияти иммунитет деб аталади.
Ҳар бир одам организми ўзини ўзи ҳимоя қилиш хусусиятига эга экани барчага маълум. Бу жараёнда эса тўйиб ва ўз ўрнида тўғри овқатланиш, витаминларга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш, шунингдек, санитария-гигена қоидаларига қатъий амал қилиш лозим. Рационал овқатланиш айниқса, болалар учун жуда муҳим.
Кўпинча иммунитетнинг бирдан пасайиши стресс ва оғир зўриқишлар натижасида содир бўлади. Лекин шуни айтиш керакки, кўп ҳолларда иммунитет одамнинг овқатланиш тартибига эътибор бермаслиги, тўйиб овқатланмаслиги, ўз соғлигига бефарқ қараши туфайли вужудга келади. Шифокор ва психолог мутахассислар барча жиҳатларни эътиборга олиб доимо соғлом бўлишни истаганларга шундай тавсияларни берадилар:

  1. Тоза ҳавода юриш ва жисмоний машқлар ҳаётингизни ажралмас қисмига айланиши керак.
  2. Стресс — иммунитетнинг асосий душмани, ўзингизни ташвишлардан асранг ва асабийлашманг. Иложи борича ҳис туйғуларга эга бўлишга ҳаракат қилинг.
  3. Иммун тизими учун энг муҳим А, Б5, С, Ф, ПП витаминлар ҳисобланади. Булар деярли барча сабзавотларда учрайди.
  4. Овқатни кўкатлар билан бирга истеъмол қилиш нафақат унинг таъмини яхшилайди, балки фойдали моддалар билан бойитади.
  5. Организмдаги фойдали бактерияларни кўпайтирадиган озиқ-овқатларни исътемол қилиш фойдалидир. Улар пробиотик маҳсулотлар деб номланади. Пиёз, саримсоқ пиёз, бананни шулар қаторига киритиш мумкин.
  6. Женшин, қизилмия ва бошқа ўсимлик дамламаларини ҳамда тиндирмаларини ҳам терапевтик, ҳам профилактик мақсадларда қабул қилиш мумкин.
  7. Сузиш ва душ кишини тетиклаштириб, асабларни жойига келтиради. Сузишнинг руҳият учун ҳам фойдаси жуда катта.
  8. Ҳар куни бир вақтда ухлашга ўрганиш лозим, бу тез уйқуга кетиб тўлиқ дам олиш имконини беради. Агар ухлашга эртароқ ёки кечроқ ётсангиз организм ритмлар ўзгаришига мослаша олмайди, натижада уйқу юзаки бўлади. Бир суткада камида 8 соатни уйқуга ажратиш лозим, бу вақт организмга ўз кучларини қайта тиклашга катта ёрдам беради.
  9. Етарлича сув ичинг. Организмни катта қисми сувдан иборат бўлганлиги туфайли у ҳар куни маълум миқдордаги сувга эҳтиёж сезади. Олимлар ушбу меъёрни кунлик 2 литр деб белгилашган. Сувсизлик натижасида организмнинг асосий функциялари, жумладан, инфекцияларга курашиш қобилияти заифлашади.
    Умуман олганда, кишининг ўз соғлигига эътиборсизлик билан қарамаслиги муҳим аҳамиятга эга. “Бирники мингга” деган нақлни яхши маънода талқин қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир одамнинг ўз саломатлигига эътибор бериши жамият учун ҳам фойдалидир. Фаолиятимиз давомида ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ўқувчи ёшларга киши организмининг биологик-физиологик хусусиятларини атрофлича тушунтирган ҳолда тиббий маданиятини ошириш бўйича ҳам тушунчалар бериб бораяпмиз.

Ўғилой ШУКУРОВА,
Наманган вилояти, Учқўрғон туманидаги
9-мактабнинг биология фани ўқитувчиси

Бошқа хабарлар