2,6 млрд. сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

778

Бу ҳақда ДБҚ ахборот хизмати хабар берди.

Наманган вилояти божхона бошқармаси ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида Наманган шаҳрида фуқаро Г.Д.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, ушбу хонадонда тегишли ҳужжатлари бўлмаган, сифати кафолатланмаган умумий қиймати 280 миллион сўмлик 23 турдаги 70 382 дона дори воситалари борлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу ҳудудда яшовчи фуқаро Х.О.нинг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, ушбу хонадон эгаси ҳам 1 миллиард 17 миллион сўмлик 28 турдаги 338 518 дона сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Наманган вилоятида ўтказилган яна бир тадбир давомида фуқаро Э.С. бошқарувидаги «Дамас» русумли автомашина ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди. Натижада, ушбу автомашинада тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 700 миллион сўмлик 67 турдаги 85 088 дона дори воситалари борлиги аниқланди.

Навбатдаги тезкор тадбирда Мингчинор маҳалласида яшовчи фуқаро Н.А.нинг яшаш хонадони ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Ушбу хонадонда ҳам тегишли ҳужжатлари бўлмаган 650 миллион сўмлик 53 турдаги 100 443 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари борлиги аниқланиб белгиланган тартибда вақтинча сақловга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.