БОШ МЕЗОН-ОДИЛЛИК

124

Тарих шуни кўрсатадики, инсон ҳуқуқлари  таъминланмаган давлатда тараққиёт тўхтаб, ижтимоий инқирозлар юзага келган ва жамият таназзулга учраган. Адолат ва қонунийликни таъминлаш эса одил судловга боғлиқ бўлади. Шу боис суднинг мустақиллигини таъминлаш,  суд одиллигини қарор топтириш ҳар доим  долзарб вазифа саналган. 

Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда  суд-ҳуқуқ соҳасидаги   муҳим вазифалар белгилаб олинди. Президентимиз йиғилишда “суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!”, дея бежиз таъкидламади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида одамларни рози қилиш, эртанги кунга бўлган ишончларини мустаҳкамлашдек улуғ мақсадлар мужассам. Ўз-ўзидан маълумки, бунинг учун одамларни судга бўлган ишончини ошириш, коррупцияни жиловлаш каби ўта муҳим вазифаларни амалга ошириш лозим.

Одатда ҳар бир жиноят ишини судда кўриб чиқишда  иш ҳужжатларини синчиклаб ўрганиб чиқишга тўғри келади. Шундай вазиятларда судланувчининг ҳатти-ҳаракатларига холис ва адолат кўзи билан қараб, қонуний баҳо бериш осон кечмайди. Чунки судьянинг ҳукми келгусида инсон ҳаётини қандай кечишига таъсир қилади. Агар чиқарилган ҳукм қонун талабларига  мос бўлмаса, адолат топталади. Бу эса ҳукмдан норози бўлган тарафнинг ортиқча сарсон бўлишига олиб келади.

Кишини жоноятда айблаш осон иш эмас. Айблов  асосли, қонун чизиғидан чиқмаган бўлиши керак. Шунинг учун халқимизда “адолат қиличи кесган қўл оғримас” деган гап бор. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Суд мажлисларида судланувчининг айби ҳар томонлама асослантирилган, инкор қилиб бўлмас далиллар билан ўз исботини топсагина ортиқча эътирозларга ўрин қолмайди. Сарсонгарчиликнинг олди олинади. Судларнинг нуфузи ортади. Шу маънода видеоселектор йиғилишида  Президентимизнинг жойлардаги раҳбарларга қарата “Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор, биринчи навбатда, ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” дея таъкидида ҳаётий ҳақиқат ўз аксини топган.

Мазкур йиғилишда  Президентимиз  соҳада амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб бердики, уларнинг пировард натижаси халқни рози қилишдан иборат.Хусусан, барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули бўйича ўқитиш, тергов сифати ва ходимлар малакасини ошириш мақсадида Тергов институтини ташкил этиш ва терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талаблар ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш, суд мажлисида тергов жараёнидаги хатолар аниқланганда прокурор ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечиш тартибини жорий этиш таклифлари билдирилди.

Бундан ташқари, фуқаролар, тадбиркор ва инвесторларни ортиқча сарсон қилмаслик ва уларга қулайлик яратиш мақсадида, халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда судлар ва уларнинг фаолиятини оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда Президентимиз томонидан суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан воз кечиш ва судьянинг адолатли қарор қабул қилишга  салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бири – Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг суд қарорларига нисбатан протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифи ҳам илгари сурилди.Куни кеча қабул қилинган Президнент фармонида қайд этилган барча масалалар тўлиқ қамраб олингани эса уларнинг тез орада рўёбга чиқишидан далолат бўлиб, бу жамиятимизнинг бош мезони одиллик эканининг  амалий исботидир.

Жаҳонгир САИДОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Оққўрғон тумани суди раиси

Бошқа хабарлар