СИНОВНИ СЎРАБ ОЛЯПМИЗ (МИ?)…

126

      Америкалик эпидемиолог олим Ларри Бриллиант   14 йил муқаддам миллиардлаб одамлар касаллик юқтиришини, 165 миллион нафардан зиёд инсон умри хазон бўлишини, иқтисодиёт катта зарар кўришини башорат қилган экан. Ўтган асрнинг охирларида чечак касаллигини енгиб чиқишга бошчилик қилган олимнинг ТЕD (ноёб ғоялар конференцияси)даги бу чиқишини ўша пайтда жаҳон илмий жамоатчилиги “ортиқча воҳима”га берилиш дея баҳолаган.

   Кексалик гаштини Колифорния штатида ўтказаётган олим ҳозирги вазият ҳақида  қуйидагича фикр билдирган:”Биз касалликни енгишимиз мумкин, бироқ бунинг учун кўп ишлар қилишимиз керак. Бу бизни синовдан ўтказадиган энг мураккаб давр бўлади”.  Таниқли олам ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида  меҳр-оқибатнинг инсониятдан тобора узоқлашаётгани бутун, дунёни қамрашга интилаётган ихтилофларга барҳам берилиши кераклигини, атмосфера мусаффолигига эришишда инсонлар якдил бўлмаса, бунинг бадали ана шундай аёвсиз кечаверишини  кўп бора таъкидлаб келмоқда.  

    АҚШлик олимнинг мулоҳазаларини ҳали “хазм” қилиб улгурмасимдан “Ойнаи жаҳонда” Бўстонлиқ туманида  қонунга хилоф равишда қурилган дала ҳовлилар  ҳақидаги кўрсатув эфирга узатилди.Унда “555” (номланишни қаранг) қаҳвахонаси ҳам кўрсатилди. Бу тамаддихона эгалари ҳам ўзбошимчалик билан ер эгаллаган. Ортиқча жойдан ҳовли сифатида фойдаланиб келган Журналистлар ивирсиб ётган ҳовлини тасвирга ола туриб одамнинг этини жунжиктириб юборадиган ҳолатга дуч келишди. Турли ахлат ва чиқиндилар орасида қарайиб ярим тоннадан зиёд келадиган моғорлаб кетган нон бўлаклари ётарди. Қаҳвахона эгаларининг азиз неъматни шундоқ оёқ остига улоқтириб келганиқанчалик аянчли…

    Нон азалдан улуғ неъмат  саналади. Ҳатто ушоғига дуч келган одам уни олиб кўзига суртишганини кўп кўрганмиз. Ота- боболаримиз ноннинг уволи ёмон бўлади, дея уқтиришарди. Тўғри, бугун тўқчилик.   Аммо тўқликдан тўйган баъзи инсонлар нондек азиз неъматни хор этмоқда. Қайси ахлат қутисининг ёнига борсангиз, елим халталарга жойланган нон бўлакларига кўзингиз тушади. Баъзи бир ноинсофлар эса азиз неъматни тўғридан-тўғри ахлатга ирғитмоқда.

    -Ахлат қутилари олдидан ҳар куни уч-тўрт халта нон бўлакларини йиғиб оламиз, – дейди Самарқанддаги ободонлаштириш соҳасида ишловчи Бобоқул ака.- Уйга олиб бориб  молга берамиз. Илгари момоларимиз нон синиқларини йиғиб, қотгач, талқон қилиб берарди.Ноннинг қадрини билмайдиганларнинг кўпаяётгани ташвишланарлидир…

     Бобоқул аканинг гаплари беихтиёр Ларри Бриллиант мулоҳазаларини ёдга солади: “Синов ҳам, мукофат ҳам феълу-карамимизга боғлиқ”!                           

  Нурилла ШАМСИЕВ,

“Ишонч”   

Бошқа хабарлар