ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

98


Ҳар қандай давлатнинг тараққиёти унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланганлик даражасига чамбарчас боғлиқ бўлади. Табиийки, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг мукаммаллиги, одил судловнинг йўлга қўйилгани орқали таъминланади. Шу йилнинг 24 июл кунида қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Эндиликда маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар жиноий ишлар бўйича судларга ўтказиладиган бўлди. Бу жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган ҳолатга тўлиқ мос келади.Туманлардаги маъмурий судлар тугатилиб, унинг штат бирликлари туманлардаги жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Вилоятларда ташкил этиладиган туманлараро маъмурий судларнинг штат бирликлари эса ҳар бир вилоятнинг аҳолиси, кўриладиган иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Кейинги пайтларда судга иши тушганлар орасида ортиқча овворагарчиликлар тез-тез учраб тураётгани айни ҳақиқат. Шикояти бўйича қайси судга мурожаат қилиши масаласидаги сарсонгарчиликлар одамларни судга бўлган ишончига путур етказаётгани ҳам бор гап. Айни шу муаммолар фармон туфайли ўз ечимини топаётир. Энди вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судларини ташкил этилади. Бундан ташқари, судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этилади.
Халқаро талаблар даражасидан келиб чиққан ҳолда суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилмоқда. Шу муносабат билан туман судларининг қарорларини вилоят судлари, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари апелляция тартибида кўриб чиқади.
Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилади. Бунда судлов таркибига инвестиция киритилган санада 20 миллион АҚШ долларига тенг миқдордан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат идоралари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар, рақобат бўйича келишмовчиликларни ҳал этиш ваколати берилмоқда.
Ушбу низолар бўйича инвестор ўз хоҳишига кўра, бевосита судлов таркибига ёки вилоятлар иқтисодий судларига мурожаат қилиши мумкин бўлади. Эътиборлиси, Олий суд судлов таркиби ҳам биринчи инстанция мақомида ишни кўриб чиқиш ваколатига эга.
Хулоса сифатида айтганда, мазкур фармон мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Санжар ИБОДОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Яккасарой тумани суди судьяси

Бошқа хабарлар