Коронавирус пневмониясини қандай самарали даволаш мумкин?

238

Мана, саккиз ойдирки, Хитойнинг Ухан шаҳрида пайдо бўлган янги касаллик бутун жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солмоқда. Аммо шу кунга қадар дунё бў­йича уни даволашда якдил бир ёндашув ишлаб чиқилмади. Яъни замонавий тиббиёт ҳозирча унинг олдида ожиз бўлиб қолмоқда.

Шу даврда COVID-19 деб номланган пандемияни этиопатогенетик даволаш ва унинг асоратларини бартараф этиш усуллари йўқ. Бу эса коронавирус пневмонияси билан инфекцияланганлар ҳаё­тига катта хавф туғдирмоқда.
Ушбу ҳолат мени турли даражадаги дистрофиядан азият чекаётган болаларда пневмонияни даволаш бўйича кузатувларим ва орттирган ўз тажрибам билан ўртоқлашишга ундади. Ҳамкасбларимиз билан Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий маркази Жиззах филиалида дистрофик болаларга хос бўлган камқонлик ва гипопротеинемия фонида пневмониянинг ўзига хос клиник кўринишларини кузатдик. Тана ҳароратининг юқори эмаслигига қарамай, ўпка тўқималарининг катта қисми шикастлангани сабабли (бу рентгенеологик текширувида қайд этилган) уларда нафас олиш етишмовчилиги кузатилди. Протеинли препаратларни томир ичига юбориш орқали гипопротеинемия коррекция қилингандан сўнг уларнинг ҳолати тезда яхшиланди ва том маънода ўпка тўқималарининг зарарланиши ҳаж­ми камайди. Кўринишидан, анемия ва гипопротеинемия билан оғриган болаларда онкотик қон босими паст, бу эса яллиғланиш марказида ўпка тўқимасига қон томиридан суюқликнинг чиқарилиши ва перифокал шиш зонасининг кўпайишини таъминлайди. Онкотик қон босими кўтарилгандан сўнг ўпка тўқимасидан қон томирига суюқликнинг орқага қайта оқиши кузатилади.
Менимча, ушбу тажрибадан коронавирус пневмониясини даволашда унумли фойдаланиш керак ва бунда қу­йидаги омилларга эътибор бериш зарур.
Биринчидан, бу беморларни тўлиқ ва сифатли овқатлантириш. Беморларга берилаётган озиқ-овқат оқсил, витамин ва минералларга бой бўлиши керак. Булар гўшт (мол, парранда, қуён гўштлари), тухум, сут маҳсулотлари (сигир, бия, туя сутлари, творог, пишлоқ, бринза, қимиз, қимрон), балиқ ва балиқ балиқ увилдириғи, сабзавот ва мевалардан иборат.
Иккинчидан, дори-дармон воситалари билан даволаш. Бунда протеинли препаратларни (алвезин, амикин, аминокровин, полиамин, аминаплазмали, аминотроф, гидролизин ва 20 % албумин) томир ичига юбориш яхши самара беради.
Учинчидан, коронавирус инфекция­­си қон таркибидаги қанд миқдорининг ошишига олиб келади. Бунда мушаклардаги рецепторларнинг сезувчанлиги пасаяди, жумладан, юрак мушаклари рецепторларининг инсулинга нисбатан сезувчанлиги ҳам. Натижада мушакларнинг заифлашуви ва юрак уриш етишмовчилиги келиб чиқади. Шунинг учун кунига 3 маҳал мeтформин (500 мг.) препаратини овқат пайтида ёки ундан кейин қабул қилиш тавсия этилади. Бу, айниқса, ортиқча вазнли беморлар учун жуда зарурдир.
Яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиманки, коронавирус пневмониясини даволаш бў­йича тавсияларим шифокорлик фаолиятим даврида орттирган амалий тажриба ва шахсий кузатувларимга асосланган.

Мухтор ЭШБЕКОВ,
тиббиёт фанлари доктори

Бошқа хабарлар