Халқаро фестивалда ўзбек ёзувчилари ҳам иштирок этди

869

Сўнгги йилларда ижодкорларимиз нафақат қўшни мамлакатлар, балки уммон орти давлатларидаги адабий сайт ва журналларда ўз ҳикоялари билан кўриниш бермоқдалар. Албатта, жаҳон адабий майдонидаги ижодий фаоллик халқаро ижод уйлари назаридан четда қолмайди.

Жумладан, Чилидаги адабиёт, санъат ва маданиятга оид «Casa Bukowski» ижод фонди жорий йилнинг 29-майидан 5 июнига қадар фаол ижодкорлар ўртасида Халқаро Проза фестивалини ўтказди. Фестивал пандемия туфайли онлайн тарзда бўлиб ўтди. Лотин Америка мамлакатларининг аксар қисмидаги испанзабон ёзувчилардан ташқари, фестивалда Европа ва Шарқ давлатлари, жумладан Ўзбекистондан ҳам икки нафар ижодкор иштирок этди.

Ўзбек ёш ёзувчилари Шерзод Ортиқов ҳамда Нодирабегим Иброҳимова 4 июнь куни Тошкент вақти билан 24:00 да онлайн платформада ўз маърузаларини жонли эфирда ўқиб бердилар. Улар кузатувчиларга “Куз симфонияси” ҳамда “Жодугар ёҳуд минг йиллик ҳаёт” номли китобларининг қисқача мазмуни ҳақда сўзлаб ўтдилар, шунингдек юртимизда анъанавий реализм ва фантастика жанри ривожи ҳақда маълумот бердилар. Шундан сўнг мулоқот савол-жавоб шаклида кечди.

Фестивал доирасида кўплаб замондош дунё ёзувчиларининг ҳикоя ва шеърлари ижод фондининг сайтида инглиз ва испан тилларида бериб борилди. Ш.Ортиқовнинг “Ёмғир вальси” ва “Соғинч”, Н.Иброҳимованинг “Мен, дадам ва Алцгеймер” ҳикоялари испан тилида  casabukowski.com адабий журналида нашр қилинди. Бундан ташқари, Чилидаги ушбу ижод фонд Nodirabegim.uz сайти билан адабий ҳамкорликни ҳам йўлга қўйди.