Башариятга дахлдор ижод

1004

6 июнь куни пойтахтимиздаги Пушкин ҳайкали жойлашган майдонда шоир таваллудининг 222 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда таниқли ижодкорлар, адабиётшунослар, кенг жамоатчилик, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси масъуллари қатнашди.
Тошкентда Пушкин номидаги кўча ва майдон бор. Қолаверса, шоир таваллудининг 170 йиллиги муносабати билан 1969 йили пойтахтимизда унинг ҳайкали ўрнатилган.
Тўйга тўёна билан деганларидек, бу сафар давлатимиз раҳбари тавсияси билан Ўзбекистонда «Рус адабиёти дурдоналари» номли 100 жилдлик асарлар ­мажмуаси чоп этилмоқда. Унинг дастлабки икки жилдига Пушкиннинг шеърий ва насрий асарлари киритилган. Бундан ташқари, кейинги пайтларда шоирнинг ҳали ўзбек тилига ўгирилмаган асарлари шоир-ёзувчиларимиз томонидан таржима қилинмоқда. Чунончи, ўтган йили Ҳумоюн Акбар Пушкиннинг бир нечта асарини ўзбекчалаштириб, китоб ҳолида чоп эттирди.
Тадбир давомида рус адабиётидан таржималар қилган, ўзбек ва рус адабиёти ҳамкорлигига ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ жамоатчилик вакилларига фахрий ёрлиқлар топширилди.
Сўзга чиққанлар Пушкиннинг жаҳон адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар, таниқли шоирлар Пушкин ижодидан янги таржималарни жамоатчилик эътиборига ҳавола этдилар. Ёш ва умидли ижодкорлардан бири эса шоир шеърларини ўзбек ва рус тилларида ўқиди.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»