Орқа товинг — эл яши!

1265

Дўмбирам, сўйла тор билан,
Қушлар учади пор билан,
Яхши инсонлар юради
Элида ёруғ юз билан.
Қувониб юрсин ҳар одам
Орқада ули-қиз билан,
Икки оғиз терма айтайин
Қўлимда сумбул соз билан…

«Алпомиш» достонини тўлиқ ҳолда ёзиб олишни мақсад қилиб Сурхон элида, Абдуназар бахши рўпарасида ўтирар эканман, дўмбирасини созлаган бахши бобо айтимини шу термадан бош­лайди. Бизнинг дарагимизни эшитиб, ҳамсоялар йиғилган. Давра қизигандан-қизийди. Бахши авжига чиқади:

Жигитни сулув кўрсатар
Олдида ини-оғаси,
Тулпорни сулув кўрсатар
Оқ айил пўштан тўғаси.
Ризқу рўзин қўшган экан
Яратган Аллоҳ эгаси,
Доно бўлар одамзод,
Жигида бўлса тоғаси…

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу манзарани видеотасмага муҳрлаймиз. «Болам, телевизорда кўрсатасизлар-ма?» деб соддадиллик билан сўрайди даврада ўтирганлардан бири. «Албатта!», деймиз кайфиятини кўтариш учун.
Хурсандчилик ва шодонлик нафаси уфуриб турган бу онларда барчанинг қувончи чексиз. Дўмбирадан таралаётган куйга сеҳрлангандек ўтиради. Ёшу қари жой олган уйдан таралаётган дўмбира овози кўчага ва рўпарадаги уйларга ҳам баралла эшитилади. Камина ҳам шу куй оғушида сармаст.
Бахши «Алпомиш»га ўтади:

«Айтмоқ бўлди биздан,
Эшитмоқ бўлди сиздан,
Айтайиқ бир бошидан,
Жомон билан яхшидан.
Икки оғиз айтар бўлдик,
Қўнғирот «Алпомиш»идан.
Ўтган бурунги замонда, элу халқи омонда, Бойсун-Қўнғирот деган томонда 19 та бийдинг авлоди ўтган эди. Ҳаммаси журтини обод қилиб, элу халқининг жеганини қанту навот қилиб, кексаларни ҳурмат қилиб, ёшлари журтига хизмат қилиб, ана бийларнинг авлодлари ўтди…».
Давра тобора кенгайиб боради. Ташқари ҳам гавжумлашади. Узун-қисқа бўлиб бахшининг шогирдлари Сафар бахши, Муҳаммад бахши, набираси Абдураҳмон бахши кириб келади.
Абдуназар бахши «Ҳой, ёра-а», деб томоғини қириб, «Э, халойиқ, доим бирга бўлайиқ, мана шундай ўтириб, созу суҳбат қурайиқ, соғ-саломат бўлайиқ, «Алпомиш»дан куйлайвериб, давру даврон сурайиқ, энди навбатни шогирдларга берайиқ», дейди. Бахшининг набираси Абдураҳмон бахши дўмбирасини чертиб, куйлай бошлайди:

Адашма, одам, йўлингдан,
Эҳтиёт бўлгин тилингдан,
Ҳар не бўлса топарсан,
Нима бўлса феълингдан.
Юз ўгирмагин элингдан,
Бир кун тутар қўлингдан,
Бардам бўл, бақувват бўл деб
Келиб суяйди белингдан,
Орқа товинг – эл яхши.

У яна бир қатор термалардан айтади. Орада тин олганда бахшиларга мақсадимизни тушунтирамиз. Уларнинг кўнглидаги қувонч юзларида акс этади, кўзлари порлайди.
Ҳовлига жой қилиниб, барча ташқарилайди. Абдуназар бахши яна жиловни қўлига олиб, пиёладаги чойдан ҳўплаб қўйиб, дўмбирасини ҳар нағмага солиб, бир зум ўйга толиб, «Илҳом кеп қолди, бир жўшайин», деб «Алпомиш»ни давом эттиради:

«Икки ака-ука – Бойбўри билан Бойсарининг хотинлари вақти-соати етиб фарзанд кўрди. Ана шунда улар бешик тўйи берганда бир дарвеш қаландар келиб, сизларга Худо фарзанд берди, менинг ҳам хабарим бор, деб Бойбўрининг ўғлининг отини Ҳакимбек қўйди, Бойсарининг қизининг отини Ойбарчин қўйди…».

Келгувчиларнинг охири кўринмайди. Ҳовлида ҳам қадам ташлашга жой топиш амримаҳол. Шунча эл йиғилган эса-да, пашша учса билинади. Ҳамма бошини тебратган кўйи ўзини, ўзлигини унутган, оҳангдан маст. Дераза ёнидаги ўрик-да тебранади. Шохларида чумчуқлар тизилади. Улар ҳам жим бўлади. Кўчаларга сокинлик қўнади.
Абдуназар бахши тинимсиз куйлайди, тўлқинланиб-тошиб куйлайди:

«Барчин энасига қараб, эна-ё, энажон, хотин бўлмайдими эрнинг вазири, деб бўзлаб турган жойи экан:
Аллоҳ менинг ақл-ҳушим олдиму,
Ўйлаб турсам кун қиёмат бўлдиму,
Хазон бўлмай қизил гуллар сўлдиму,
Ола товди қора туман чалдима,
Сўзла, эна, ҳайрон қолдим бу ишга,
Бир тарафдан лашкар босиб келдима».

Давра қуёш уфққа бош қўйиб, қоронғулик чўкаётганини ҳам илғамай қолади. Бахши куйлашдан тўхтаб, тин олгандагина даладан қайтган қўй-қўзилар маъраши қулоқларига киради…
Шу ўринда бахшининг таржимаи ҳолига қисқача тўхталиб ўтсак. У Бойсуннинг Хомкон ­қишлоғида Поён Эшқурбонов ва Ашраб Норқобилова оиласида туғилди. Мактабни, сўнгра Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлади. Қишлоғига қайтиб, касби бўйича ишлади. Ойша Поёновага уйланди.
Бу орада ўз-ўзидан дўмбирага меҳр берди. Отасидан Абрай бахши деган бобоси бўлганини эшитиб, бу бекорга эмаслигини англади. Йигирма етти ёшида достон айтди. Хушбоқ Мардонақулов, Чоршанби Раҳматуллаев, Қодир Раҳимов сингари бахшилар этагидан тутди. Уларга қўшилиб достон, терма куйлади.
Йиллар ўтиб, Гавҳар, Турсуной, Шоира, Зокир исмли фарзандлари туғилди. Термаю достонлари билан элнинг назарига тушди.
У қирқдан зиёд достон, икки юздан зиёд терма билади. «Алпомиш», «Олтин қабоқ», «Олланазар – Олчинбек», «Санам ва Гавҳар», «Равшанхон», «Гўрўғлининг туғилиши», «Торкистон», «Малла савдогар» каби достонларни куйлайди. Франция, Швейцария, Бельгия, Қирғизистон сингари мамлакатларда бўлиб, бир қанча халқаро фестивалларда ўзбек бахшичилик санъатини намойиш этди. 2003 йилда «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвони билан тақдирланди. 2019 йилда Термизда ўтказилган I Халқаро бахшичилик санъати фестивалида 1-ўринни қўлга киритди. Сафар Шайдилов, Гулбой Мирзаев, Муҳаммад Эшбоев, Шерали Жумаев, Зулхумор Шерназарова каби ­кўплаб шогирдлар тайёрлади.
Эътироф этиш жоизки, набираси Абдураҳмон бахши Абдуназаров бахшичилик анъаналарини давом эттириб, турли фестиваль ва танловларда муваффақиятли иштирок этиб келяпти. Айни пайт­­да у «Бўзатов иқтидорларни кашф этади!» шиори остидаги «Республика ёшлар овози» фестивали ҳамда Нукус шаҳрида бўладиган II Халқаро бахшичилик санъати фестивалига қизғин тайёргарлик кўряпти…
* * *
Энди яна даврага қайтамиз.

Айтади-ку, ой тувганда жориқ бўлар,
Сувли сойлар бўлиқ бўлар.
Бу кунларам бир кун бориб,
Орқамизда тарих бўлар.

Абдуназар бахши шундай дея шогирдлари билан достонни эртага давом эттиришини айтади. Эл истар-истамас тарқалади…
Абдуназар бахши хонадонидаги бундай ажойиб кунлар бир ҳафтача давом этади. Ўзи ҳам, шогирдлари ҳам тўлиб-тошиб куйлайди. Эл биринчи кундагидан кўп тўпланса тўпланадики, асло кам бўлмайди.
Ниҳоят, ишимиз якун топади. Биз «Алпомиш» достонини ёзиш жараёнини давом эттириш учун бошқа бахшилар ҳузурига йўл оламиз…
* * *
Фольклоршунос устозимиз Жаббор Эшонқулов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар бахши Поёнов маслаҳатлари бўйича олиб борган изланишларимиз узоқ давом этди. Аниқроғи, «Алпомиш» достонининг Сурхондарё-Қашқадарё варианти икки йил мобайнида ушбу воҳалар қишлоқ-­овулларини кезиб, Шеробод достончилик мактабининг 18 нафар вакили ижросида тўлиқ ­(аудио-видео кўриниши 15 соат, 27 қисмдан иборат) ёзиб олинди. Бу тўпламни яқинда Нукусда ўтказиладиган II Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида халқимизга туҳфа этиш ниятидамиз.

Ўктам ҲАКИМОВ,
фольклоршунос, тадқиқотчи