ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА ОРОМГОҲЛАР БОЛАЖОНЛАРНИ ЧИНИҚТИРМОҚДА

127

Ёз фасли давомида болалар оромгоҳлари карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда қисман ишлаб келди. 15 августдан бошлаб эса болалар оромгоҳлари фаолиятига яна рухсат берилмоқда. Кузга қадар болаларни бағрига олувчи ушбу оромгоҳларга бориш тартиби қандай? Пандемия даврида улар қай тартибда ишлади? Қуйида шу саволга жавоб топиб, Тошкент вилоятидаги сара оромгоҳлар билан ҳам танишасиз.

ПАНДЕМИЯ ДАВРИДА ОРОМГОҲЛАР ФАОЛИЯТИ

Касаба уюшмаси матбуот хизматининг ёзишича, карантин даврида оромгоҳларда болалар саломатлигини муҳофаза этиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида болалар ёзги оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш бўйича махсус талаблар ишлаб чиқилиб, оромгоҳлар фаолиятига татбиқ этилиши йўлга қўйилган. Биноларда профилактик дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ўтказилиб, оромгоҳларнинг кириш қисмида дез тўшамалар ташкил этилди. Оромгоҳлар ҳудудига оромгоҳ фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бегона шахслар ва автомашиналарнинг кириши қатъиян тақиқланди.

Шунингдек, мавсум бошлангунга қадар оромгоҳларни малакали тиббиёт ходимлари, яъни, камда 1 нафар шифокор ва 1 нафар ҳамшира билан таъминлаш, озиқ-овқат таъминоти, хавфсизлик, шошилинч тиббий ёрдам чақириш схемасини ишлаб чиқиш чоралари кўрилди.

2020 йилнинг 18 июнь ҳолатига кўра Республика бўйича жами 62 та стационар турдаги оромгоҳларда 6 минг 254 нафар бола соғломлаширилган. Жумладан Тошкент вилоятида –7 та оромгоҳда 650 нафар бола ҳордиқ чиқармоқда. Болалар тиббий кўрик ва коронавирусни аниқлаш тестидан ўтказилиб, автоуловларда йўл ҳаракати патруль хизмати ходимлари кузатувида оромгоҳларга олиб келиниши йўлга қўйилган.

Жорий йилги мавсумда ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилган. Хусусан, Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояталаб, кам таъминланган оилалар фарзандлари жамоа шартномалари ва келишувлари орқали имтиёзли йўлланмалар билан таъминланди. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, шунингдек, жисмоний имконияти чекланган болалар имтиёзли равишда дам олдирилиб, соғломлаштирилди.  

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ОРОМГОҲЛАРИ

Вилоят статистика бошқармасидан олинган маълумотларга кўра ҳудудда 80 дан зиёд ёзги болалар оромгоҳлари мавжуд. Уларнинг аксарият қисми Бўстонлиқ туманида жойлашган. Сабаби туман ўзининг гўзал табиати ва тоза ҳавоси билан болажонлар учун жуда фойдалидир. Қуйида уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.

«Фазогир Гагарин» болалар соғломлаштириш оромгоҳи 1973 йилдан бери фаолият кўрсатади. У Бўстонлиқ тумани, Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган. Ҳудуди 10 гектарга тенг. Оромгоҳда 8 та отряд, тиббиёт пункти, ошхона, эстрада саҳнаси, чўмилиш ҳовузи, спорт майдончаси, маънавият ва маърифат хонаси, турли тўгараклар, кутубхона, ҳаммом болалар хизматида бўлган. Ҳар йилнинг ёзида оромгоҳ уч мавсум ишлайди. Бир мавсумда 200 болани қабул қила олади. Оромгоҳ Чимён ва Чотқол тоғ тизмалари билан ўралган.

«Белдирсой» соғломлаштириш лагери эса Угам-Чотқол қўриқлаш зонасида жойлашган. Битта смена ўз ичига 500 га яқин болаларни олади. Лагерда ўтган ёз фасллари давомида турли ҳил кўнгилочар тўгараклар, дискотекалар, танловлар фаолият юритган. Лагерда мусиқа, рақс, расмчилик, шунингдек спорт ўйинлари, ҳовузда сузиш, саёҳат, лойдан нарсалар ясаш ва биссер қилиш бўйича дарслар олиб борилган.

«Камолот ёшлар оромгоҳи» ёшлар лагери Тошкент шаҳридан 110 км узоқликдаги Чимён поселкасида жойлашган. Лагернинг бутун ҳудуди бўйлаб турли ҳил дарахтлар қад ростлаб туради. Лагерда 2 та яшаш корпуслари мавжуд. Уларнинг ҳар бири 75 кишилик. Умумий жойлар сони – 150 та. 

Лагерда 2 та конференц зал бўлиб, 250 кишилик. Шунингдек, 2 та компьютер хонаси мавжуд бўлиб, унда 20 та компьютер мавжуд. Лагер ҳудудида шунингдек, тиббиёт пункти ҳам бор. У ер барча керакли нарсалар билан жиҳозланган. Болалар соғлиғини мутахассис шифокорлар кузатиб борадилар.

 Лагер ҳудуди болалар ўйин майдончалари, кинозаллар, рақс майдончалари, кутубхоналар билан жиҳозланган ва ёқимли ҳордиқ чиқариш учун барча шароит мавжуд. 

«Конструктор» соғломлаштириш болалар лагери 1968 йилда қурилган бўлиб, 2012 йилда янгидан таъмирланган. Лагер ҳудудида бассейн, душ, кутубхона, медпункт, ошхона, футбол ва валейбол учун майдончалар, теннис столлари, тўгарак учун бино, арғимчоқлар билан болалар майдончаси ва кўнгилочар кўпгина нарсалар мавжуд. Бу лагерда кун тартиби аниқ белгиланган бўлиб, шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки бу ерда спортга катта аҳамият берилади ва 5 махал овқатланиш йўлга қўйилган. Бу эса болаларнинг кучли ва соғлом ўсишини таъминлайди.

«Қуёшли» болалар соғломлаштириш лагери Чимённинг манзарали жойида жойлашган. Лагердаги тоза тоғ ҳавоси, манзарали табиат болаларга яхши таъсир ўтказади. Лагерда 300 дан ортиқ болалар ҳордиқ олишади. 

«Қуёшли» болалар соғломлаштириш лагерида қуйидагилар мавжуд: сузиш ҳовузи; футбол ва волейбол майдончаси; теннис корти; турли маданий тадбирларни ўтказиш учун ёпиқ зал ва кўпгина бошқа нарсалар.

«Анор» болалар соғломлаштириш оромгоҳи 2019 йил Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган.

Мазкур болалар соғломлаштириш оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган меҳнаткашлар фарзандларини ўз қучоғига олди. 10 гектардан зёд майдонда қурилиб, фойдаланишга топширилган ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари учун 25 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

Шунингдек, Паркент, Қибрай, Ўрта Чирчиқ, Ангрен, Зангиота, Бўка каби туманларда ҳам болалар оромгоҳлари мавжуд. Айтиш керакки, Тошкент вилоятининг сара оромгоҳларида Сардоба фожеасида жабр кўрган оилаларнинг фарзандлари мароқли ҳордиқ чиқариб, ёзги таътилни унумли ўтказдилар. Оромгоҳларнинг барчаси пандемия туфайли турли кўнгилочар тадбирларни тўхтатишган ва асосий эътиборларини болаларни жисмонан соғломлаштириш, индивидуал тарзда иқтидорларини намоён қилишларига қаратишган.

ОРОМГОҲГА КИМЛАР БОРИШИ МУМКИН?

Болалар соғломлаштириш оромгоҳларига 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлар боришлари мумкин. Уларнинг ёши ва қизиқишини инобатга олган ҳолда, тарбиявий ишларнинг мазмуни бўйича қуйидаги ихтисослашган йўналишларда оромгоҳлар ташкил этилади: интеллектуал ривожлантириш (10-14 ёшдаги болалар учун), спорт-соғломлаштириш (8-18 ёш), меҳнат ва дам олдириш (15-18 ёш), ҳарбий-спорт (12-17 ёш), экологик-биологик, ўлкашунослик, техник, бадиий ижодкорлик, ижтимоий мослашув (7-14 ёш) ва бошқа йўналишларда.

Оромгоҳларнинг олдидаги вазифалар эса қуйидагича: болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш; болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш;

болаларни ўзбек халқининг тарихий ва миллий анъаналари ҳамда маънавий қадриятлари билан таништириш; болаларда “оммавий маданият”нинг турли иллатларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, улар онгига умуминсоний ва миллий қадриятларни сингдириш; болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш; оромгоҳнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш.

 ЙЎЛЛАНМА ОЛИШ ТАРТИБИ

Ота-оналар фарзандлари учун болалар соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли йўлланмаларни ўзлари ишлаб турган корхона, ташкилот ёки муассаса бошланғич касаба уюшма қўмитаси орқали ўрнатилган тартибда олиш имконига эгалар.

Йўлланма олиш учун ходим касаба уюшма қўмитаси номига ариза билан мурожаат этади. Оромгоҳга йўлланма олиш учун ариза ходим томонидан соғломлаштириш мавсуми бошланишидан бир ой олдин берилади. Аризага ходимнинг паспорт нусхаси ҳамда фарзандининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси илова қилинади. Оромгоҳга 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ҳудудий поликлиника томонидан берилган тиббий маълумотнома (079/х шакл) билан қабул қилинади. Ишламайдиган фуқаролар фарзандларини дам олдириш учун оромгаҳларга йўлланмаларни оромгоҳни балансда сақловчи хўжалик органининг касаба уюшма қўмитасидан ёки оромгоҳдан йўлланма қийматининг 100 фоиз тўлови билан ҳарид қилишлари мумкин.

Нодирабегим Иброҳимова,

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ходими.

Бошқа хабарлар