Тошкент вилоятидаги эҳтиёжманд оилаларга ёрдам пуллари тарқатиб бўлинмоқда

168

Хабарингиз бор, Президент фармонига асосан, «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали республика бюджетидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратилган. Тошкент вилоятидаги 22 та туман-шаҳарлар «Темир дафтар»ига киритилган оилаларга ҳам моддий ёрдам пуллари деярли тарқатиб бўлинди.

Вилоят бўйича жами 34 972 та хонадон «Темир дафтар»га киритилган бўлиб, оила аъзолари сони 151 мингдан зиёд кишини ташкил этади. Энг кўп эҳтиёжмандлар сони Янгийўл (2649) тумани ҳиссасига тўғри келади. Республика бюджетидан Тошкент вилояти учун ажратилган маблағ миқдори 20 миллиард 851 миллион 380 минг сўмни ташкил этади. Жорий йилнинг 13 август куни ҳолатига ушбу маблағдан 19 млрд 631 млн 260 минг сўми 23 785 та оилага тарқатиб бўлинган.

Туман-шаҳарлар миқёсида оладиган бўлсак, Бўстонлиқ, Бекобод, Бўка, Юқори Чирчиқ, Ангрен, Чиноз, Зангиота, Тошкент, Қибрай Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ туманлари, Оҳангарон, Янгийўл, Нурафшон, Олмалиқ, Бекобод шаҳарларининг барча сектор раҳбарлари томонидан «Темир дафтар»га киритилган жами эҳтиёжманд оилаларга маблағлар 100% тўлаб берилган.

Қолган ҳудудлар ҳам тез кунларда режани тўлиқ бажариши кутилмоқда.

Аҳоли ёрдам пулидан розими? Шу мақсадда “Темир дафтар”га киритилиб, моддий кўмак олган юртдошларимизни саволга тутдик.

Янгийўл туманида яшовчи, II гуруҳ ногирони Тўлаганов Жўрабой: «Президент томонидан берилган маблағни олдим, ҳаммага раҳмат, соғ бўлинглар. Барчангиздан Оллоҳ рози бўлсин».

Шу тумандаги “Юксалиш” маҳалласидан Саидвалиева Хосият: «Кўп фарзандли эҳтиёжманд оила бўлганимиз учун бизга Президентимиз томонидан ёрдам пули ажратилди. Карантин даври бўлишига қарамай, шундай эзгу ишларни амалга оширишмоқда. Ҳаммаларининг тан-жонлари соғ бўлсин. Мен бу пулларни болаларимнинг эҳтиёжларига ишлатаман. Мутасаддиларга Худо қувват берсин.»

Олмалиқ шаҳри “Бўстон” маҳалласи фуқароси Муножот Шарипова: «Уч нафар фарзандим билан бева қолганимга 3 йил бўлди. Президентимиз томонидан берилган моддий ёрдам оиламиз учун, айниқса, фарзандларим учун қувончли хабар бўлди. Илоҳим, юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин. Бу оғир синовлардан барчамиз ёруғ юз билан чиқиб олайлик».

Оҳангарон тумани «Ўзбекистон» маҳалласидан Нуролова Феруза: «Ҳозирги кунда соғлиғим яхши эмаслиги туфайли Президентимиз томонидан бир марталик ёрдам пули ажратилди. Карантин бўлгани учун ҳеч қаерда ишламайман. Ёрдам пулига эса шифохонага ётиб даволанмоқчиман.»

Бу каби эзгу ишлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.

Нодирабегим Иброҳимова,

Тошкенти вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳодими

Бошқа хабарлар