Ҳисобот-сайлов конференциялари

302

Шу кунларда ишчи-ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айлантирган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қурултойига қизғин тайёргарлик кетяпти.
Айтиш жоизки, тизимдаги барча бошланғич ташкилотларда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов конференциялари уюшқоқлик билан онлайн тарзда ташкил этилди. Бош­ланғич ташкилотларга фаол ва изланувчан етакчилар сайланди.

Айни пайтда эса қизғин руҳда ўтаётган ҳудудий бирлашмалар ва Республика кенгашлари конференцияларида касаба уюшма ташкилотларининг меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш борасидаги фаолияти сарҳисоб қилинмоқда.
Карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилаётган конференцияларда ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар ҳамда бу борадаги саъй-ҳаракатлар замирида инсон манфаатлари устувор бўлгани алоҳида таъкидланяпти.

Кучайиб бораётган ҳимоядан кенгайган ваколатларгача!

Хабарингиз бор, давлат раҳбарининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан аҳолининг кўмакка муҳтож тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича манзилли чоралар белгиланган эди. Вилоятда касаба уюшма фаоллари мазкур қарор ижросига астойдил киришгани рост: токи давлат томонидан берилажак ёрдамга муносибларнинг ­муносиблари танлансин!
Айни вазифалар доирасида ҳар бир тумандан 5 тадан оилага янги уй-жой қуриб берилди, 25 тадан оиланинг уй-жойи таъмирдан чиқарилди. Ҳудудлардан 70 тадан хонадонга маиший техника жиҳозлари совға қилинди, вилоят бўйича оғир хасталикка чалинган 96 нафар юртдошимиз тўлиқ даволаниб, барча зарур дори-дармонлар билан таъминланди.
Яна бир муҳим вазифа эса Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар билан боғлиқ бўлиб, Президент топшириғига кўра айни масаладаги Респуб­лика ишчи гуруҳига Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилик қилганлиги жамоатчиликка яхши маълум. Мамлакат бўйлаб уйма-уй юриб ўрганишлар, хусусан, турмуш шароити оғир бўлган хотин-қизларнинг бугунги ҳолати хусусида аниқ-тиниқ тасаввур берувчи таҳлилларга суяниб қабул қилинган қарорлар натижасида Андижонда ҳам эътиборга муҳтож озмунча опа-сингилларимизнинг муроди ҳосил бўлдими? Ҳолатга холис баҳо берган жамоатчилик фаоллари айтмоқдаки, айни соҳада амалга оширилган вазифалар гўёки сувсизликдан чанқаб турган гиёҳга обиҳаёт улашгандек гап.
Айни таҳлиллардан сўнг қабул қилинган дастур доирасида касаба уюшмалари ҳамда хусусий тадбиркор маблағлари тенг улушлари ҳисобидан Марҳамат туманида «Kasaba tekstil hamkor» масъулияти чекланган жамияти барпо этилди. Яратилган 600 та иш ўрнига ижтимоий шароити оғир ҳамда ишсиз хотин-қизлар жалб этилди. Бу каби йирик лойиҳага вилоятнинг яна икки ҳудудида старт берилди.
Оилавий шароит сабаб хорижга иш излаб кетган опа-сингилларимиз билан боғлиқ масала оғриқли мавзулардан бири. Дастур доирасида туман ва шаҳарларда чет элдан келган хотин-қизлар билан тизимли ишлаш доимий кун тартибида. Айни паллага қадар вилоят бўйича 5 минг нафардан зиёд хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.
Яна 537 нафар оғир ижтимоий вазиятдаги аёлнинг уй шароитида бандлигини таъминлаш мақсадида 198 та тикув машинаси, 287 та электр печи етказиб берилди, 38 та иссиқхона қурилди, 14 та қорамол ва бошқа воситалар билан таъминланди. 1024 нафарига саломатлигини тиклаш, 5 минг 194 нафарига маиший шароитларини яхшилаш учун моддий ёрдам ажратилди.
Энг муҳими, Касаба уюшмалари Федерациясида ташкил этилган 24 соатлик режимда ишловчи 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони» фаолияти йўлга қўйилгач, жорий ярим йиллик якунига қадар Андижондан ҳам турли йўналишдаги ўткир ҳаётий масалаларда 1 минг 811 та мурожаат келиб тушган. Албатта, қабул қилинган ҳар бир таклиф, арз ва шикоятларда кўтарилган муаммоларни мутахассислар тезкорлик билан таҳлил этиб, мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиб келишяпти.
Энди асосий фаолият билан боғлиқ мавзуга қайтсак. Бугун вилоятда 64 та тармоқ касаба уюшмалари шаҳар, туманлар кенгашлари, 2 минг 441 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари мавжуд. Улар ўз сафига 334 минг 831 нафар аъзони бирлаштирган. Жумладан, ҳисобот даврида нодавлат сектордаги корхона ва ташкилотларда касаба уюшмалари ташкилотлари тузиш, уларда ишловчиларни касаба уюшмалари хизматига олиш орқали ҳар томонлама муҳофаза қилинишига эришиш мақсадида 11 минг 663 та ташкилотнинг 192 минг 298 нафар ходими аъзоликка қабул қилинди. Бу жуда катта куч. Шу билан бирга, тизим фаоллари зиммасида катта масъулият бор дегани. Ахир мана шунча ишчи-ходимнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашнинг ўзи бўлмайди.
Айтайлик, зикр этилаётган муддат оралиғида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига 1 минг 48 та ёзма, оғзаки, ишонч телефони орқали ҳамда электрон мурожаатлар келиб тушган. Бундан 401 та ҳолат меҳнатга оид ҳуқуқларнинг бузилиши билан боғлиқ бўлиб, касаба уюшмаларининг аралашуви билан адолат қарор топишига эришилди ҳамда мажбурий бекор юрган вақтлари учун 248 миллион 699 минг 373 сўм миқдоридаги ҳақлари ундириб берилди.
Ҳисобот йилларида корхона, ташкилот, муассаса ҳамда шаҳар ва туманларда ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда улар ўртасида ҳуқуқий тарбияни яхшилашга алоҳида эътибор қаратиляптики, аксар ҳолларда иш берувчи ҳамда ходим ўртасида юзага келган низоларнинг бирлашмага қадар етиб келмай, қуйи тизимдаги фаолларнинг аралашувчи билан ижобий ечим топаётганлиги боиси шундан.
Ўтган давр ичида корхона, ташкилот ва муассасаларда тузилган жамоа шартномаларига илова қилинган «Меҳнатни муҳофаза қилиш битимлари»да 244 минг 57 та тадбирни амалга ошириш, бунинг учун иш берувчилар ҳисобидан 81 миллиард 918 миллион сўм маблағ сарфланиши белгиланди. Бу борадаги режалар расамади билан амалга оширилди. Жумладан, ҳудудда айни йўналишда ҳар бир ходим учун ўртача 210 минг 400 сўмдан маблағ сарфланган.
Албатта, камчиликдан ҳоли бўлмаган ҳолатлар ҳам бор. 580 та корхона ва муассасаларда меҳнат муҳофазаси йўналишида амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган ўрганишларда 1 минг 800 тадан зиёд камчиликлар аниқланган. Иш берувчиларга 277 та тақдимнома киритилиб, муаммолар тўлиқ бартараф этилган.
Андижонда ўтган бирлашма кенгаши конференциясида бирлашма раиси Шокиржон Болтабоев шу каби масалаларга атрофлича тўхталди. Пировардида айтдики, «камчиликларимиз ҳам йўқ эмас, насиб қилса, фаоллар билан келгуси беш йиллик учун мўлжалланган режаларда ана шу жиҳатларга астойдил эътибор қаратмоқчимиз».
Тафтиш комиссияси ҳам ўз ҳисоботида фаолият билан боғлиқ рақамларни пишиқ-пухта таҳлил қилиб, делегатларга ҳавола қилди. Англашилича, айни масалаларда жиддий қонунбузилишлар йўқ, бироз эътиборсизлик ва чалкашлик эвазига унда-бунда учраган айрим камчиликлар эса ўрганишлар жараёнида аллақачон тузатилган.
Конференцияда «Uz Auto motors» акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси раиси Ўктамжон Мирзаев, Андижон шаҳридаги 10-умумтаълим мактаби касабақўм етакчиси Зулфия Содиқова, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшма қўмитаси Андижон шаҳар кенгаши раиси Хайрулло Алимжонов ва бошқа фаоллар сўзга чиқиб, ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар, жумладан, кенгаш раиси маърузаси ҳамда тафтиш комиссияси хулосаси юзасидан ўзларининг фикр-муносабатларини баён этишди. Оралиқ даврда ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси борасида жуда катта ижобий қадамлар қўйилгани аниқ мисол ва таҳлиллар асосида қайд этилди.
Эътиборлиси, барча фаоллар бундан буён ходимлар вакилларининг иш берувчилар олдида янаям қўли узун, сўзи бутун бўлишини зўр ишонч билан таъкидлашди. Нега? «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган ваколатлар ҳазилакам ­гапми?» дейишди улар ўз фикрларини асословчи бир қатор мисоллар келтириб.
Пировардида бирлашма раиси Шокиржон Болтабоевга бир овоздан яна ишонч билдирилди.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар