Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг   ҳамкорлиги  кенгаймоқда

307

2021 йил 4 июнь куни Ўзсаноатқурилишбанк раҳбариятининг Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Молиявий институтлар бошқарувчи директори Франсис Малиж ва Капиталга инвестициялар масалалари бўйича бошқарувчи директори Хассан Эл Хатиб бошчилигидаги делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида Ўзсаноатқурилишбанк лойиҳаларини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорлик ҳолати, икки томонлама шериклик муносабатлари ривожининг истиқболлари ҳамда банк-молия соҳасини ислоҳ қилишда ЕТТБ кўмагига оид масалалар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Банкнинг ЕТТБ билан ҳамкорлиги самарали кечди. Хусусан, охирги 3 йилда 5 та икки томонлама битим имзоланди.

Жумладан, 2019 йилда имзоланган револьверли кредит линияси доирасида умумий қиймати 28,4 млн. АҚШ долларига тенг 53 та келишув бўйича молиялаштириш очилган. Савдога кўмаклашиш дастури (TFP) доирасида эса Ўзсаноатқурилишбанк томонидан 50,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 19 та лойиҳа учун ЕТТБнинг кредит кафолатларидан фойдаланилган.

Бундан ташқари, 2020 йил июнь ойида имзоланган қиймати 40 млн. АҚШ долларига тенг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш бўйича заём битими туфайли банк томонидан тадбиркорлик субъектларининг 52 та лойиҳаси молиялаштирилди.

Бугунги кунда томонлар «Яшил иқтисодиётни молиялаштириш механизми» ва «Таваккалчиликларни тақсимлаш механизми» каби янги молиявий маҳсулотларни банк фаолиятига жорий этиш устида иш олиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тақдим этаётган хизматлар турларини кенгайтиради ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига жалб қилинган корхоналарни молиялаштиришдан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

ЕТТБ, шунингдек, Банкни трансформация қилиш жараёнларига ҳам ҳар томонлама кўмаклашмоқда. Жумладан, Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда мазкур молиявий институт томонидан Банк Ғазначилигини трансформация  қилишга  KPMGнинг  халқаро  консультантлари жалб этилган.