Устувор вазифалар таҳлили, истиқбол режалари муҳокамаси

157

Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги – миллий юксалиш босқичига дадил қадам қўймоқда. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда тадбиркорлик ҳаракатига кенг йўл очилди, инвестиция киритиш кафолатлари кучайтирилди. Жалб этилаётган инвестициялар, биринчи навбатда, иқтисодиётни модернизациялаш, таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва товарларни диверсификациялашга йўналтирилгани натижасида уларнинг технологик таркиби ҳам ўзгариб, самарадорлиги ортмоқда. Бундай ютуқларга эришишда касаба уюшмаларининг ҳам ўзига хос ҳиссаси бор.

Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг сўнгги беш йиллик давридаги фаолияти сарҳисоб қилинган IV қурултойда бу жиҳатлар алоҳида таъкидланди. Онлайн тарзда ўтказилган анжуманда ўтган даврда амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилиб, келгусидаги фаолиятнинг устувор вазифалари белгилаб олинди.
Қурултойда таъкидланганидек, ҳозирги кунда ишчи ва хизматчилари тармоқ касаба уюшмаси хизмати билан қамраб олинган тўқимачилик, коммунал, савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш корхоналари, бозорлар, савдо комплекслари, ҳунармандлар, оилавий, якка тадбиркорлар ва тармоққа оид кичик бизнес субъектларида 249 334 нафар касаба уюшмаси аъзосини ўз таркибига бирлаштирган 2642 та ­бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолият юритмоқда.
Икки йил бурун касаба уюшмаси тармоқ тизимида 2597 та ташкилот бўлган бўлса, шу йил бу кўрсаткич 2642 тага етди. Бу, ўз навбатида, ­аъзолар сони ҳам ўсиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди, деганидир.
Ўтган йилларда нодавлат секторга мансуб бозорлар, меҳмонхоналар, ҳунармандлар, оилавий корхоналар, кичик бизнес корхоналари, трансмиллий корхоналарни тармоқ касаба уюшмасига жалб этиш ва уларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий манфаатлари ҳимоясини таъминлашга катта эътибор берилди. Бу борада 1200 тадан зиёд бошланғич касаба уюшма ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатилди.

Ижтимоий шерикликни ривожлантириш мақсадида Республика Кенгаши ва 10 та паритет органлар ўртасида 2015-2020 йилларга мўлжалланган тармоқ келишувлари асосида қатор ишлар амалга оширилди.
Тармоқ касаба уюшмаси кўмагида «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури» ижроси бўйича тасарруфдаги ташкилотларда имзоланган жамоа шартномалари орқали ишчи-ходимларга, пенсия ёшидаги кишиларга нафақага чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш, юбилей саналари муносабати билан тақдирлаш, корхоналарнинг собиқ ходимлари, икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларини қисман қоплаш, кам таъминланган ёш оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа кўринишдаги кўмак бериш ишлари учун 6473 нафар ишчи-ходимга иш берувчилар ҳисобидан 1 миллиард 100 миллион сўм, касаба уюшмалари ҳисобидан эса 146 миллион 375 минг сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Қабул қилинган тармоқ келишувларига асосан тармоқ тизимига кирувчи бошланғич касаба уюшма ташкилотлари, кичик бизнес субъектлари ходимлар сонидан қатъи назар, юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари тузилиб, уларга давр талабидан келиб чиққан ҳолда қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб борилди.
Бандликни таъминлаш масалалари бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Иш ўрни қисқартирилаётган ходимларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари кўмагида корхона ва ташкилотларда ходимлар бошқа касбларга қайта ўқитилиб, малакаларини оширишди.
Касаначилик меҳнатидан фойдаланаётган тармоқ корхона ва ташкилотлар сони йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Жумладан, 2015 йилда 429 та корхона ва ташкилотда 4550 нафар касаначи учун иш ўрни очилган бўлса, 2019 йилга келиб 512 та корхона ва ташкилотда 4916 та касаначилик иш ўрни ташкил этилди.
Барпо этилган янги иш ўринларида қонун ва меъёрлар талабига мос муносиб меҳнат шароитлари яратилишининг ҳаққонийлиги жойларга чиқиб ўрганилди.
Ҳисобот даврида меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик назоратини талаб даражасида ташкил қилиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Иш жойларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилишини таъминлаш ва назорат қилиб бориш бўйича касаба уюшма органлари комиссиялари ва сайланган ваколатли вакиллар фаолиятини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида 360 та йирик корхона ва ташкилотнинг назорат-профилактика фаолиятлари ўрганилди ва амалий ёрдам кўрсатилди. Ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича ўқиш ва йўриқларни талабларга мувофиқ ташкил этиш, жамоат комиссиялари аъзолари ва вакилларининг ўқувини ташкил этиш, фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғуртасини ўтказиш ва бошқа масалалар доимий назоратга олинди.
Ўтган даврда 448 та меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонун, қоида ва меъёрлар бузилишлари аниқланди ва уларни бартараф этиш бўйича иш берувчи ва бошланғич касаба уюшмаларига 395 та тақдимнома киритилди. Уларнинг 93 фоизидан ортиғи касаба уюшмаси аралашувидан кейин белгиланган муддатларда бартараф этилди.
Тармоқ корхона ва ташкилотларида ўтказилган иш ўринларининг шаҳодати бўйича берилган хулосаларда кўрсатилган зарар ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини бартараф этиш бўйича тавсиялар асосида чора-тадбирларни ишлаб чиқилиб, уларнинг жамоа шартномалари ва меҳнат муҳофазаси битимларига киритилишига эришилди. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси бўйича уч босқичли маъмурий-жамоат назоратининг йўлга қўйилиши, унда иштирок этувчи меҳнат муҳофазаси вакиллари ва жамоат комиссиялари аъзоларининг ўқув ва малакаларини ошириш масалаларига катта аҳамият берилди.
Ҳисобот даврида 2762 та корхонада уч поғонали назорат йўлга қўйилди, 11250 та меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ва комиссия аъзолари меҳнат муҳофазаси бўйича иш берувчилар ҳисобидан ўқитилди.
Лекин амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, айрим корхоналарда хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтиришга етарлича эътибор берилмагани ортидан ишлаб чиқаришда 2015 йилда 17 та, 2019 йилда 7 та бахтсиз ҳодиса рўй берган.
Баъзи корхоналарда ишловчиларни ўз вақтида ва сифатли махсус кийим-бош, ҳимоя воситалари, даволаш профилактика озиқ-овқатлари билан таъминлаш борасида камчиликларга йўл қўйилгани бу борадаги фаолиятни янада кучайтиришни тақозо этади.
«Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилгани ҳолатларини бартараф этиш юзасидан зарур чораларни кўриш касаба уюшма ташкилотлари фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ўтган даврда тармоқ касаба уюшмасига фуқаролардан турли йўналишларда келиб тушган 137 та мурожаатнинг аксар қисми ижобий ҳал этилди.
Ўрганилган ёзма аризаларда меҳнаткашларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга оид иш берувчиларга 27 та тақдимнома ва фуқаролик ишлари бўйича судларга 7 та даъво аризаси киритилди, 8 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланиб, уларга 33 миллион 833 минг сўм миқдорида моддий зарар ундириб берилди.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш, мукофотлар, қўшимча тўловлар ва устамаларни ундириб бериш, ишга тиклаш, ногиронлик нафақаси, йўлланмалар олиш каби масалалар юзасидан «Ишонч телефони» орқали 1000 тадан ортиқ мурожаатларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ҳисобот даврида тизимдаги меҳнат жамоаларида қатор мавзуларда «Маънавият соатлари» ўтказилди. Ҳар ойда ­бошланғич ташкилотларда ўтказилган бундай тадбирларда 2 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим иштирок этган. Уларда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кўҳна қадриятлар, бой тарихимиз ва маданий меросимиз ҳамда соғлом турмуш тарзига оид мавзуларда мулоқотлар ўтказилган.
«Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш Концепцияси»да белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди. 2017 йилда Тошкент шаҳридаги «Ёшлик» спорт мажмуасида тармоқ касаба уюшмаси ташкилотлари ходимлари ўртасида мини-футбол бўйича ­республика очиқ турнири ўтказилди.
2018 йилда эса ҳудудларда «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!» шиори остида республика оилавий спорт мусобақалари ташкил этилиб, уларда ҳудудлардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган 8 минг нафар ходим ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Шу билан бирга, корхона ва ташкилотлар билан имзоланган қўшма қарорлар асосида ёшлар ўртасида ўтказилган «Ёшлар-тур» веломарафони, «Шунқорлар», «Ёш чегарачилар», «Футболимиз келажаги», «Маҳалламиз паҳлавонлари» каби спорт мусобақаларида касаба уюшмаларининг ҳамкорлиги таъминланди.
«Касаба уюшмалари – болаларга» акцияси доирасида «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан истироҳат боғларида «Спорт – саломатлик гарови», «Спорт – менинг ҳамроҳим», «Соғ танда – соғлом ақл», «Болалар спартакиадаси», «Касаба-тур болажон» каби туркум спорт-соғломлаштириш тадбирлари ташкил қилинди.
Акциялар доирасида ёз мавсуми давомида барча стационар ва кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олаётган болалар ўртасида «Соғлом бола – юрт келажаги», «Соғломжон – полвонжон» каби кўплаб спорт тадбирлари ўтказилди. Бундан ташқари, Олимпиада, Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати ва халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган таниқли спортчилар билан учрашувлар ташкил қилинди.
Ҳисобот даврида халқаро ва турдош касаба уюшма ташкилотлари билан алоқалар ҳам изчил ривожланди. Хусусан, юртимиз ва бир қатор хорижий давлатларда ўтказилган халқаро конференция, ўқув, семинар, тренингларда касаба уюшма вакиллари қатнашди.
2019 йилда илк маротаба Савдо, умумий овқатланиш, матлубот кооперация ва тадбиркорликнинг турли шакллари ходимлари Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг навбатдаги конференцияси Тошкент шаҳрида муносиб тарзда ташкил этилди.
2019 йил 19-26 ноябрь кунлари Франция Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Миллий Федерациясининг таклифига биноан Париж шаҳрида «Савдо тармоғидаги сўнгги ўзгаришлар: иш ўринларининг қисқариши ва касбларнинг роботлашуви» мавзусидаги халқаро семинарда қатнашган тармоқ вакиллари «Йирик трансмиллий савдо компанияларнинг молиявий манфаатларида амалга ошираётган ишлари тўғрисида»ги мавзу бўйича халқаро семинарда иштирок этишди. Мазкур тадбирда Франция, Португалия, Кипр, Италия, Сербия, Монако, Греция, Россия, Қозоғистон, Фаластин, Миср, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Тунис каби мамлакат касаба уюшмалари билан тажриба алмашинди.
Халқаро ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиб бориши натижасида 2016-2019 йиллар мобайнида Савдо, умумий овқатланиш, матлубот кооперацияси ва тадбиркорликнинг турли ­шакллари ходимлари касаба уюшмаси Конфедерацияси, Озарбайжон савдо, умумий овқатланиш, кооперация, санатор-курорт муассасалари, туризм, спорт, меҳмонхона, балиқ хўжалиги соҳаси ходимлари касаба уюшмаси – «Хизмат-Иш», Беларусь Республикаси савдо соҳаси ходимлари касаба уюшмаси ­Республика кенгаши, Қирғизистон Республикаси савдо, умумий овқатланиш, кооперация ва тадбиркорликнинг турли шакллари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Тожикистон савдо, матлубот кооперацияси ва хусусий ташкилотлар тармоғи ходимлари касаба уюшмаси Республика Қўмитаси, Қозоғистон кичик ва ўрта бизнес вакиллари касаба уюшмаси – «Yntymaq» ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Яқин фурсат ичида Молдова Республикаси истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва тадбиркорлик масалалари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Бутунукраина савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Латвия савдо соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши кутилмоқда.
Тармоқ касаба уюшмаси қурултойи­­да делегатлар ҳам сўзга чиқиб, амалга оширилган ишларни алоҳида эътироф этиш билан бирга, йўл қўйилган камчиликларга ҳам тўхталдилар. Шу билан бирга, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Қурултойда тармоқ касаба уюшмаси номини «Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси» деб ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилиниб, маъқулланди. Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси эмблемаси ҳам тасдиқланди.
Кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раислигига Улуғбек Муҳамедов қайта сайланди.

Салим Абдураҳмонов,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар