Ёшлар фаолиятдан розими?

66

Янги иш фаолиятини бошлаган ёшлар касаба уюшмалари ҳақида тўлиқ тасаввурга эгами? Жамоа шартномасида белгиланган имтиёзлардан фойдалана оляптими? Умуман, ёшлар касаба уюшмаларидан розими? Улар ушбу жамоат ташкилотини қай даражада суянчиқ деб билади?

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар кенгаши тасарруфдаги таълим муассаларида фаолият юритаётган ёшлар етакчилари ўртасида ташкил қилган «Ёшлар ҳаётида касаба уюшмаларининг ўрни» мавзусидаги онлайн танлов шу ва бошқа саволларга жавоб топишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Барча ёшлар етакчилари ушбу танловда иштирок этиш истагини билдирдилар
Танлов шартларига кўра, қатнашчилар меҳнат жамоаси, бошланғич касаба уюшма қўмитаси, иш берувчининг касаба уюшма ташкилоти фаолиятига яратган шароитлари, жамоа шартномаларида ёшлар учун қўшимча имтиёзлар ва кафолатлардан ҳамкасблари қандай фойдаланаётгани ҳақида «Менинг ҳаётимда касаба уюшмаларининг роли» мавзусида видеоэссэ тақдим қилди.
– Мен меҳнат шартномасига имзо чекаётган чоғимдаёқ касаба уюшмасининг нақадар нуфузли ташкилот эканини ҳис қилганман, – дейди Урганч шаҳридаги 29-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси Юлдуз Ортиқова. – ­Бошланғич касаба уюшма қўмитаси аралашуви билан синовларсиз ишга қабул қилинганман. Мактабимизда ишлаётган 93 нафар ходимнинг 23 нафари ёшлар бўлиб, жамоа шартномасидаги имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиб келяпмиз. Ходимларнинг ишлаши ва дам олиши учун муносиб шароит яратилган. 3 ёшгача фарзанди бор ёш оналар имтиёздан фойдаланмоқда. Касаба уюшмалари ташкил қилган спорт мусобақаларида фаол иштирок этамиз. «Энг фаол ёш иш берувчи» танловида мактабимиз директори ғолиб чиққани барча ёшларга рағбат бўлган эди. Касаба уюшма ташкилоти карантин шароитида ҳам ходимларнинг манфаатларини янада кучлироқ ҳимоя қилганидан мамнунмиз.
Юлдуз Ортиқова тақдим қилган видео­эссе биринчи ўринга лойиқ, деб топилган бўлса, иккинчи ўринни 12-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси Дилдора Рўзметова, учинчи ўринни 23-умутаълим мактаби ёшлар етакчиси Жуманазар Комилов эгаллади.
Ғолиблар ва иштирокчилар шаҳар кенгашининг қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар