Устувор вазифалар таҳлили, истиқбол режалари муҳокамаси

136

Шу кунларда ишчи-ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айлантирган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қурултойига қизғин тайёргарлик кетяпти.

Айтиш жоизки, тизимдаги барча бошланғич ташкилотларда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов конференциялари уюшқоқлик билан онлайн тарзда ташкил этилди. Бош­ланғич ташкилотларга фаол ва изланувчан етакчилар сайланди.
Айни пайтда эса қизғин руҳда ўтаётган Республика кенгашлари конференцияларида касаба уюшма ташкилотларининг меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш борасидаги фаолияти сарҳисоб қилинмоқда.
Карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилаётган конференцияларда ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар ҳамда бу борадаги саъй-ҳаракатлар замирида инсон манфаатлари устувор бўлгани алоҳида таъкидланяпти.

Тизимли фаолият –
самарадорлик омили

Бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти ривожини кимё ва фармацевтика саноатисиз тасаввур қилиб бўлмайди. ­Кейинги йилларда ушбу соҳалар жадал суръатларда тараққий этиб, саноат тармоқларига хомашё, турли материаллар, дори-дармонлар ва буюмлар етказиб берувчи муҳим тизимга айланди. Мамлакатимизда ҳам бу борада ўзига хос ютуқлар қўлга киритилмоқда. Халқимизни арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш мақсадида ҳудудларда фармацевтика саноати эркин иқтисодий зоналари (Нукусфарм, Бўстонлиқфарм, Паркентфарм, Жиззахфарм ва бошқалар) ташкил қилинди. Кимё саноатида ҳам кўплаб янгиликлар бўй кўрсатди. Давлатимиз раҳбарининг кимё саноатини жадал ривожлантириш, тармоққа хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб қилиш масалаларига бағишланган қарор ва фармонлари қабул қилинди. Соҳада фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш эса касаба уюшмаларининг устувор вазифаларидан биридир. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмасининг 2015 йил августдан 2020 йилнинг августигача бўлган даврдаги фаолиятига бағишлаб ўтазилган қурултойда ҳисобот даврида бу борада амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида тармоқ келишувлари ва жамоа шартномалари қайта кўриб чиқилиб, уларга қўшимча имтиёзлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида бандлар киритилди. Уларда Ўзбекистон тарафидан ратификация қилинган халқаро конвенциялар талаблари ҳам акс эттирилди. Жамоа шартномаларининг ижтимоий йўналтирилган таркибий қисми кучайтирилиши натижасида, уларда кўзда тутилган тадбирларни бажариш учун ҳар бир ходимга ўрта ҳисобда сарфланган маблағ миқдори йилдан- йилга ортиб бормоқда.
Тармоқ касаба уюшмаси ҳисобот даврида иш берувчилар билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширди. Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси»ни амалга оширишда ­Кўмаклашиш дастури»да белгиланган вазифаларни амалга оширишда Республика кенгаши мутахассисларининг ҳам ҳиссаси салмоқли бўлди. Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги «Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини бажариш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри туманларида аҳолининг арзон нархдаги дори воситаларига бўлган эҳтиёжини таъминлашда аввалдан белгиланган рўйхат-дислокация асосида ижтимоий дорихоналар ташкил этиш ишларида фаол иштирок этилди.
Республика кенгаши тайёрлаган касаба уюшмасида фаолият юритиш ва меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этиш бўйича иккита услубий қўлланма қуйи бўғинларга етказилди.
Ўтган давр мобайнида Республика кенгашининг юридик хизматига келиб тушган 620 та мурожаат ўз вақтида ижобий ҳал этилди. Аъзоликка қабул қилинган бошланғич касаба уюшма ташкилотларига ташкилий, ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича ҳам қатор ишлар амалга ошириб келинмокда. «Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари», «Ўзбекистонда ратификация қилинган Конвенциялар» мавзуларида семинар, давра суҳбати ва учрашувлар ўтказилди.
Жамоа шартномалари ходимларнинг даромадларини ошириш манбаига айланган. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимларга ойлик маошидан ташқари сарфланган маблағ миқдори йилдан-йилга ўсиб келмоқда. Республика кенгаши тизимидаги корхоналарда ҳисобот даврида жамоа шартномалари ва келишувлари ҳамда давлат дастурлари орқали ишчи-ходимларга турли кўринишдаги ижтимоий кўмак берилди. Кам таъминланган оилалар, уруш ва меҳнат фахрийларига доимий равишда моддий ёрдам кўрсатилди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш, шунингдек, уй-жой қурилиши учун 265 нафар ёш оилага 3890,2 миллион сўмлик фоизсиз ссудалар берилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим 552 нафар талабанинг ўқув шартнома пуллари қисман тўлови амалга оширилди. 1075 нафар ёш ходимга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 3083,9 миллион сўмлик фоизсиз ссудалар берилди. 47 нафар ногирон фарзандларини парвариш қилаётган оналар ва оталарга моддий ёрдам кўрсатиш учун 51 миллион 998 минг сўм ­маблағ ажратилди.
Корхона ва ташкилотлар фаолияти ўрганилиб, меҳнат муҳофазасига оид 480 та камчиликлар аниқланди. Натижалар бўйича иш берувчиларга 92 та тақдимнома киритилиб, касаба уюшмалари аралашуви билан 435 тасининг бартараф этилишига эришилди.
Ҳисобот даврида тармоқ касаба уюшмаси тизимига 91 та янги бошланғич касаба уюшма ташкилоти ҳамда 47 та цех касаба уюшма ташкилоти жалб қилинди. Республика кенгаши тизимида айни пайтда юридик шахс мақомига эга бўлган 171 та корхона ва ташкилотлар мавжуд бўлиб, уларга 60974 нафар аъзо бирлаштирилган. Бугунги уларнинг барчаси жамоа шартномалари билан тўлиқ қамраб олинган.
Узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи соҳа эгаларини рағбатлантириш мақсадида ҳар икки йилда бир марта «Ўз касбининг моҳир эгалари»ни тақдирлаш тадбири ўтказиб келинмоқда.
2017 йил 26 майдаги «2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ­ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги Президент қарори доирасида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ва Республика кенгаши қўшма қарори асосида «Электр энергияси ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш ­бўйича энг яхши бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти» танлови ўтказилди.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ва дам олдириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спорт тарғиботига эътибор кучайтирилди. Тармоқ тизимидаги корхоналарда «Соғлом оила» шиори остида оилавий спорт мусобақалари ўтказилиб, уларда 41 минг нафардан ортиқ ходим ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Бугунги кунда меҳнат жамоаларида ходимларнинг мунтазам равишда ташкил этиб келинаётган соғломлаштириш машқлари (ходимлар гимнастикаси), уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда меҳнат самарадорлигини кучайтиришда ўз самарасини бермоқда.
Хотин-қизлар ўртасида «Спорт – нафислик ва саломатлик» шиори остида спортнинг бадминтон, стол тенниси, сузиш, шахмат ва гимнастрада турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, ёзги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумлари уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Бир қатор давлатлар, халқаро турдош касаба уюшмалари билан алоқалар ўрнатилиб, тажриба алмашиб келинмоқда. 2015 йилда Россия Федерациясининг турдош тармоқ касаба уюшма ташкилоти («Росхимпрофсоюз»)ва Беларусь кимё, нефть ва тоғ саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика қўмитаси («Белхимпрофсоюз») билан ҳамкорлик келишувлари имзоланиб, улар билан делегациялар алмашуви амалга оширилди. 2018 йилда Қозоғистон Республикаси кимё ва нефткимё саноатнинг турдош тармоқлари ходимлари касаба уюшмалари ва Тожикистон Республикаси кимё, нефть тармоқлари ва маҳаллий саноат ходимлари касаба уюшмалари билан ўзаро ҳаракат ҳамда ҳамкорлик тўғрисида Меморандумлар имзоланди.
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Хотин-қизлар комиссияси тармоқдаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасалардаги аёллар манфаатларини ҳимоя қилувчи ишчи орган бўлиб, тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида фаолият юритяпти.
Тармоқ тасарруфидаги корхоналарда ишчи-ходимларнинг 28 фоизини аёллар ташкил этади. Жамоа шартномаларига ёш болали аёлларга қўшимча таътил бериш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш, аёллар учун ҳавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, бир соатга қисқартирилган иш кунини таъминлаш, аёллар меҳнатига адолатли ҳақ тўланишига эришиш каби кафолат ва имтиёзлар киритилиб, улар амалда қўлланиб келинмоқда.
Бугунги кунда тизимдаги аъзоларнинг 21500 нафарга яқини ёшлардир. Тармоқ келишувлари ҳамда корхоналарда имзоланаётган жамоа шартномаларига «Ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар» бўлими киритилиб, унинг ижросига катта эътибор берилмоқда. Ёшлар иштирокида «Маънавият соатлари» ташкил этиб келинмоқда.
Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида корхоналарда «Спорт мустаҳкам оиламиз пойдевори» шиори остида спартакиада мусобақалари катта қизиқиш билан ўтказиб келинмоқда.
Меҳнат жамоаларида «Устоз-шогирд» тизимини доимий тарзда амалиётга жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Бу борада фаол ва малакали устозларга қўшимча устамалар тўлови белгиланиб, тармоқ тизимидаги корхоналарда ишлаётган ходимлар ўртасида «Ўз касбининг моҳир эгалари»ни тақдирлаш танлови ўтказилди.
Қурултойда делегатлар сўзга чиқиб, ҳисобот даврида ўзи фаолият юритаётган ташкилотларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритишди.
– Корхонамизга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари тўрт томонлама шартнома асосида мунтазам ишга қабул қилинмоқда. Уларнинг иш жойларида қўнимлилигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Меҳнат жараёнига кўникиб кетиши учун «Устоз-шогирд» тизими йўлга ­қўйилган, – деди «Қўнғирот сода саводи» МЧЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Бахтиёр Алиёров.
Қурултойда тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раислигига Мавжуда Халилова қайта сайланди. Кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Салим Абдураҳмонов,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар