Ижтимоий ҳимоя – муҳим йўналиш

135

Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Унда ўтган беш йиллик фаолият сарҳисоб қилинди.

Таъкидланганидек, ўтган даврда қатор ишлар амалга оширилди. Бирлашма кучли ижтимоий ҳимоя­­га, айниқса, пенсия ёшидаги шахсларга алоҳида ғамхўрлик қилиб келмоқда. Хусусан, ўтган йиллар давомида 876 та корхона ва ташкилотдаги 1 минг 890 нафар ходимга моддий ёрдам кўрсатилди. Ушбу мақсадлар учун 676,1 миллион сўм маблағ сарфланди. Икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 1 минг 506 нафар онага 453,1 миллион сўмлик моддий ёрдам берилди. 110 та корхона ва ташкилотдаги 4 минг 603 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларига 139,3 миллион сўмлик ўқув қуроллари олиб берилди.
Бундан ташқари, нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди. Моддий ёрдамга муҳтож 10 минг 132 та оилага 1 миллиард 539 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.
Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 233 нафар иқтидорли, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пулларининг қисман тўлови амалга оширилиб, 699,4 миллион сўм ажратилди. 326 та корхона ва ташкилотда 498 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва маиший техника воситаларини харид қилиши учун 3 миллиард 297 миллион сўм миқдорида фоизсиз ссудалар ажратилди. Иш берувчиларга киритилган 420 та талабнома орқали 62 миллиард 250 миллион сўм маблағ ундирилди.
Ўтган давр мобайнида жамоа шартномаларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бажарилган тадбирлар сони 86 минг 138 тани ташкил қилди, уларнинг ижросига 77,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Шаҳарда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар ҳолатини, шунингдек, ишчи-ходимларнинг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олиниб, бирлашма мутахассислари «Касб касаллигининг замонавий ҳолати ва унинг профилактика чора-тадбирлари юзасидан тавсиялар» ишлаб чиқди.
Корхона ва ташкилотларда «Меҳнат муҳофазаси тўғрисида»ги қонун талабларини бажариш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан иш берувчиларга 106 та тақдимнома киритилди.
Касаба уюшмаларининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланган болаларни соғломлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Болалар оромгоҳларининг техник ҳолати ва мавсумга тайёргарлик ҳолатлари 204 маротаба ўрганилиб, йўл қўйилган камчиликларнинг барчаси мавсум бошлангунга қадар бартараф этилишига эришилди.
Бундан ташқари, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу давр мобайнида бирлашма кенгашига 1 минг 786 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатлардан 452 таси қаноатлантирилган, 1 минг 250 тасига тушунтиришлар берилган, қолган мурожаатлар тегишлилигича мутасаддиларга юборилган.
Ходимлар ўртасида миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича уч мингдан зиёд бошланғич касаба уюшма ташкилотларида «Маънавият соатлари» мунтазам ўтказилди.
«Спорт – саломатлик гарови» шиори остида спартакиада, «Соғлом оила» оилавий спорт мусобақалари, ­ҳаваскор велоспортчилар ўртасида «Kaсaбa-тур» веломарафони ҳамда спортнинг стол тенниси, волейбол, шахмат-шашка, бадминтон ва сузиш тури бўйича мусобақалар ва бошқа спорт тадбирлари ўтказилди.
Ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Оромгоҳларда 1 минг 42 нафар 21-Меҳрибонлик уйи ҳамда 324 нафар «SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмасининг Тошкент шаҳридаги филиалидаги тарбияланувчилари соғломлаштирилиб, ушбу мақсадлар учун ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан 295 миллион 800 минг сўмлик ­маблағ сарфланди.
Ҳисобот даврида касаба уюшма бюджети ҳисобидан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 21 минг 387 нафар касаба уюшмаси ҳамда уларнинг яқин қариндошлари соғломлаштирилиб, ушбу мақсадлар учун касаба уюшма бюджети ҳисобидан 26 миллиард 793 миллион сўм маблағ ажратилди.
Албатта, ҳеч бир соҳа хато ва камчиликлардан ҳоли эмас. Ҳисобот-сайлов конфренция­сида Тошкент шаҳар касаба уюшмалари фаолиятига ҳам танқидий баҳо берилди. Йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди. Келгуси фаолият режалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши таркиби тасдиқланди. Бирлашма кенгаши раиси лавозимига Сайфулла Аҳмедов қайта сайланди.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар