«Юзма-юз мулоқотга тайёрмиз…»

160

Кўпчиликка маълумки, яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси касаба уюшмалари фаолияти юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган асоссиз фикрларга ойдинлик киритиш мақсадида журналист ва блогерлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқотни видеоконференция алоқа орқали вилоятлардаги барча касаба уюшмаси вакиллари, журналист ва блогерлар бевосита кузатиб борди.

Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳам ушбу очиқ мулоқотни тинг­лаш, шу билан бир қаторда касаба уюшмаси тизимида амалга оширалаётган ишлар юзасидан вилоятдаги журналистлар ва блогерларга янада кўпроқ маълумотлар бериш мақсадида уларни бир стол атрофига жам қилди.
– Бугун ижтимоий тармоқларда айрим блогерлар орасида ноаниқ маълумотларни ҳеч иккиланмай оммага тарқатиб, шов-шув қилишга уринаётган, нохолис хабарлар ортидан ўзига «обрў» йиғаётганлар сафи кўпайиб бормоқда, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Уйчи тумани кенгаши раиси Мирзамаҳмуд Тўхтабоев. – Бир соҳа ҳақида танқидий фикр билдиришдан олдин, аввало шу тизимнинг фаолияти билан, ҳеч бўлмаса, ўттиз фоиз танишиб, сўнгра бахсга киришса мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб ўйлайман. Чунки блогерлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда уларнинг аксарияти касаба уюшмалари тизимидаги янгиликлардан мутлақо бехабарлиги баҳс-мунозараларда яққол кўзга ташланиб қолди.
Вилоят касаба уюшмалари ходимлари ҳам ушбу очиқ мулоқотдан ўзларига хулоса чиқариб, ҳар ойнинг маълум санасида журналист ва блогерларни соҳада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш, янгиликлардан бохабар қилиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида юзма-юз мулоқот қилишга тайёрлигини билдиришди.

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар