БЕКТЕМИР ТУМАНИ ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯЛИ САНОАТ РИВОЖЛАНГАН ЗАМОНАВИЙ МАРКАЗГА АЙЛАНМОҚДА

118

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 август куни Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида бажарилаётган ишлар, саноат корхоналари фаолияти билан танишди.

Пандемия туфайли вақтинча тўхтаб қолган корхоналар ўз фаолиятини тиклай бошлади. Лекин улар яна тўлиқ қувватга чиқиши учун вақт ва рағбат зарур. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонлари ва видео­селектор йиғилишларида бу борада аниқ вазифалар белгиланиб, изчил амалга оширилмоқда.

Президент дастлаб «Бектемир металл конструкциялари» масъулияти чекланган жамияти металлга қайта ишлов бериш заводига борди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 48 миллион доллар бўлиб, 2018 йилда ишга туширилган. Корхона йилига 65 минг тонна рухланган металл, 1 600 километр йўл тўсиқлари, 130 минг тонна пайвандланган қувур ва 17 минг дона ёритиш устуни ишлаб чиқариш қувватига эга.
Металл конструкцияларини иссиқ ҳароратда рухлаш Италиянинг Bisol S.p.A. ускунасида, халқаро меъёрлар ва сифат стандартлари даражасида амалга оширилмоқда. Бундай маҳсулотлар чидамлилиги, кўримлилиги ва ўрнатиш жараёнида қулайлиги билан афзал. Шунингдек, бу ерда Хитой, Жанубий Кореядан келтирилган замонавий технологиялар ўрнатилган.
Бугунги кунда ушбу корхонада ишлаб чиқарилган металл конструкцияларидан Тошкент шаҳри ва вилоятларда кенг фойдаланилмоқда.
Корхонада жами 375 нафар муҳандис ва ишчи меҳнат қилмоқда.
Президентимиз ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечириб, мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берди.
– Бу технологиялар ҳам, маҳсулотлар ҳам яхши. Лекин ҳар дам ривожланишни ўйлаш керак. Арзон, хавфсиз ва сифатли конструкциялар ишлаб чиқариб, корхонанинг қурилиш индустриясидаги ўрнини кенгайтириш зарур. Маҳсулот қачон арзон бўлади? Шароит яратсак, –деди Шавкат Мирзиёев.
Бунга эришиш учун лойиҳалаштирувчи гуруҳ тузиш, Европа мамлакатлари, хусусан, Германия тажрибаси асосида корхонани саноат кластерига айлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Малакали мутахассислар тайёрлаш ­бўйича топшириқлар берилди.
Шундан сўнг Президент тумандаги «Бинокор» масъулияти чекланган жамиятнинг ишлаб чиқариш майдонига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбарининг туманга аввалги ташрифи чоғида бу корхона фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилган эди. Умумий қиймати 50 миллион доллардан зиёд бўлган лойиҳанинг биринчи босқичи 2018 йилда ишга туширилган. Бугунги кунда иккинчи босқичи фаолият бошлаш арафасида.
Бунинг учун янги мажмуага Германия­нинг «Vollert», «Würschum», Италиянинг «Maema», «Schnell», «AWM», Россиянинг «Точная Строительная Механика», «Грузоподъем», Польшанинг «Airpol» ва Испания­нинг «Azcona Y Pantoja SL» компаниялари билан ҳамкорликда замонавий технология ва дастгоҳлар келтириб ўрнатилган.
Шу ўринда эслаш жоизки, аввалги йигирма йилда кўп қаватли уйлар қуриш ­тажрибаси йўқ бўлиш ҳолатига келиб қолганди. Бунга ихтисослашган автокранлар ҳам, мутахассислар ҳам етишмасди. Охирги уч йилда биргина Сергели туманида 460 та кўп қаватли уй барпо этилди. Мамлакатимиз бўйлаб бундай бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда.
«Бинокор» корхонасида тайёрланаётган темир-бетон панеллар кўп қаватли уйлар ва бошқа иншоотлар қуришда қўлланилмоқда. Ҳозиргача бу ерда 1 минг 200 дан зиёд муҳандис ва мутахассислар ишлаб, йилига 150 минг квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқараётган эди. Корхона тўлиқ қувватга чиққач, йилига яна 180 минг квадрат метр қурилиш панели тайёрланиб, қўшимча 670 та иш ўрни яратилади.
Президент корхона фаолияти билан танишар экан, масъулияти чекланган жамиятнинг моддий-техник базасидан фойдаланиб, бу ерда ўқув-амалиёт комбинати ташкил этиш бўйича кўрсатма берди.
– Мамлакатимизда катта-катта қурилиш­лар бўляпти, яна режалар кўп. Ёшларга замонавий қурилиш технологиялари ­бўйича етарли малака берсак, даромадлари ҳам икки-уч баробар ошади, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу ерда 2020-2022 йилларда Тошкент шаҳри ҳамда Бектемир туманида амалга ошириладиган экспорт ва инвестиция ­лойиҳалари бўйича маълумот берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги «Prof-Milk» қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда чорвачилик билан бирга гўшт ва сутни қайта ишлаш тармоғи комплекс ривожлантирилмоқда. Хусусан, бугунги кунда сутни қайта ишловчи 600 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда тайёрланаётган сара маҳсулотлар элимиз дастурхонидан жой олди, хорижга ҳам экспорт қилиняпти.
«Prof-Milk» қўшма корхонаси шу ойда ишга туширилди. Лойиҳа қиймати 3 миллион доллар бўлган ушбу мажмуа Швейцариянинг «Tanotrade» компанияси ва «Toshelektroapparat» хусусий корхонаси ҳамкорлигида замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Бу ерда 50 киши иш билан банд.
Корхонада йилига 1,5 минг тонна маҳсулот, пишлоқнинг 10 га яқин тури ишлаб чиқарилади. Жорий йилда эса эритилган пишлоқ бу қаторни тўлдириши режалаштирилган.
Президентимиз ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Корхонани барқарор хомашё билан таъминлаш, маҳсулотлар турини кўпайтириб, янги бозорларни ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу ерда «BARTEC TRADE» компанияси томонидан импорт ўрнини босувчи эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш лойиҳаси тўғрисида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари Бектемир туманидаги «Metal Processing» масъулияти чекланган жамиятда тайёрланаётган маҳсулотларни кўздан кечирди.
Умумий қиймати қарийб 34 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа саноатни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини тўлдиришда жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки тўқимачилик технологиялари ҳар беш йилда ўзгариб туради. Бундан ташқари, деталлари эскиради ё бузилади. Илгари оддий қисмлар ҳам четдан олиб келинарди.
«Metal Processing» МЧЖда тўқимачилик корхоналари буюртмаси асосида дастгоҳлар учун қоплама ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги 12 та йирик тўқимачилик мажмуаси билан ҳамкорлик ўрнатилган.
– Узоқ йиллар давомида вазият шундай эдики, машаққат билан етиштирган пахтамиздан фойдани бошқалар кўрарди. ­Кейинги пайтларда унинг юртимизда қайта ишлаш даражаси кескин ошди. Тўқимачилик кластерлари пайдо бўлди. Уларнинг замини – пахтани қайта ишлаш. Бунинг учун эса илғор техникалар, сервислар керак, –деди Шавкат Мирзиёев.
Корхонада 85 нафар мутахассис фаолият олиб боради. Швейцариянинг «SkillSonics International AG» компанияси билан ҳамкорлик асосида металлга ишлов беришда жаҳон стандартларидан фойдаланиб келинмоқда.
– Бундай корхоналарнинг «юраги» – муҳандис, конструкторлар. Афсуски, бизда кўп заводларнинг шундай «юраги» йўқ. Ақлли мутахассисларни топиб, қўллаб-қувватласак, маҳаллийлаштиришга катта ҳисса қўшади, – дея таъкидлади Президент.
Шу ерда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти кафедралари бўлимини очиб, амалиётни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди. Кооперация асосида буюртмани кўпайтириш, корхона рентабеллигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Бектемир туманидаги «Cooperation LAB» тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш марказига ташриф буюрди.
«UzAuto Motors», «СамАвто», «JV MAN Auto – Uzbekistan», «General Motors Powertrain Uzbekistan» сингари корхоналарда замонавий автотранспорт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, кўплаб эҳтиёт қисмлар хориждан олиб келинмоқда. Бозор конъюнктураси ва саноат корхоналаридаги талабни таҳлил қилиш асосида янги эҳтиёт қисмларни ўзлаштириш чоралари кўрилмоқда.
«Ўзавтосаноат» акциядорлик компания­­си ташаббуси билан Бектемир туманида «Cooperation LAB» тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш маркази шу мақсадда ташкил этилган.
Лойиҳа қиймати 2 миллион доллар бўлган бу масканда 50 киши иш билан таъминланган. Марказ ғоядан растагача тамойили асосида автомобилсозлик соҳасида тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, импортни камайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ўстиришга мўлжалланган.
Ҳудуддаги доимий ишлайдиган кўргазма павильонида «Ўзавтосаноат» ва бошқа компаниялар томонидан мамлакат автобозорига импорт қилинаётган бутловчи деталлар, хомашё ва материаллар намойиш қилинади. Улар Ўзбекистон ҳудудида, жумладан, мавжуд корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмларини ва эҳтимолий йўналиш­ларни намойиш этиш ҳамда импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш учун тақдим этилади. Юртимиздаги хомашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенг фойдаланиш рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ва бутловчи қисмлар импортини қисқартиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари марказнинг кооперация алоқаларига оид тақдимотлар билан танишди. Малакали конструктор ва олимларни жалб қилиб, янги техникаларни ўзлаштириш ва буюртма асосида етказиб бериш муҳимлиги таъкидланди.
Машинасозлик ва электротехника соҳасида кооперацияни кенгайтиришда янги очилган «Cooperation LAB» маркази катта салоҳиятга эга. Ушбу марказ тадбиркорларга «ғоядан – тайёр маҳсулотгача» инжиниринг, техник ечимлар ва бозор топиш имконини беради.
Шу ерда вилоят ҳокимларига тадбиркорлар гуруҳларини шакллантириб, марказ билан бирга саноат кооперациясидаги янги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Марказда ишлаб чиқилган таклифларни «лойиҳалар фабрикаси» орқали молиялаштириш учун тижорат банклари билан ҳамкорлик ўрнатиш кераклиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев «Cooperation LAB» марказининг ўзида ҳудудларда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масаласи бўйича йиғилиш ўтказди.
Ҳозирги кунда мамлакатимиз саноатида маҳаллийлашган маҳсулот ҳажми атиги 4 фоизни ташкил этмоқда. Шу боис маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир Президент қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, энди давлат харид­ларида юртимизда тайёрланган маҳсулотларга устуворлик берилиб, ишлаб чиқариш янада рағбатлантирилади. Жумладан, тендерда иккитадан кўп ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи мавжуд бўлганда, фақат уларнинг маҳсулоти қатнашади. Шунингдек, маҳаллий маҳсулотларга импорт товарларга нисбатан 15 фоизлик нарх преференцияси берилади. Бундан буён бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган барча харидларда маҳаллий ҳокимият вакиллари бевосита иштирок этади.
Йиғилишда шу каби имкониятларни ишга солиб, локализация ва кооперацияни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Масалан, автомобиль саноатида импорт қилинаётган 1 минг 712 турдаги бутловчи қисмларни юртимизда ишлаб чиқариб, валюта харажатларини камида 150 миллион долларга камайтириш мумкинлиги қайд этилди. Ушбу маҳсулотларни ўзлаштирувчи ҳудудий корхоналарни аниқлаб, уларда юқори қўшилган қиймат яратиш вазифаси қўйилди. Автомобиллар таннархини камайтириб, бозорда рақобатбардошлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Қишлоқ хўжалиги учун кичик механизация, ускуна ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш учун талаб ҳам, имкониятлар ҳам етарли. Масалан, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятларидаги тўла қувватда ишламаётган корхоналар ва сервис базаларида 120 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш мумкин. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларига сифатли хизмат кўрсатадиган хусусий сервис корхоналари ташкил этиш ва ушбу соҳада мутахассис тайёрлаш кераклиги қайд этилди.
Электр техникаси, автомобиль саноати ва қишлоқ хўжалиги ўртасида кооперация алоқаларини чуқурлаштириш масалалари таҳлил қилиниб, тегишли вазифалар белгиланди.
– Тармоқлар ва ҳудудлар ўртасида ўзаро кооперация бўлмас экан, қўшилган қиймат занжирини ва янги индустриал тараққиётни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда тармоқ раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари ҳисобот берди.
Президент Бектемир тумани фаоллари билан учрашди.
Бектемир тумани Тошкент шаҳри саноатининг 10 фоизини таъминлайди. Жорий йилнинг ўтган даврида бу ерда саноат маҳсулоти 9 фоизга, хизмат кўрсатиш 8 фоизга, экспорт 11 фоизга ўсган.
Учрашувда туманда янги «ўсиш нуқталари»ни топиш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш борасидаги режалар айтиб ўтилди.
Масалан, Бектемир туманига Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманларидан жами 1 минг 639 гектар ер ўтказилади. Натижада туман ҳудуди 3 минг 472 гектарга етади. Бунинг ҳисобига янги саноат ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этиш, минглаб иш ўринлари очиш имконияти яратилади.
Яқин уч йилда туманда умумий қиймати 3,3 триллион сўмлик 61 инвестиция лойиҳаси амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, жорий йилда 52 та шундай ­лойиҳа ишга туширилиб, 2 минг 700 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган.
Туманда ишсизлик даражаси 3,3 фоиз, жумладан, аёллар орасида 1,7 фоиз, ёшлар ўртасида 1,5 фоиз экани қайд этилди. Мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги, қатор маҳаллаларда ички йўллар ҳолатининг ёмонлиги, коммунал тизимларда ҳам камчиликлар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, камбағалликни камайтириш, уй-жойга муҳтож оилаларга уй ажратиш ­бўйича кўрсатмалар берилди.
Хизмат кўрсатиш соҳасини кескин ривожлантириш, янги ижтимоий объектлар барпо этиш, коммунал тармоқларни қуриш ва таъмирлаш, уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари маҳалла раислари, ёшлар етакчилари билан мулоқот қилди.
Бектемир тумани фаоллари билан учрашувдан сўнг давлатимиз раҳбари мамлакатимизда ишлаб чиқарилиши лойиҳалаштирилган махсус автомобилларни кўздан кечирди.
Ўзбекистон Президентининг 2019 йил январда Германияга расмий ташрифи чоғида «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Volkswagen» концерни ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Унга мувофиқ, Жиззах автомобиль заводида 3 хил модификациядаги «Volkswagen Caddy» минивенини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Етти ўринли бу автомобиль турли соҳаларга ихтисослаштириш учун жуда мос келади. Шунингдек, «Isuzu» заводида ҳам қулай платформа мавжуд.
Маълумки, мамлакатимизда енгил автомобиллар, юк машинлари ва махсус техникалар ишлаб чиқарилиб, айнан шу йўналишдаги сегмент бўш эди. Қўшни давлатларда ҳам бундай автомобилларга эҳтиёж бор.
Шу мақсадда тажриба тариқасида «Volkswagen», «Škoda» ва «Isuzu» линиясида махсус машиналар намуналари тайёрланди.
Шавкат Мирзиёев бундай янги йўналиш импорт ўрнини тўлдириш ва экспортни кенгайтиришда муҳим эканини таъкидлаб, керакли кўрсатмалар берди.
Ушбу машиналар жорий йилнинг тўртинчи чорагида Жиззах автомобиль заводида йиғила бошлайди. 2022 йилдан ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўзлаштириш режалаштирилган.

ЎзА

Бошқа хабарлар