Устувор вазифалар таҳлили, истиқбол режалари муҳокамаси

144

Шу кунларда ишчи-ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айлантирган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қурултойига қизғин тайёргарлик кетяпти.
Айтиш жоизки, тизимдаги барча бошланғич ташкилотларда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов конференциялари уюшқоқлик билан онлайн тарзда ташкил этилди. Бош­ланғич ташкилотларга фаол ва изланувчан етакчилар сайланди.
Айни пайтда эса қизғин руҳда ўтаётган Республика кенгашлари қурултойларида касаба уюшма ташкилотларининг меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш борасидаги фаолияти сарҳисоб қилинмоқда.
Карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилаётган анжуманларда ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар ҳамда бу борадаги саъй-ҳаракатлар замирида инсон манфаатлари устувор бўлгани алоҳида таъкидланяпти.

Ишончга қурилган пойдевор:
Саломатлик посбонлари доимий ҳимояда

Ўз сафига қарийб 750 мингдан зиёд аъзони бирлаштириб, эл саломатлигини таъминлаш йўлида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини доимий ҳимоя қилиб келаётган Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси қурултойида ўтган беш йилликда тизимда амалга оширилган ишлар батафсил таҳлил қилинди.

Ҳисобот даврида касаба уюшма тузилмасини такомиллаштириш, ходимларнинг ижтимоий иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, нодав­лат ташкилотларни касаба уюшма хизматига олиш, бандликни таъминланиш, маънавий-маърифий ва спорт масалалари юзасидан бир қатор йиғилишлар ўтказилди.
Касаба уюшмасига аъзоликнинг афзалликларини тарғиб қилиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида ҳар йили нодавлат ташкилотларни аъзоликка қабул қилиш кўрсаткичи ошиб борди.
Иш берувчилар билан ижтимоий шериклик асосида ходимларга амалдаги қонун ва норматив ҳужжатларда белгиланганидан кўра кўпроқ имтиёз ва кафолатлар берилишини назарда тутувчи жамоа шартномалари тузилиб, ижроси таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди. Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санатор-курортлар бошқармаси, «Дори-Дармон» акциядорлик компанияси билан тармоқ келишувлари имзоланган эди. Ҳисобот йилларида юқоридагиларга қўшимча равишда Ўзбекистон қизил ярим ой жамияти билан ҳам тармоқ келишуви имзоланишига эришилди.
Энг асосийси, ушбу тармоқ келишувларига ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш, келишув шартларини қўллаш орқали иш ҳақининг тарифдан ташқари қисмини ошириш бўйича бир неча принципиал шартлар киритилди. Биргина мисол, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан 2016-2018 йиллар учун тузилган тармоқ келишувига 139 та модда киритилган бўлса, 2019-2021 йиллар учун тузилган келишувда уларнинг сони 187 тага етказилди. Шулардан 123 таси амалдаги қонун ва қонун ости ҳужжатларида белгиланганидан кўра кўпроқ имтиёзлар белгилаш ҳақидадир.
Ундан ташқари, Республика кенгашида ташкил этилган жамоа шартномалари лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш бўйича комиссия томонидан сўнгги беш йилда 650 тадан зиёд тармоқ касаба уюшма хизматига олинган муассасаларнинг жамоа шартномалари жамоатчилик экспертизасидан ўтказилган бўлса, қолган барча жамоа шартномалари ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари томонидан жамоатчилик экспертизасидан ўтказилишига муваффақ бўлинди.
Ҳисобот даврида тармоқ ­бошланғич ташкилотларида амалда бўлган жамоа шартномаларининг тўлиғича бажарилишига эришилди. Амалда бўлган жамоа шартномаларидаги мажбуриятлар орқали яратилган қўшимча имтиёзларни қўллаш учун ҳар бир ходимга ўртача сарфланган маблағ миқдори йилдан йилга ўсиб борди.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида малака ошираётган иш берувчилар ва улар вакиллари, олий маълумотли ва бош ҳамшираларнинг меҳнат муносабатлари бўйича малакасини ошириш ишлари давом эттирилди.
Аъзолар ўртасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда биринчи марта «Йилнинг энг яхши шифокори» кўрик-танлови ташкил этилди. Мазкур танлов 2015 йилда фақатгина 3 та номинацияда ўтказилган бўлса, 2019 йилга келиб улар сони 39 тага етказилди.
Ҳисобот даврида «Ҳамшира», «Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими» кўрик-танловлари уюшқоқлик билан ташкил этилди. 2019 йилнинг мартида Тошкентда Ҳамдўстлик давлатлари шифокорлари жамоалари ўртасида футбол бўйича «Doctors’ Community Cup – Tashkent-2019» турнири ўтказилди. Унда республикамиздан иккита жамоа, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикис­тон, Беларусь, Украина давлатларидан ташриф буюрган жамоалар иштирок этиб, юртимиз шифокорлари жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Хорижий давлатларнинг турдош касаба уюшмалари билан халқаро алоқалар ва ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Халқаро Конфедерацияси, Россия, Беларус, Туркия, Арманистон, Мольдова, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон тармоқ касаба уюшмалари билан меморандумлар имзоланди.
2019 йилнинг ноябрида тармоқ касаба уюшмаси Жамоат хизмати ходимлари Интернационали (ИОО, PSI – тармоқ глобал касаба уюшма бирлашмаси) ва унинг Европа филиали (ЕФПОО, EPSU) аъзолигига қабул қилинишига эришилди.
Ҳисобот даврида Республика кенгаши томонидан тармоқ хизматидаги 916 та муассасада фаолият юритаётган ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари ва бахт­сиз ходисаларнинг олдини олиш бўйи­­ча олиб борилаётган ишлар ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди. Ўрганишлар натижасида муассасаларда ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касаллик­ларининг олдини олиш учун қатор тадбирлар ўтказилди.
Ҳисобот даврида тармоқ муассасаларида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларида 766 та қонун ва қоидаларнинг бузилиши ҳолатлари аниқланди. Уларни бартараф этиш юзасидан иш берувчиларга 42 та тақдимнома киритилиб, 697 таси бартараф этилди. Шунинг­дек, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқаришда жароҳат олган ходимлар ва боқувчисини йўқотган оилаларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.
Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги тизимли ва улкан ислоҳотлар жадал кечмоқда. Бирламчи тиббиётдан тортиб, малакали кадрлар тайёрлашгача бўлган жараён моҳиятида халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсад мужассам.
Халқимизнинг ҳаётдан рози бўлишида, давлатимиз томонидан юритилаётган сиёсатга, ислоҳотларга нисбатан ишончининг мустаҳкамланиб боришида самарали ва сифатли тиббий хизмат муҳим ўрин тутади. Шу боис, соҳа тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва тиббиёт ходимларига бўлган эътибор келгусида ҳам изчил давом этади. Бунда тармоқ ходимлари касаба уюшмаси ҳам фаол иштирок этиб, соҳа фидойиларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси йўлида самарали фаолият юритади.
Қурултойда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгаши раислигига Фарҳод Ҳанапияев қайта сайланди.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар