РИЗҚУ-РЎЗ ЯРАТУВЧИЛАРИ МАНФААТЛАРИ УЧУН: ЯНГИЧА ИШЛАШ УСЛУБЛАРИ – ФАОЛИЯТНИНГ АСОСИЙ ТАМОЙИЛИ

272

Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси қурултойида 2015 йилдан 2020 йилгача бўлган фаолият таҳлил этилди, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, сўнги беш йил тармоқ касаба уюшмаси учун изланиш, ­фаолиятини такомиллаштириш, тизимдаги ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, янгича шароитларда иш услубларини ҳаётга татбиқ этиш даври бўлди.
Бугунги кунда тармоққа қарашли 4883 та бошланғич ташкилотда 1 436 679 нафар аъзо меҳнат қилмоқда. 170 та туман ва шаҳар кенгаши ҳамда 4 та бирлашган касаба уюшма қўмитаси фаолият кўрсатяпти.

Ҳисобот даврида асосий эътибор давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ижтимоий шериклик механизми асосида ҳамкорликни кучайтиришга, тармоқ келишувлари ва жамоа шартномаларида меҳнаткашлар учун қўшимча имтиёзлар кўламини кенгайтиришга қаратилди. Бош келишувга асосан 17 та вазирлик, идора ва компаниялар ўртасида тармоқ келишувлари имзоланди.
Иш берувчилар билан тузилган жамоа шартномалари орқали ҳар бир ходимга сарфланган маблағ 5 йил ичида 2,2 бараварга оширилди.
Иш берувчилар билан ҳамкорликда доимий равишда иш ҳақи ва бошқа тўловлардан қарздорликка йўл қўймаслик, вужудга келган тақдирда унинг сабабларини таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича қатъий чора-тадбирлар орқали ходимларнинг манфаатлари ҳимоя қилиб келинди.
«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддаси талабларига мувофиқ, тармоқ касаба уюшмаси томонидан киритилган тақдимномалар натижасида Сув хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги муҳандиси лавозимлари жорий этилди.
Меҳнатда жабрланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга 2 милиард 618 миллион 835 минг сўм зарарнинг тўланиши таъминланди. Бундан ташқари, ҳар йили ўтказиб келинаётган «Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови»да тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Рес­публика кенгаши 2019 йил якунлари бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си томонидан «Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича энг яхши ташкилот» деб ­эътироф этилди.
Корхона ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқлари бузилишларининг олдини олиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Ҳисобот даврида 37 229 та мурожаатни касаба уюшмалари органлари кўриб чиқиб, уларнинг 25 минг­­га яқини қаноатлантирилди, 11 мингдан зиёди бўйича тушунтириш берилди. 400 тадан зиёди тегишлилигига кўра бошқа органларга юборилди.
Турдош касаба уюшмалари билан тажриба алмашиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида Беларусь АСМ ходимлари касаба уюшма Марказий қўмитаси ҳамда Тожикистон Агросаноат комплекси ходимлари касаба уюшмаси Марказий қўмитаси билан тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Тармоқда халқаро амалиёт борасида ҳам бир қанча мақсадли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилнинг декаб­рида Ҳаракатлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида Рес­публика кенгаши, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари иштирокида «Қиш­лоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Ҳисобот даврида Респуб­лика кенгашининг 2 нафар ходими Халқаро меҳнат ташкилотининг тренерлар тайёрлаш курсларида малака ошириб, сертификат билан тақдирланди.
Маънавий-маърифий ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида тармоқ касаба уюшма ташкилотлари зиммасига жуда катта вазифаларни юклайди.
Ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасада бугунги куннинг энг долзарб мавзуларида ўтказиб келинаётган «Маънавият соатлари»да ҳуқуқшунос, иқтисод­­чи, сиёсатшунос олимлар, фан арбоблари, шоирлар, ёзувчилар ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари ўз маърузалари билан қатнашмоқдалар.
Тармоқ касаба уюшмалари фаоллари 100 нафардан ортиқ кам таъминланган оилалар фарзандларининг суннат ҳамда 68 нафар ёшнинг никоҳ тўйларини ўтказишда иштирок этди. «Спорт – саломатлик гарови», «Соғлом оила – жамият таянчи», «Спортдадир куч» каби спорт мусобақалари, спартакиадалар ҳар бир ташкилот ва муассасада ўтказилиши анъана тусига кирди.
Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида Республика кенгаши ҳамда тизимдаги вазирлик идора ва ташкилотлар ўртасида имзоланган ҳар бир тармоқ келишувлари ҳамда корхоналарда имзоланаётган жамоа шартномаларига «Хотин-қизлар ва Ёшлар учун қўшимча кафолатлар» бўлими киритилмоқда. Хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишга қаратилган 280 дан зиёд спорт тадбирлари ҳамда оилавий спорт мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, бошланғич ташкилотларда соғлом турмуш тарзи тарғиботига оид турли мавзуларда тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, «Энг фаол ишчи касб эгаси», «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» ва «Энг фаол ёш фермер» кўрик-танловлари ташкил қилиниб, ғолиблар муносиб тақдирланди.
Касаба уюшмалари фаолияти кенг қамровли, шу боис амалга оширилган ишлар сарҳисоби ташкилотчилик услуби, оммавий ва ижтимоий шерикчилик фаолиятини янада такомиллаштириш, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини собитқадамлик билан ҳимоя этишни тақозо этади.
Тармоқ касаба уюшмаси қурултойида делегатлар ҳам сўзга чиқиб, амалга оширилган ишларни алоҳида эътироф этиш билан бирга, йўл қўйилган камчиликларга ҳам тўхталдилар. Шу билан бирга, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Тизимдаги нодавлат ташкилотларини касаба уюшма хизматига олиш ҳамда ­қишлоқ хўжалигида мавсумий ишларга жалб қилинаётган ишчилар билан иш берувчи ўртасида меҳнат шартномаси тузиш борасида етарлича ишлар олиб борилмаган. Айрим бошланғич ташкилотларда жамоа шартномалари мавжуд эмас. Шу сабабли, нодавлат ташкилотларида ишловчи ходимлар билан тарғибот ташвиқот ишларини кучайтириш корхона ва ташкилотлар, айниқса, эндигина касаба уюшмаси хизмати билан қамраб олинган жойларда жамоа шартномалари қабул қилинишига эришиш, бу борада иш берувчилар билан ҳамкорликдаги ишларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Қурултойда тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгаши раиси ўринбосарлигига Тўхта Бозоров сайланиб, шу билан бирга раис вазифасини бажарувчилиги ҳам юклатилди.
Кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Салим Абдураҳмонов,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар