«Дўрмон» ижод уйи эшиклари ижодкорлар учун очилди

155

Адабиёт одамлари доим сокин ва илҳомбахш маскан сари талпинишади. Сершовқин шаҳардан кўра албатта, осойишта ижод уйларида асар ёзишга нима етсин? Юртимизда ижодкорлар учун шароитлар етарли. Айниқса, Зомин ва Дўрмонда қанчадан қанча шеър ва ҳикоялар битилмаган, адабий учрашувлар бўлмаган дейсиз. Бугун сиз билан Дўрмон тарафларга ғойибона саёҳат қиламиз.

Аввало, Дўрмон сўзи маъносига тўхталсак. У ўзбек халқи таркибига кирган қабилалардан бири бўлиб, мўғулча «тўрт» деган маънони англатади. Дўрмонлар XVI аср бошларидан эътиборан Ўрта Осиё ҳудудига келиб ўрнашиб, Бухоро хонлигининг сиёсий ҳаётида фаол қатнашган. Дўрмоннинг бир қисми Тошкент воҳасига келиб жойлашган ва жой номи атамаси сифатида сақланиб қолган.

“Дўрмон” ижод уйига келсак, ушбу Унитар корхонанинг асосий вазифаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига ижод қилишлари учун имтиёзли равишда меҳмонхона хизматлари ва коттежларни ижарага беришдан иборатдир. Шу вақтга қадар у ерда юзлаб ёзувчию шоирлар ҳордиқ чиқариб, қалам тебратишган.

Бу маскан Тошкент шаҳридан 5 километр узоқликда, Тошкент вилоятининг сўлим жойларида ва ўзгача об-ҳавога эга Қибрай тумани «Арғин» маҳалласида жойлашган. «Дўрмон» ижод уйи ҳар доим ўзининг шаҳарга яқин бўлишига қарамасдан шаҳар иқлимидан кескин фарқ қилиши, яъни салқинлиги билан меҳмонларни ўзига жалб қилиб келган. Ижод уйи сал кам 9 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, қадимий чинорлар, манзарали дарахтлари, сайроқи қушлари унга янаям кўрк бағишлайди. Ижод уйига ташриф буюрган меҳмонлар ушбу ҳудудда саёҳат қилиб, фавворалар, шаршара ва манзарали дарахтларнинг соя-салқин жойларида мароқли дам олишлари мумкин.

Бу ерда пандемия давридан олдин соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қиладиган очиқ ёзги бассейн, стол тенниси, мини футбол, баскетбол майдончалари; оилавий табиат қўйнида пикник уюштириш учун алоҳида ташкил этилган дам олиш масканида тапчанлар, ўчоқлар ва кабоб пишириш мосламалари меҳмонларга мунтазир қилинган. Ошхонада тортиқ қилинадиган уч маҳал иссиқ таом фойдали ва мазали экани билан ажралиб туради. Ҳар бир меҳмоннинг талаблари ва имкониятидан келиб чиқиб, арзон, қулай ва шинам меҳмонхона номерлари таклиф этилади.

Ижод уйида Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Ўткир Ҳошимов каби адабиётимизнинг улуғ дарғалари дам олган ва ижод қилган. Бу суҳбатлардан қизиқарли лавҳалар эса «Дўрмон ҳангомалари» номли китобдан ўрин олган.  Шунингдек, ёзувчилар ўз асарларига Дўрмон билан боғлиқ воқеаларни ҳам киритар эдилар. Масалан Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Тошкентдан мактублар» номли эссесида шу жумлалар учрайди:

«Пиримқул ака Дўрмон боғини, боғ атрофидаги жойларни кезишга ишқибоз эди. Ёзда ҳам, қишда ҳам шу одатини канда қилмаган. Эрта тонгда – бир, тунда яна бир мартадан узоқ сайр қилади. Чамаси, ёзадиган китобларини мияда пишитади. “Ҳаво олгани чиқдим”, деяр эди йўлда учраган танишларига. Дўрмонда ҳафталаб ўтириб ижод қилган кезлари шаҳарга тушиб чиққан ҳамкасбларидан охирги янгиликларни ижикилаб суриштирарди. Биладиганини билиб олгач, суҳбатдоши билан хайр–маъзур ҳам қилмасдан, қўлбола ҳассачасини дўқиллатиб бир ўзи четга бурилиб кетарди: «Мен бир ҳаво олиб келай…».

Бу маскан нафақат катта ёшли ижодкорлар, балки ёш қаламкашларнинг унишига ҳам туртки бўлган. Кўп йиллар давомида «Истеъдод мактаби» семинарлари шу ерда ўтказилган. Ҳар қиш фаслида Республикамизнинг турли ҳудудларида наср, назм, таржима, публицистика, болалар адабиёти, адабий танқидчилик йўналишлари қалам тебраётган 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар саралаб олиниб, икки кун давомида «Дўрмон» ижод уйида мастер класслар, суҳбатлар, мушоираларда қатнашишган, янги дўстлар орттиришган. Энг қувонарлиси, иқтидорли ёшларнинг ижод намуналари сараланиб, Биринчи китобим рукни остида 10-20 минг нусхада чоп этилган. Ижод уйининг беш мингдан ортиқ китоб фондига эга катта кутубхонасида ана шу ёшларнинг илк китоблари ҳам ўрин олган. Ўзим ҳам 2017 йилда ушбу семинар иштирокчиси бўлганман, илк китобим «Дўрмон» ижод уйида таҳлил қилиниб, устоз ёзувчилар тавсиясига кўра нашр этилган.

Икки йил олдин Президентимиз ташаббуси билан ижод уйи қайта таъмирланди. Ижодкорларнинг эмин эркин ижод қилишлари учун қўшимча шароитлар яратилди. Бу ердаги боғда олма, гилос, беҳи, узум, олча каби мевали дарахтлар, терак, арча, чинор каби манзарали дарахтлар масканга салқинлик бағишлайди. 

– Пандемия даврида ижод уйи бошқа дам олиш масканлари сингари фаолиятини вақтинча тўхтатган эди. Кечадан бошлаб у меҳмонлар учун эшикларини очди,– дейди бино раҳбари Асқар Умматқулов. – Ижодкорлар бирин кетин ижод уйимизга ташриф буюрмоқдалар. Меҳмонлар албатта, келишидан аввал коронавирусга тест топширишлари лозим. Касаллик аниқланмаган тақдирда улар бемалол ижод уйида ҳордиқ чиқаришлари мумкин.

Дам олиш маскани 150 ўринли бўлиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қарашли бўлгани учун унинг аъзолари имтиёзли, яъни арзонлаштирилган нархларда дам олиши мумкин.

Сиз ҳам ижод ва адабиёт шайдоси бўлсангиз, Дўрмон тарафларга албатта, келинг. Ҳам маънан, ҳам жисмонан ҳордиқ чиқарасиз, севимли ижодкорларингиз суҳбатини оласиз, кўнглингизда туғилган сатрларни қоғозга кўчирасиз.

Юртимизнинг бошқа манзилларидаги Ижод уйлари ҳақдаги мавзуга яна қайтамиз.

 Нодирабегим Иброҳимова,

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ходими

Бошқа хабарлар