БЕШ ЙИЛЛИКНИНГ УЛУҒВОР ДОВОНЛАРИ

139

Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмасининг қурултойида сарҳисоб этилди

Мамлакатимизда темир йўллар жаҳон талаб­лари даражасида ривожланиб бормоқда. Ягона миллий темир йўл тизими барпо этилгани бунинг яққол исботидир. Бугунги кунда ватанимиз пўлат магистралининг умумий узунлиги қарийб 7500 километрдан ошди. 2500 километр йўллар қайта тикланди, қарийб 3 минг километрга яқин темир йўл ­электрлаштирилди. Локомотив хўжалиги тубдан янгиланди. 2017-2019 йиллар мобайнида 2 та янги замонавий вокзал қурилди, 3 таси эса қайта таъмирланди.

Тошкент шаҳрида дунёнинг ривожланган давлатларидан қолишмайдиган замонавий метрополитен тизимини ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бир қанча замонавий, жаҳон андазаларини ўзида мужассам этган кўприк ва йўл ўтказгичлар барпо этилди. Бундай ютуқлар замирида тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси мустаҳкам йўлга ­қўйилгани ҳам бор гап. Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмасининг қурултойида сўнги беш йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби бу ҳақиқатни яна бир бор исботлади.
Республика кенгаши ҳисобот даврида белгилаб олинган устувор йўналишлар асосида фаолият юритди. Раёсат йиғилишларида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш, бандликка кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этиш, туризмни ривожлантириш, жамоа шартномалари мажбуриятларининг бажарилиши ва ­бошқа муҳим масалалар мунтазам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ҳисобот даврида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш касаба уюшмалари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлгани қайд этилди.

Республика кенгашида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ
46 минг 184 та
ёзма ва оғзаки аризалари кўриб чиқилди, ташкилотларда жамоа шартномалари мажбуриятлари бажарилишига доир ишлар аҳволи ўрганилди.

Бандликни таъминлашда иштирок этиш, бандлик ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ташкил қилиш ҳисобот даврида касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлди.
Касаначилар учун қулай, хавфсиз меҳнат шароитларининг яратилиши, улар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, жамоа шартномаларида белгиланган имтиёз ва кафолатлардан фойдаланиш, меҳнат муносабатларининг расмийлаштирилиши каби йўналишларда жамоатчилик назорати амалга оширилмоқда. Бугунги кунга тармоқда касаначилар сони 396 нафарга етди.
Ҳисобот даврида жамоа шартномалари орқали ўрта ҳисобда бир нафар ходимга сарфланган маблағ миқдори икки ярим баробарга ошди.
Йил дастурлари доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 30 минг 361 нафар касаба уюшма аъзосига 10 миллиард 809 миллион сўмлик ижтимоий кўмак берилди.
Тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг ёшларга оид сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар бўйича 195 нафар ёш ишчи-ходимга Республика кенгаши ҳисобидан 83 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам ажратилди. Тошкент темирйўл муҳандислари институтида таҳсил олаётган 40 нафар талабага ижтимоий ҳимояга муҳтож, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган «Касаба уюшмалари стипендияси» берилди. Ёш ходимларнинг 8 минг 750 нафари меҳнат жараёнига кўникиб кетиши учун «Устоз-шогирд» анъанаси асосида малакали мутахассисларга бириктирилди.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича долзарб мавзуларда 830 та корхона-ташкилотда тадбирлар ташкил этилди.
Халқаро ташкилотлар ва хорижий касаба уюшмалари марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириб бориш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Республика кенгаши таклифига биноан ўтган йилнинг ноябрида Тошкент шаҳрида Халқаро темирйўлчилар касаба уюшмалари конфедерацияси кенгашининг эллик еттинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш аъзолари, делегациялар, конфедерация кенгаши Бош котиби иштирок этган анжуманда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва тармоқ касаба уюшмасининг ишчи-ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга қулай, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш борасидаги фаолияти, темир йўл транспортини ривож­лантириш борасидаги ишларига юқори баҳо берилди.

Ходимлар ва улар оила аъзоларини соғломлаштириш борасидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилиб, тизимдаги санаторий ва дам олиш уйларида дам олиш учун 5 минг 747 та имтиёзли йўлланма ажратилди. Бунинг учун 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. 403 нафар ходим бепул йўлланма асосида ўз саломатликларини тиклади. Ялта ва Кисловодск шаҳарларида жойлашган санаторийларда 68 нафар ходим соғломлаштирилди.

Ёз мавсумларида тармоқ бўйича 7 та оромгоҳда 30 минг нафардан ортиқ бола мароқли дам олди. Жумладан, ҳар мавсумда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг 1498 нафар фарзанди Тошкент вилояти ҳудудидаги «Қибрай» оромгоҳида бепул соғломлаштирилди.
Ҳисобот даврида маданий-маърифий ва спортга бағиш­ланган тадбирлар юзасидан ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Ходимларнинг концерт, театр, музей ва кўргазмаларга оилавий ташрифини ташкил этиш орқали маданий ҳордиқ чиқариши таъминланди. Мамлакатимизнинг қадимий ва диққатга сазовор жойларига 15 минг нафар ёш оила ва талабалар учун саёҳатлар уюштирилиб, касаба уюшма ташкилотлари маблағлари ҳисобидан 4 миллиард сўм маблағ сарфланди.
2017 йилдан бошлаб футбол бўйича мунтазам равишда «Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши кубоги» мусобақаси ўтказилмоқда. Шу билан бирга, ишчи-ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш ва касаба уюшма фаолларини рағбатлантириш ишлари мунтазам равишда давом эттирилди.
Амалга оширилаётган ишлар самараси тизимда ишлаётган кадрларнинг билим даражаси, тажрибаси, ташаббус­корлигига бевосита боғлиқ.
Тармоқ касаба уюшмасида кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, маънавияти, салоҳиятига хизмат қиладиган мукаммал тизимни шакллантиришга катта эътибор қаратиб келиняпти. Чунки кадрлар жамиятни ҳаракатга келтиради, унинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётини жонлантиради. Тармоқда сидқидилдан меҳнат қилган ана шундай ходимлар бугунги кунда ҳокимликлар ва турли нуфузли ташкилотларда фаолият юритмоқда.
Қурултойда делегатлар ҳам сўзга чиқиб, ҳисобот даврида амалга оширилган ишларга атрофлича тўхталишди. Тармоқ касаба уюшмасининг ҳисобот давридаги фаолиятига ижобий баҳо берилди.
Тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раислигига Қутлимурот Собиров қайта сайланди.

Комила БОЙМУРОДОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар