Ислоҳотлар самараси намоён бўлмоқда

100

Мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш, жамиятда педагог ходимлар нуфузини ошириш, малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги беш йил ичида 500 тага яқин янги мактаблар қурилгани ва 100 мингга яқин янги иш ўринлари яратилгани фикримиз далилидир. Тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар ҳам эътирофга лойиқ. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси қурултойида бу ҳақиқат яна бир бор ўз исботини топди.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тизимида 2016 йил 1 январь ҳолатига бошланғич ташкилотлар сони 17 636 тани ташкил этган бўлса, 2020 йил 1 июль ҳолатида 18 231 тага тенг бўлди. Бу кўрсаткичлар таълим, фан, маданият ва спорт соҳасидаги ислоҳотлар натижасидир.
Ўтган беш йилда тармоқ тизимидаги касаба уюшма ташкилотларининг ижтимоий шериклик, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат муносабатларини тартибга солиш масалаларида ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш бўйича ишлар давом эттирилди. Шу мақсадда ижтимоий ва меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг ўзига хос мезонига айланган «ижтимоий шериклик» тамойилига асосланган ҳолда тизим фаолиятини яхшилаш мақсадида салмоқли натижаларга эришилди.
Хусусан, 2019 йилнинг декабрида бўлиб ўтган ҳокимият вакиллик органларига сайловларда тармоқ касаба уюшмасининг 18 нафар вакили халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгашларига депутат этиб сайланди. Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, соҳада ислоҳотларни амалга ошириш, ёшларга замонавий мутахассислик билимларини ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси ­Республика кенгаши тегишли вазирлик ва идоралар билан тармоқ келишувларининг бажарилиши ҳамда янги муддатга тузиш бўйича қўшма мажлислар ўтказди. Йиғилиш­ларда вазирликлар раҳбарлари ва мутасадди ходимлари иштирок этиб, иш берувчиларнинг ходимлар ижтимоий, иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тармоқ келишувларида белгиланган мажбуриятлар ижросига оид саволларга жавоб берди.
Ҳисобот даврда таълим, фан ва маданият соҳалари ходимлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Меҳнат қонунчилигига тегишли кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқилишида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси билан яқиндан ҳамкорлик қилинди.
Ходимларнинг йиллик меҳнат таътилига тегишли ҳужжат Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Ҳужжатни ишлаш жараёни бир қанча музокараларга сабаб бўлди. Айрим ўзига хос хусусиятли, яъни оғир ­диагнозли болалар тарбияланадиган мактабгача таълим муассасалари ходимларининг меҳнат таътили 42 иш кунидан 24 иш кунига тушиш ҳолати ҳам юзага келди. Аммо Мактабгача таълим ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлик­ларига Респуб­лика кенгаши томонидан қилинган расмий мурожаатлар самарасида 42 иш кунидан иборат йиллик меҳнат таътиллари тикланди.
Тегишли вазирликлар билан тузилган тармоқ келишувларида мазкур меъёр мустаҳкамланганлиги ва шу асосда барча меҳнат шартномаларига киритилганлиги, меҳнат шартномаси шартларини ўзгартиришга ходимнинг розилигисиз йўл қўйилмаслиги ҳолатлари муҳокама қилинди. Бу ҳолатлар касаба уюшма аъзоларини меҳнат ҳуқуқлари, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Ҳисобот даврида ўзида 30 дан ортиқ судларда Респуб­лика кенгаши мутахассислари фаол иштирок этиб, ишчи-ходимларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида касаба уюшма фаолларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман ва шаҳар кенгашлари раислари, 7000 нафардан зиёд бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари учун махсус ўқув машғулотлари ташкил этилди. Уларда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида амал қилиниши лозим бўлган миллий ва халқаро меҳнат стандартлари бўйича билим ва кўникмалар берилди.
Тармоқ келишуви доирасида А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг «Таълимни бошқариш назарияси ва амалиёти кафедраси» билан ҳамкорликда ҳар ҳафта ўқув-машғулотлар ташкил қилинди. Мазкур ўқувларда халқаро ва миллий меҳнат стандартлари, бандлик, меҳнат муносабатлари масалалари тингловчиларга таништириб борилмоқда.
Ўтган йилдан бугунги кунга қадар барча Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасининг туман ва шаҳар кенгашлари раислари, 7000 нафардан зиёд бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари учун махсус ўқув машғулотлари ташкил этилиб, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, уларнинг миллий ва халқаро меҳнат стандартларга оид билим ва кўникмалари оширилди.
Республика кенгашига ҳисобот даврида келиб тушган 526 та мурожаатнинг 161 таси қаноатлантирилди, 330 тасига тушунтириш берилди. 9 таси рад этилди, 16 таси тегишли органларга юборилди ҳамда 10 таси номаълум деб топилди. Ҳудудлар кесимида бу рақамлар анча салмоқли.
Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ва аъзоларини рағбатлантириш, уларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида мунтазам равишда «Энг намунали бошланғич ташкилот», «Электр энергияси ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича энг яхши бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти», «Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш» бўйича ­республика кўрик-танловлари мунтазам равишда ўтказилди.
Тармоқ касаба уюшмаси халқаро ва хорижий касаба уюшмалари билан ўзаро алоқаларда фаол иштирок этди. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси 2017 йилда Халқаро таълим ташкилоти аъзолигига тикланиб, ташкилотнинг ҳудудий тузилмаси бўлган Халқаро таълим касаба уюшмалари Европа Қўмитаси (ETUCE) билан узвий ҳамкорликда бир нечта тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Ўтган беш йил давомида тармоқ касаба уюшмаси туман, шаҳар кенгашлари раис ва бухгалтерлари, 175 нафар бошланғич касаба уюшма ташкилоти раисларининг малакаси оширилди. 2018 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг 40 нафар, 2019 йилда 25 нафар, 2020 йилда эса 42 нафар ёш олим ва докторантлари имтиёзли асосда уй-жой билан таъминланди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг кенг қамровли экани тизимни бошқаришда қатор муаммоларни келтириб чиқариши бор гап. Хусусан, касаба уюшмаси аъзоларига талаб даражасида хизмат кўрсатиш, ички ва ташқи туризмни амалга ошириш, касаба уюшма фаоллари билан маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш, уларга моддий кўмак бериш, рағбатлантириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, аъзоларнинг ҳуқуқий билимини оширишда қийинчиликлар мавжуд эдики, вазият бу йўналиш­ларни алоҳида тармоқ ташкил этиш орқали ҳал этишни тақозо этарди.
Шу боис, янги тармоқ ташкилоти – Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмасини тузиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ҳамда унинг таъсис қурултойи ўтказилди.
Таъсис қурултойида Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари сайланди. Тармоқ касаба уюшмаси уставининг янги таҳрири муҳокама қилинди ва келгуси беш йилга мўлжалланган стратегик йўналишлари тасдиқланди.
Қурултойда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига Равшан Бедилов, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига Шуҳрат Деҳқонов раис этиб сайланди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар