Янгича ишлаш –давр талаби

85

Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмасининг таъсис қурултойида сўнгги йилларда мамлакатимизда ёқилғи-энергетика саноатини ривожлантириш, соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш орқали ишчи-ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўз борди. Шу мақсадда Президентимизнинг бир қатор қарорлари қабул қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб берилгани эътироф этилди.

Таъкидланганидек, мамлакат ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар касаба уюшмаларидан ўз тузилмаларини хўжалик тузилмаларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришни тақозо этади.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун эса ­саъй-ҳаракатларни, жумладан, молиявий имкониятларни бирлаштириш, иш берувчилар билан ижтимоий шерикликнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, қуйи ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бора оладиган ягона касаба уюшмаси органларини шакллантириш лозим. Шундан келиб чиқиб, Энергетика ходимлари касаба уюшмаси ҳамда Нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси қурултойларида ҳар иккала касаба уюшмасини қўшиб юбориш йўли билан қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Қонунчилик ҳамда тармоқ касаба уюшмалари қурултойлари қарорлари асосида қўшилиш йўли билан қайта ташкил этилган касаба уюшмасининг таъсис қурултойида Энергетика ходимлари ва Нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаларини қўшиб юбориш йўли билан Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмасини ташкил этиш ҳақидаги қарор қабул қилинди.
Янги ташкил этилган тармоқ ходимлари касаба уюшмасининг Устави, 2021-2025 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури, Низоми тасдиқланди. Респуб­лика кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қурултойига делегатлар, Федерация Кенгаши таркибига вакиллар сайланди.
Нефт, газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раислигига Шуҳрат Қурбонов номзоди бир овоздан маъқулланди.


Салим Абдураҳмонов,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар