НЕФТЧИ ВА ГЕОЛОГЛАР МАНФААТИ: МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ – АСОСИЙ ТАМОЙИЛ

87

Нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмасининг қурултойида тармоқ ва корхоналар даражасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, иш берувчилар билан елкама-елка туриб фаолият юритиш, жамоа шартномавий муносабатларни мустаҳкамлаш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилгани қайд этилди.

Тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда кўмаклашиш Дастури»нинг ижросига алоҳида эътибор қаратди. Дастурда белгиланган вазифаларни ҳал этишда «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви билан имзоланган тармоқ тариф келишуви ҳамда Геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан имзоланган тармоқ келишуви ҳамда барча корхоналарда тузилган жамоа шартномалари имкониятларидан кенг фойдаланилди.
Қатор корхоналарда ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномаларига амалдаги қонунчиликда кўзда тутилгандан юқорироқ шартлар ва қўшимча имтиёзлар киритилишига эришилди. Ҳисобот даврида жамоа шартномалари орқали йил давомида ҳар бир ходим учун сарфланган маблағ қарийб 2 бараварга ошиб, 11 миллион 250 минг сўмга етди.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг адолатли тизимини шакллантириш тадбирлари амалга оширилиб, тармоқ тариф келишувлари ва жамоа шартномалари орқали меҳнатни рағбатлантиришнинг қатор кўринишлари жорий этилди.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг «Ягона тариф сеткаси»га асосан нефт-газ ва геология тармоқларида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткалари ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.
Келишувлар ва жамоа шартномалари орқали нефт-газ тармоғи ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи 2,7 бараварга ошиб, 2020 йил 1-чораги якуни бўйича 4 миллион 250 минг сўмга етказилди. Геология тармоғи миқёсида ўртача ойлик иш ҳақи 2,3 бараварга ошиб, 2020 йил 1-чораги якуни бўйича 3 миллион сўмни ташкил этди.
Иш ҳақининг ўз вақтида тўланишини таъминлаш ва қарздорликка йўл қўймаслик борасида жамоатчилик назорати йўлга қўйилиб, иш берувчилар билан ўтказилган музокаралар ва киритилган расмий талабномалар орқали шу йилнинг 1 июнь ҳолатига нефт-газ тармоғидаги корхоналарида иш ҳақидан муддати ўтган 10 миллиард 166 миллион сўмлик қарздорлик ундирилишига эришилди.
Ҳисобот даврида бандликни таъминлаш борасида тармоқ корхоналарида 1460 та янги иш ўрини яратилди. 20 тадан ортиқ йирик корхонада касаначилик меҳнати жорий қилиниб, 660 нафарга яқин касаначи билан меҳнат шартномалари тузилди. Тармоқ корхоналарига 2000 нафардан ортиқ коллеж битирувчилари ишга қабул қилиниб, 3030 нафардан ортиқ тармоқ ходимлари банд­ликка кўмаклашиш марказлари орқали ўз иш жойига эга бўлди. 1260 нафарга яқин меҳнат бозорида рақобат қилолмайдиган шахслар квоталаштирилган иш ўринларига жойлаштирилди.
Келгусида жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис, касаначилик соҳаларида, шунингдек, нодавлат секторига мансуб инвестиция лойиҳалари ҳисобига ташкил этилган корхоналарда янги иш ўринларини барпо қилиш бўйича ҳамкорликдаги ишлар давом эттирилади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамоа шартномаларида белгиланган тадбирлар ва мажбуриятларнинг ижроси учун йўналтирилган маблағлар ҳисобот даврида тўлиқ ўзлаштирилиб, ўтган йил якуни бўйича 40 миллиард 250 миллион сўмни ташкил этди. Меҳнат муҳофазаси бўйича сайланган вакиллар 660 нафарга кўпайиб, ўтган йилда 2106 нафарга етказилди. Уларнинг 1450 нафари махсус дастурлар асосида ўқитилди. Тармоқлар бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш ва уни бошқариш масалалари юзасидан ишлаб чиқилган меъёрий-техник ҳужжатлар, стандартлар ва қоидалар Республика кенгаши билан келишилган ҳолда амалиётга жорий қилинди.
Давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасида жамоа шартномалари ва тармоқ келишувлари орқали қатор ишлар амалга оширилди. Биргина «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» дастури доирасида 2017 йилнинг апрел-май ойларида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, тўй қилиш имконияти чекланган, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, шунингдек, «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларининг никоҳ ҳамда суннат тўйларини ўтказиш бўйича ҳудудларда хайрия тадбирлари уюштирилди. Самарқанд вилоятининг барча туманлари, Каттақўрғон, Самарқанд шахарларида никоҳ ва суннат тўйларини ташкил қилиш, мувофиқлаштириш ҳамда ўтказиш бўйича Республика кенгашининг вакили бевосита масъул сифатида иштирок этиб, 163 нафар боланинг суннат ҳамда 40 нафар ёшнинг никоҳ тўйлари ўтказилди.
Хотин-қизлар ва ёшларнинг меҳнат ҳуқуқларини, тиббий ва маиший эҳтиёжларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида тармоқ келишувлари ва жамоа шартномалари имкониятларидан кенг фойдаланилди. Жумладан, ҳисобот даврида 3200 нафар хотин-қиз ва 11800 нафар ёшга корхоналар ҳисобидан 48 миллиард 940 миллион сўмга яқин, касаба уюшмалари ҳисобидан 1 миллиард 800 миллион сўмга яқин ижтимоий кўмак берилди.
Тармоқ касаба уюшмаси ташкилотлари ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш борасида тармоқ келишувлари ва жамоа шартномаларига қатъий риоя қилишди. Корхоналар, ижтимоий суғурта ва касаба уюшма маблағлари ҳисобидан имтиёзли равишда 2016 йилда 10400 нафар, 2017 йилда 12100 нафар, 2018 йилда 12000 нафар, 2019 йилда 11500 нафар ходим санаторийлар ва соғломлаштириш масканларида саломатликларини тиклашди. Тармоқ ходимларининг 70 минг нафардан ортиқ фарзандлари тармоқ тизимидаги мавжуд болалар оромгоҳларида соғломлаштирилди.
Ҳуқуқий ҳимоя ва ходимларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Ўтган даврда Республика кенгашига фуқаролардан тушган 542 та мурожаат ўрнатилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиб, муаллифларга аниқ жавоблар ва тушунтиришлар берилди. Меҳнат шартномаси ноқонуний равишда бекор қилинган ходимларни ишга тиклаш бўйича 5 марта суд ва прокуратура органларига тақдимномалар киритилиб, ижобий ҳал қилинишига эришилди.
Ҳисобот даврида ишловчилар сони 20 минг нафарга яқин бўлган, касаба уюшмаси тузилмаган 36 та корхонада касаба уюшма ташкилоти тузилиб, мазкур корхоналарда жамоа шартномалари тузилди. Шу жумладан, чет эл инвестициялари киритилган ва нодавлат секторига мансуб «Enter Engineering Pte Ltd», «Epsilon Development Compani», «Jizzakh Petroleum» МЧЖ, «Uzbekistan GTL» МЧЖ ва «Natural Gas-Stream» корхоналарида касаба уюшмаси тузилишига эришилди.
Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида хорижий турдош касаба уюшмалари билан ҳамкорлик доирасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Татаристон Республикаси турдош касаба уюшмалари бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди, ҳамкорликда тадбирлар ўтказилиб, илғор иш услублари бўйича тажрибалар алмашилди.
Касаба уюшма ташкилотлари фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича минтақавий ўқув-семинарлар ташкил этилиб, қатор услубий қўлланмалар ва тавсиялар ишлаб чиқилди ва барча бошланғич ташкилотларга етказилди. «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги янги қонунни тарғиб қилиш ва унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасида минтақавий семинарлар ташкил этилди.
Коронавирус пандемияси шароитида ишлаб-чиқариш узлуксизлигини ва корхоналар фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш борасида иш берувчилар билан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорликда муайян чора-тадбирлар амалга оширилди. Пандемия даврида тармоқ тизимидаги барча ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти узлуксиз давом эттирилди. Карантинли вазият инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқариш вахта ва навбатлар усулида ташкил этилиб, карантин қоидаларига қатъий риоя қилинди. Бу ­борада барча ишчи-ходимлар учун тегишли шарт-шароитлар яратилиб, керакли тиббий ва маиший хизматлар кўрсатилди.
Қурултойда делегатлар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Тармоқнинг Энергетика ходимлари касаба уюшмаси билан бирикаётгани муносабати билан Нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси, унинг сайланма органлари, яъни Республика кенгаши ва тафтиш комиссиясининг фаолияти янги ташкил этилаётган касаба уюшмаси давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб тўхтатилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашини ташкил этиш ҳақидаги таклиф бир овоздан маъқулланди.

Бошқа хабарлар