НУРЧИЛАР ФАОЛИЯТИ: ҲАР БИР ХОДИМ – ЭЪТИБОРДА

101

Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда энергетика ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Энергетика ходимлари касаба уюшмасининг сўнгги беш йилда амалга оширган ишлари сарҳисобига бағишлаб ўтказилган қурултойида бу жиҳат алоҳида таъкидланди.

Ҳисобот даврида корхоналарнинг мақоми, мулкчилик шакли, ишлаб чиқариш ва технологик хусусиятлари инобатга олинган ҳолда жамоа шартномаларининг макетлари ишлаб чиқилиб, бошланғич ташкилотларга етказилди. Жамоа шартномалари орқали ҳар бир ходим учун сарфланган маблағ 2016 йилда 5,6 миллион сўм бўлган бўлса, 2019 йилда бу миқдор 11,4 миллион сўмга етказилиб, қарийб 2 бараварга ошди.
Айрим корхоналарда ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномаларига амалдаги қонунчиликда кўзда тутилгандан юқорироқ шартлар ва қўшимча имтиёзлар киритилишига эришилди. 117 та корхонада 54 минг нафардан ортиқ ходим асосий узайтирилган таътилдан фойдаланмоқда. 87 та корхонада 50 минг нафардан зиёд ходимга қўшимча таътиллар белгиланган бўлса, 9 минг нафар ходим қайта ўқитилиб, малакаси оширилди.
Келишувлар ва жамоа шартномалари орқали энергетика тармоғи ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи 2016 йилда 1064 минг сўмга тенг бўлган бўлса, 2020 йил биринчи чораги якуни бўйича 3800 минг сўм, яъни ўтган йилга нисбатан ўсиш сурати 35 фоизга оширилди.
Иш ҳақининг ўз вақтида тўланишини таъминлаш ва қарздорликка йўл қўймаслик борасида жамоатчилик назорати йўлга қўйилиб, иш берувчилар билан ўтказилган музокаралар ва киритилган расмий талабномалар орқали жорий йилнинг июнь ҳолатига энергетика тармоғидаги корхоналарда иш ҳақидан муддати ўтган 68,9 миллион сўмлик қарздорлик ундирилди. Иш берувчиларга 89 та расмий талабнома киритилиб, 25 миллиард сўм, суд ва прокуратура органларига 2 та расмий мурожаат киритилиб, 700 миллион сўм иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик ундирилишига эришилди.
Тармоқ келишуви ва жамоа шартномаларида энг кам иш ҳақи, қўшимча тўловлар, устамалар ва рағбатлантирувчи тўловларнинг аниқ миқдорларини белгилаб қўйиш, иш ҳақи тўловлари кечиктирилишига сабабчи бўлган корхоналар раҳбарларига нисбатан тегишли чоралар кўриш, иш ҳақидан қарздорликни тугатиш мақсадида мулкчилик гарови асосида банкдан кредитлар олиш каби мажбуриятларнинг киритилишига эришилди.
Инвестиция лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши иш берувчилар билан ижтимоий шериклик асосида банд­ликни таъминлаш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш борасида янгидан янги имкониятларни яратади.
Тармоқ ходимларининг бандлигини таъминлаш бўйи­­ча иш берувчилар билан ижтимоий шериклик доирасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, касаначилик меҳнатини ривожлантириш борасида 14 тадан ортиқ йирик корхонада касаначилик меҳнати жорий қилиниб, 160 нафар касаначи билан меҳнат шартномалари тузилди ва улар касаба уюшма аъзолигига қабул қилинди.
Тармоқ корхоналарига 1100 нафар коллеж битирувчилари ишга қабул қилинди. 2400 нафардан ортиқ тармоқ ходими бандликка кўмаклашиш марказлари орқали ишга жойлаштирилди, 627 нафар меҳнат бозорида рақобат қила олмайдиган шахслар квоталаштирилган иш ўринларига жойлаштирилди.
Меҳнат муҳофазаси масалалари бўйича тармоқ ­дастурлари, келишувлар ва жамоа шартномаларидаги мажбуриятлар ҳамда тадбирлар, Республика кенгаши раёсати ва тармоқ бошқарувининг қўшма қарорлари бажарилиши мунтазам равишда таҳлил ва муҳокама этиб борилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, соғлом ва хавфсиз иш шароитларини яратиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Меҳнат муҳофазаси ва ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация кенгаши тайёрлаган 9 та меъёрий ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига таклиф ва хулосалар берилди.
Корхона ва ташкилотларда жамоа шартномасидаги меҳнат муҳофазаси бўйича битимда 1697 та чора-тадбирлар тузилган бўлиб, уларни бажариш учун 6,4 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Ҳозирги кунга келиб 1451 та чора-тадбирларни бажариш учун 4,9 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Меҳнат муҳофазаси бўйича сайланган вакиллар сони 2015 йилга нисбатан 36 фоизга кўпайиб, 2020 йилда 2455 нафарга етказилди. Уларнинг 651 нафари махсус дастурлар асосида ўқитилди ва барча вилоятларда ушбу йўналиш бўйича ҳудудий семинарлар ўтказилди.
Шу ўринда ишлаб чиқаришда юз берадиган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси ва назоратини ҳали қониқарли, деб бўлмаслигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Жумладан, айрим корхоналарда ишловчиларни ўз вақтида ва сифатли махсус ­кийим-бош, ҳимоя воситалари билан таъминлаш борасида муаммолар мавжуд.
Давлат дастурлари ижросини таъминлашда жамоа шартномалари ва тармоқ келишувлари орқали 2016 йилда корхоналар ҳисобидан 30 миллиард сўмга яқин, касаба уюшмалари ҳисобидан 1100 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йилда корхоналар ҳисобидан 24 миллиард 184 миллион сўмдан ортиқни, касаба уюшмалари ҳисобидан 2402,4 миллион сўмни ташкил этди.
Бошланғич ташкилотлар етакчиларининг ҳуқуқий савиясини юксалтириш, уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш, малакасини ошириш, ҳуқуқий адабиёт ва меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Малакали мутахассислар иштирокида ҳуқуқий ҳимоя, меҳнат қонунчилиги, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги янги қонун тарғиботи, фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар касаба уюшма ходимлари ва фаоллари учун ҳудудий ва минтақавий семинарлар ўтказилган.
Ҳуқуқий ҳимоя масалалари бўйича 120 тадан ортиқ бош­ланғич ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Ўтган даврда Республика кенгашига фуқаролардан келиб тушган 204 та мурожаатнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Улар ўрнатилган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилиб, муаллифларга аниқ жавоб ҳамда тушунтириш­лар берилди. Меҳнат шартномаси ноқонуний равишда бекор қилинган ходимларни ишга тиклаш бўйича 4 марта суд ва прокуратура органларига киритилган мурожаатлар муваффақиятли ечим топди.
Тармоқ касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш борасида тармоқ келишувлари ва жамоа шартномалари имкониятларидан кенг фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Корхоналар, ижтимоий суғурта ва касаба уюшма ­маблағлари ҳисобидан имтиёзли равишда 2016 йилда 7741 нафар, 2017 йилда 8150 нафар, 2018 йилда 8810 нафар, 2019 йилда 9200 нафарга яқин ходим санаторий ва соғломлаштириш масканларида саломатликларини тиклашди. Тармоқ ходимларининг 45 минг нафардан ортиқ фарзандлари тармоқ тизимидаги мавжуд болалар оромгоҳларида соғломлаштирилди.
Россия Федерация­­си, Қозоғистон Респуб­ликаси турдош касаба уюшмалари бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ҳамкорликда тадбирлар ўтказилиб, илғор иш услублари ­бўйича ­тажрибалар алмашилди.
Қурултойда делегатлар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Респуб­лика кенгашининг 2015 йил июл ойидан 2020 йил август ойига қадар фаолиятига ижобий баҳо берилди.
Тармоқнинг Нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси билан бирикаётгани муносабати билан Энергетика ходимлари касаба уюшмаси, унинг сайланма органлари, яъни Республика кенгаши ва тафтиш комиссиясининг фаолияти янги ташкил этилаётган касаба уюшмаси давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб тўхтатилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашини ташкил этиш ҳақидаги таклиф бир овоздан маъқулланди.

Бошқа хабарлар