Билса ҳазил, билмаса чинми?

47

Халқимизда «Мард майдонда билинади», деган нақл бор. Бунинг исботини пандемия шароитида ҳузур-ҳаловатидан кечиб, тождорвирусга қарши мардонавор курашган шифокорлар тимсолида яна бир бор кўрдик. Уларнинг фидокорона меҳнатлари туфайли кўринмас балони юқтириб олган қанчадан-қанча юртдошларимиз соғайиб, оилалари бағрига қайтди.

Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 12 нафар ходими ҳам ушбу марказда ташкил этилган карантин госпиталига жалб этилди. Улар шу йилнинг 29 апрель санасидан 12 майгача 14 кун мобайнида оиласи ва яқинларидан узоқда қолиб, коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан мулоқотда бўлган фуқароларга тиббий хизмат кўрсатди. Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида бундай фидойи ходимларга белгиланган ойлик лавозим маошига 6 фоизлик қўшимча тўловларнинг жорий этилгани эса яна бир рағбат бўлди. Аммо…
Карантин госпиталига ишга жалб этилган 12 нафар ходим 14 кун давомида ҳар куни 12 соатдан ишлаган бўлса-да, иш вақтини ҳисоблаш табелига 6 соат қайд этилди. Бу эса карантин госпиталида ишлаган ходимларнинг норозилигига сабаб бўлди.
Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг ишчи гуруҳи мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиб, иш берувчига бунинг нотўғри эканини тушунтирди. Шундан сўнг 14 кунлик карантинда ишлаган ходимларнинг иш вақти қайта ҳисоб-китоб қилиниб, тўланмай қолган 17 миллионлик иш ҳақи тўлаб берилди. шу тариқа иш берувчининг найранги фош этилиб, ходимларнинг ҳуқуқи амалда таъминланди.

Орзугул ҚОЗИХОНОВА,
Ўзбекистон касаба
уюшмалари Федерацияси
кенгаши Меҳнат инспекциясининг Фарғона вилоятидаги
меҳнат ҳуқуқи инспектори

Бошқа хабарлар