Ахборот асридаги арзирли ютуқлар: Соҳа ходимлари манфаатлари мунтазам муҳофазада

177

Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишларнинг самараси халқимиз турмуш тарзида акс этмоқда. Хусусан, жадаллик билан ривожланаётган бугунги техника асрида ахборот технологияларига катта эътибор қаратилаётгани, ҳар бир соҳа электрон форматга ўтаётгани юртдошларимиз оғирини енгил қиляпти. Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмасининг сўнгги беш йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинган қурултойда бу ютуқлар эътироф этилди.

Ҳисобот даврида тармоқ ходимлари касаба уюшмаси асосий эътиборни меҳнатга ҳақ тўлаш, белгиланган тартибда кафолатланган иш ҳақи миқдорини ошириб бориш чораларини кўриш, иш ҳақининг ўз вақтида тўланишини ўрганишга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросига қаратди. Натижада иш ҳақининг тармоқ ва тариф келишувлари, жамоа шартномаларида белгиланган даражадан кам бўлмаслиги таъминланишига эришилди.
Бу борадаги тадбирларни сифатли амалга оширишда тизимдаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг ўрни ва масъулият билан ёндашиш масаласи доимий ­эътиборда бўлди.
Ҳаракат дастурида бандлик соҳасидаги вазифалар ҳам белгиланган бўлиб, ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, иш билан таъминланиши учун шарт-шароит яратилишида иш берувчилар билан ҳамкорликда муайян ишлар амалга оширилди. Ходимларнинг меҳнат ва бандлик соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, янги ва қўшимча иш жойларини яратиш бўйича мониторинг олиб борилди.
Ҳисобот даврида бошланғич ташкилотлар сонини ошириш масаласи устувор вазифа сифатида белгилаб олинди. 2019 йил 2 февралдаги «Ахборот соҳаси ва ­оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳарида ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари, шунингдек, туманларда ахборот кутубхона марказлари ташкил этилди ва уларда босқичма-босқич бошланғич касаба уюшма ташкилотини тузиш ҳамда тармоқ келишуви асосида жамоа шартномасини ишлаб чиқишга амалий ёрдам берилди.
Ўзбекистон Миллий телерадио­компанияси тизимида фаолияти йўлга қўйилган 12 та рақамли нодавлат телевизион каналда ҳам бош­ланғич касаба уюшма ташкилотлари тузилди.
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури доирасида технопарк фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари техно парки дирекцияси» IT-парк ташкил этилди. Ҳамкорликдаги ишлар натижасида 50 нафардан ортиқ ходим касаба уюшмасига жалб қилинди. Тез орада Андижон, Қўқон ва Гулистон шаҳарларида ташкил этилган технопарк ходимлари ҳам касаба уюшмасига қамраб олинади.
Бошланғич ташкилотлар сайланма органлари фаоллари ва касаба уюшмаси аъзолари ҳамда иш берувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳар қандай низоли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида «Иш берувчи ва касаба уюшмасига эслатма» тариқасида қўлланма ишлаб чиқилиб, жойларга етказилди.
Хотин-қизлар ва меҳнат низолари комиссиялари ­раислари, аъзолари ҳамда янги сайланган касаба уюшма қўмиталари раислари учун интерактив усулдаги ўқув машғулотлари уюштирилди. Тизимдаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида «Энг намунали ­бошланғич ташкилот» кўрик-танлови тизимли равишда ўтказилди.
Хорижий ва мустақил ҳамдўстлик давлатлардаги турдош касаба уюшмалари ўртасида ҳамкорлик кўлами кенгайтирилиб Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мольдова, Тожикистон ва Озарбайжон алоқа ходимлари касаба уюшмалари билан ҳамкорлик келишувлари имзоланишига эришилди. Айни пайтда ЮНИ – Халқаро касаба уюшмалари ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ушбу ташкилот вакиллари билан музокара олиб борилмоқда.
Ижтимоий меҳнат муносабатларини тартибга солиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, ҳуқуқий ҳимояси борасидаги ишларни янада самарали ташкил этиш мақсадида Ахборот технология­лари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳар йили ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик бўйича қўшма тадбирлар режаси қабул қилиниб, белгиланган тадбирларнинг амалга оширилишига эришилди.
Вазирлик, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Рес­публика кенгаши масъул ходимлари иштирокида муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида меҳнат жамоаларида давра суҳбатлари ўтказилди. Айниқса, чекка туманлардаги ходимларнинг меҳнат шароити ҳамда ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратилди.
Президент фармонлари ва Вазирлар Маҳакамасининг тегишли қарорларини ҳаётга татбиқ этиш, ижросини таъминлаш мақсадида ижтимоий шериклик тамойили асосида янги муддатга қабул қилинаётган жамоа шартномалари лойиҳаларига Республика кенгаши эксперт комиссияси томонидан тегишли хулосалар берилди.
Ҳар ярим йил якунида барча корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари ижроси юзасидан таҳлилий-танқидий руҳдаги конференциялар ўтказилди. Кенгаш масъул ходимлари йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш борасида амалий ёрдам кўрсатишди. Жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимлар ва ишламаётган пенсионерларнинг байрамлар арафасида ҳолидан хабар олиниб, моддий ёрдам берилди.
Тармоқ, тариф келишувлари ва жамоа шартномаларида белгиланган мажбуриятларнинг бажарилиши ва аниқланган муаммоларни ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда ўз вақтида бартараф этиш натижасида ўртача ойлик иш ҳақини ҳар йили ўрта ҳисобда 20 фоизга оширишга эришилди.
Ҳисобот даврида ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатлари бўйича тарғибот ишларига жиддий эътибор берилди. Жумладан, касаба уюшма қўмиталари раислари ва аъзолари учун ташкил этилган «Бош­ланғич касаба уюшмаси куни»да Бош қомусимиз, кодекслар, янги таҳрирдаги «Меҳнат муҳофазаси» ва «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунларни амалда қўллаш бўйича хуқуқий тадбирлар, семинар, ўқув машғулотлари ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Касаба уюшмалари ва уларнинг жамоатчилик назоратини бажарувчи комиссия аъзолари учун 15 тадан ортиқ қўлланма ва йўриқномалар тайёрланиб, жойларга етказилди. Республика кенгаши расмий веб сайтида ҳуқуқий савол-жавоблар рукни ташкил этилиб, мунтазам равишда тавсиялар жойлаштирилди.
Корхона ва ташкилотларда меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши бўйича жамоатчилик комиссиялари фаолиятини йўлга қўйиш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, бартараф қилиш ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида «Ўзбектелеком» АК ва «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг филиалларида 100 га яқин ўрганишлар ўтказилди. Натижалари бўйича тайёрланган маълумотлар Республика кенгаши Раёсати йиғилишларида муҳокама этилди. Тегишли қарорлар қабул қилиниб, бажарилиши назоратга олинди.
Республика кенгашига соҳа ходимларидан 201 та ёзма ва 579 та оғзаки мурожаат, корхоналар, бошланғич ташкилотлардан келиб тушган 138 та хат ва ҳужжатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 90 фоизидан ортиғи қаноатлантирилди. 20 нафар ходимнинг меҳнат хуқуқи судларда ҳимоя қилинган бўлса, қолганларига тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғи муҳофазаси масаласи касаба уюшмалари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Республика кенгаши уларга яратилган шароитларни яхшилашга эътиборни йил сайин кучайтириб бормоқда. Жумладан, корхона ва ташкилотларда ишлаётган ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар, боқувчисини йўқотган оилаларга товон ва зарар тўловлари ўз вақтида тўланиши Раёсат йиғилишларида кўриб чиқилиб, ижроси таъминланди. Ҳисобот даврида меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 13 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Республика кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассислари 103 та корхона ва ташкилотда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги ҳолатини ўрганиб чиқди. Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли мутахассисларга ҳамда касаба уюшмаси қўмиталари аъзоларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатилди.
Меҳнатда жабрланган, боқувчисини йўқотган ­шахсларга иш берувчилар зарар тўловларини тўламаётганлик масаласи бўйича фуқаролардан келиб тушган 8 та ёзма, 170 та оғзаки ариза ва мурожаатга ҳуқуқий ҳамда амалий ёрдам берилди. Республика кенгаши масъул ходимлари тайёрлаган «111 саволга 111 жавоб» номли қўлланма барча ташкилотларга беғараз тарқатилди.
Корхоналарда меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги талабларига риоя этилишини тизимли равишда амалга ошириш борасида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан кўрик-танловлар анъанавий тарзда ўтказилмоқда. «Энг яхши корхона», «Энг яхши касаба уюшма қўмитаси», «Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил», «Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, улар ­диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Миллий ғоя тарғиботи, маданий-маърифий ва спорт ишларини ташкил қилиш, турли соҳаларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида 200 тадан зиёд корхона, ташкилот ва муассасада «Маънавият соатлари» ўтказилиб, уларда 38 минг нафардан зиёд ишчи-ходимнинг иштироки таъминланди.
Ходимлар ва уларнинг оила ­аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида мини футбол бўйича соҳа кўчма кубоги мусобақалари худудларда тизимли равишда ўтказиб келинмоқда. «Ўзбектелеком» АК ва бир қатор ташкилотлар ўртасида спортнинг волейбол, мини футбол турлари бўйича мусобақаларни мунтазам ўтказиш йўлга қўйилди. Ахборот технология­лари соҳасидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ёш ходимлар ўртасида стол тенниси бўйича мусобақалар ўтказиш ҳам мунтазамлик касб этди.
Ҳар йили вазирлик билан ҳамкорликда ишчи-ходимларнинг мактаб ёшидаги фарзандларининг 40 фоиздан зиёди соғломлаштирилди.
Анжуманда Республика кенгаши ва раёсати, тафтиш комиссияси аъзолари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қурултойига делегатлар сайланди. Тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгаши раислигига Асрор Эшонхўжаев номзоди бир овоздан маъқулланди.
Кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Салим Абдураҳмонов,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар