ИНТИЛИШ САМАРАЛАРИ

86

Мамлакатимизда металлургия, автомобилсозлик, электротехника саноати соҳалари жадал ­суръатда ривожланиб бормоқда. Глобал инвестицион ­лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, маҳсулотларни локализация қилиш орқали кўпдан-кўп янги иш ўринлари яратилди. Ҳозирги кунда қишлоқ ҳўжалик машинасозлигини модернизация қилиш, электротехника ва автомобилсозлик соҳаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси қурултойида бу бу борада эришилган натижалар алоҳида эътироф этилди.

Тармоқ касаба уюшмаси тизимидаги 238 та бошланғич касаба уюшма ташкилотида 66873 нафар аъзо меҳнат қилиб келмоқда. Республика кенгаши уларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳадаги ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиб келмоқда. Ходимлар малакасини ошириш, бошланғич ташкилотларнинг тутган ўрнини мустаҳкамлаш доимий эътиборда.
Янгидан ташкил этилаётган корхона ва ташкилотлар ходимларини тармоқ касаба уюшмаси хизматига қабул қилиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида ҳисобот йилларида 73 та бошланғич ташкилот, 375 та цех қўмитаси жалб этилиб, уларда меҳнат қилаётган 14 111 нафар ходим аъзоликка олинди.
«Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари куни» муносабати билан тармоқ Республика кенгаши масъул ходимлари корхона ва ташкилотлардаги касаба уюшма ходимларига амалий ёрдам кўрсатиб келишди. Шу билан бирга янги касаба уюшмаси хизматига қабул қилинган ташкилотларга фаолиятни тўғри йўлга қўйишда мунтазам равишда амалий ёрдам кўрсатилди. Мазкур ишлар натижаларини ҳар икки йилда бир марта бошланғич ташкилотлар ўртасида ўтказилаётган «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танлови якунларида яққол акс этди. Ҳисобот даврида кўрик-танлов ғолиблигини тармоқ тизимидаги бир қатор корхона ва ташкилотларнинг касаба уюшма қўмиталари эгаллади.
Ишчи-ходимларнинг ўз касбига бўлган фидойилиги ва ижодкорлик қобилиятини рағбатлантириш орқали уларнинг профессионал даражасини ошириш, «Устоз-шогирд» анъаналарини қўллаб-қувватлаган ҳолда соҳада меҳнат қилаётган моҳир касб эгаларига ёш мутахассисларни бириктириш мақсадида ҳар икки йилда «Ўз касбининг моҳир эгалари» кўрик-танлови ўтказилмоқда.
Тармоқ касаба уюшмаси тизимида кўп йиллик самарали меҳнат қилиб келган бир қатор фаоллар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишонига сазовор бўлишди.
Тармоққа қарашли корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган, нафақадаги ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар ҳамда касаначиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида асосий эътибор корхона ва ташкилотларда тузилган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ролини оширишга қаратилди.
Ҳар йили қабул қилинадиган Давлат дастурлари тадбирларининг бажарилишини таъминлаш, ходимлар меҳнатига ўз вақтида ҳақ тўлаш, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, жамоа шартномалари асосида ходимларга сарфланаётган пул маб­лағлари миқдорининг ошириб борилишига эътибор кучайтирилди.
Тармоққа қарашли 18 та йирик ташкилотда 1059 нафар касаначи турли йўналишларда фаолият кўрсатмоқда. Касаначиларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқларининг ҳимояси жамоа шартномалари орқали амалга оширилмоқда.
Иш берувчиларнинг энг кам иш ҳақи стандартларига риоя этилиши, иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш бўйича доимий назорат ўрнатилди.
2015 йилда Давлат дастурига киритилган тадбирларнинг ижросини таъминлашга 7 миллиард 461 миллион 941 минг сўм маблағ сарфланган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йил 31 миллиард 62 миллион 194 минг сўмни ташкил этди. Шундан 25 миллиарддан ортиғи корхоналар, 6 миллиарддан зиёди бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан сарфланди.
Ходимларга зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳоли бўлган шароитлар яратиб берилиши устидан касаба уюшмасининг доимий жамоатчилик назоратини ташкил қилиш, тармоқ касаба уюшма ходимлари ҳамда фаоллари меҳнат муҳофазаси соҳасидаги билим ва кўникмаларини янада оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди.
Тармоқ корхоналарининг янги тузилган жамоа шартномалари экспертизадан ўтказилиб, меҳнат муҳофазаси бўйича битимларни тузишда бошланғич касаба уюшма ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатилди. Бу орқали ишчиларга меъёрий иш шароитлари яратиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича аниқ тадбирлар киритилишига эришилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, «Саноатгеоконтехназорат» агентлиги билан биргаликда корхона ва ташкилотларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича доимий ҳаракатдаги комиссия аъзолари меҳнат муҳофазаси бўйича аттестациядан ўтказилди.
Меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишда касаба уюшмаларининг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан ҳар йили кўрик-танлов ўтказилиб келинмоқда.
Ҳисобот йилларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 145 та корхонанинг фаолияти ўрганилиб, 1178 та меҳнат мухофазаси бўйича қонун, қоида ва меъёрларнинг бузилиши аниқланди. Уларни бартараф этиш юзасидан иш берувчиларга 99 та тақдимнома киритилиб, бартараф этилишига эришилди.
Тармоқ тизимидаги жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 169 та мурожаатнинг 74 таси қаноатлантирилди, 5 таси тегишлилиги бўйича ваколатли идораларга юборилди, қолганига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. «Ишонч телефони» орқали келиб тушган мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилди.
Халқаро ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бир қатор хорижий турдош касаба уюшма ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. 2017 йилда Халқаро Евроосиё Металл ишчилари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида икки томонлама келишув имзоланди.
2017 йилда юртимизга келган «IndustriALL» иттифоқи бирлашмасининг ҳудудий вакили билан учрашувда «IndustriALL» иттифоқи бирлашмаси тизимидаги турдош касаба уюшмалари тўғрисида ҳамкорликка тўхталиб ўтилди.
Халқаро Евроосиё металл ишчилари Федерацияси ташкил этган «Бозор иқтисодиётидаги шароитларда касаба уюшмаларининг фаолиятидаги масалалар тўғрисида»ги семинарларда тармоқнинг 53 нафар аъзоси фаол иштирок этди.
Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси вакилларининг мамлактимизга ташрифи жараёнида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, улар билан ҳамкорлик битимини амалга оширишни таъминлаш мақсадида 2018 йилда «Ўзметкомбинат» АЖда семинар ташкил қилинди. Ташриф жараёнида турдош касаба уюшмалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида икки томонлама меморандумлар имзоланди.
Бундан ташқари, ўтган йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Халқаро Евроосиё металл ишчилари Федерацияси марказий қўмитасининг 47-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тармоқ ходимлари касаба уюшмаси ва бир нечта мамлакатлар турдош касаба уюшма ташкилотлари ўртасида ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.
Ёз мавсумида 8 та стационар болалар оромгоҳларида 46342 нафар, шу жумладан Меҳрибонлик уйлари ва қорақалпоғистонлик меҳнаткашларнинг 2550 нафар фарзанди соғломлаштирилди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимларни спортнинг оммавий турларига кенг жалб этиш мақсадида тармоқ ходимлари касаба уюшмасининг спартакиадалари ўтказилди.
Тармоққа қарашли корхона ва ташкилотларда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси тўлиқ таъминланмоқда. Шу мақсадда жамоа шартномалари ҳар йили янги бандлар билан тўлдириляпти.
Ишчи-ходимларни ички туризмга кенг жалб қилиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Биргина ўтган йилда 2000 нафардан ортиқ аъзоларнинг юртимиз тарихий жойларига саёҳати уюштирилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламдаги ислоҳотларнинг моҳиятини кенг оммага етказиш мақсадида корхона ва ташкилотларда «Маънавият соатлари»ни ўтказишга янада катта эътибор берилди.
Бугунги кунда тармоқ тизимидаги 238 та бошланғич ташкилотда 20858 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар меҳнат қилмоқда. Кичик бизнес субъектларида ишлаётган ишчи-ходимларнинг аксарияти ёшлардан иборат. Иш фаолиятида юқори натижаларга эришаётган, жамоат ишида фаоллик кўрсатган йигит-қизлар мунтазам равишда рағбатлантириб келинмоқда.
Ўтган давр давомида тармоқ келишувлари ва жамоа шартномаларига ёшларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган «Ёшлар учун қўшимча имтиёзлар ва кафолатлар» деб номланган алоҳида бўлим киритилди ва ҳозирги вақтда унинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қурултойда ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил этилди ва тармоқ касаба уюшмасининг ҳисобот давридаги фаолиятига ижобий баҳо берилди.
Тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раислигига Аҳмаджон Ҳаққулов қайта сайланди.

Салим Абдураҳмонов,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар