«КОРОНАВИРУС ҚАЧОН КЕТАДИ, ДЕБ БОШҚА ХАСТАЛИКЛАР КУТИБ ТУРМАЙДИ»

366

Шу йилнинг 20 августида Россиядан Ўзбекис­тонга 38 нафар турли йўналишдаги шифокор келди. Россиялик мутахассисларнинг тўрт нафари 22 августдан буён Хоразмда бўлиб, маҳаллий шифокорлар фаолияти билан танишиб, CОVID-19 билан хасталанган беморларни даволаш самарадорлигини ошириш юзасидан ўз тавсияларини бермоқда.

Вилоятдаги россиялик шифокорлар гуруҳи раҳбари, олий тоифали кардиолог, Люберецк вилояти шифохонаси кардиология бўлими ­бошлиғи Музаффар Зокиров билан суҳбатлашиб, вилоятда коронавирусга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишларга холис баҳо беришни сўрадик.
– Музаффар ака, Хоразмга келганингизга ўн кундан ошди. Ушбу даврда сизнинг раҳбарлигингиздаги гуруҳ қандай фаолият юритди?
– Келган кунимиз Урганч олимпия захиралари мактабида ташкил қилинган 708 ўринли саралаш ва тақсимлаш маркази фаолияти билан танишдик. Аҳволи оғир беморлар саломатлигини назорат қилдик.
Кейинги куни ТТА Урганч филиали клиникаси, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ва коронавирусга гумон қилинган беморлар даволанаётган бошқа муассасаларда бўлдик.
Барча муассасаларда беморларни даволаш учун зарур шароитлар яратилган. Шундан сўнг вилоят ҳокими, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва бошқа мутасаддилар билан учрашиб, таассуротларимизни ўртоқлашдик. Бизга нималар маъқул бўлгани ва нималар кўнгилимизга ўтирмаганини очиқ-ойдин айтдик, даволаш самарадорлигини янада ошириш юзасидан ўз тавсияларимизни бердик.
Хусусан, биз коронавирусга чалинган ва гумон қилинган беморларни турли муассасаларда эмас, битта жойда даволашни ташкил этишни таклиф қилдик. Зеро, бошқа касаллик­лар коронавирус қачон ўтиб кетади-ю, қачон бизга навбат келади, деб кутиб ўтирмайди. Қолаверса, вилоятда бунинг учун имконият борлигини кўрдик.
Яна бир таклифимиз реанимацион ёрдамни ҳам битта муассасада ташкил қилиш бўлди. Зеро, дунёда реанимацион ёрдам жуда қиммат туради, бу хизмат катта маблағ талаб қилади. Реанимацияга муҳтож беморларнинг битта муассасада бўлиши хизмат таннархининг арзонлашувига, сифатнинг эса ошишига олиб келади.
Таклифларимиз инобатга олинди. Бу ҳафтада туманларда бўлиб, улардаги шароитларни ўрганяпмиз. Маҳаллий шифокорлар билан тез тил топишдик. Хоразмлик мутахассисларнинг билим ва салоҳияти, изланувчанлиги гуруҳимизга жуда маъқул бўлди.
– Тез тил топишишингиз Хоразмда туғилиб ўсганингиз билан боғлиқ бўлса керак?
– Бўлиши мумкин. Ўзим ҳақимда тўхталадиган бўлсам, Ўзбекистон фарзанди эканимдан фахрланаман. 2003 йилда Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалини тамомлаб, Россияга кетдим. Волгаград давлат медицина университети ординатурасини кардиология мутахассислиги бўйича тамомладим. Михайлово шаҳар шифохонаси кардиологи, Люберецк вилоят шифохонаси кардиологи лавозимларида ишладим. Ҳозир шу муассасада бўлим бошлиғиман. Лекин ҳар куни Ўзбекистондаги жараёнлар билан танишиб бораман, халқимизга имконим етгунча ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
– Вилоятдаги эпидемик вазият ҳақида фикрингиз қандай?
– Тўғрисини айтсам, ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалардан мен вазият жуда ёмон бўлса керак, деб ўйлагандим. Вазиятни ўз кўзимиз билан кўриб, шунга амин бўлдикки, булар шунчаки ваҳима ва ёлғон экан.
Дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам коронавирусни даволашда муаммолар бор. Лекин Ўзбекистондаги, хусусан Хоразмдаги вазият бошқа давлатларга нисбатан анча яхши.
Давлат барча зарур чораларни кўрган. Шифокорлар фидойилик кўрсатиб, кеча-кундуз ишламоқда. Дори-дармон захираси, тиббиёт буюмлари, хусусан кислород консуллари етарли. Ташхислаш ишлари тезкорлик билан амалга ошириляпти. Гуруҳимиз билан асосан реанимацион ёрдамга муҳтож беморларга кўмаклашяпмиз. Уларнинг аҳволлари тез яшиланмоқда.
– Айримларнинг ҳақиқий ҳолат яширил­япти, деган иддаолари ҳақида нима дейсиз?
– Мен статист шифокор эмасман, беморларнинг сонини ҳисоблаш менинг ишим эмас. Вазифам – даволаш. Бироқ, кўзим билан кўрганларимга асосланиб шуни айтишим мумкинки, айнан Хоразмда коронавирусга чалинганлар кўп эмас. Шифохоналарда коронавирус учун ажратилган ўринларнинг кўпчилиги бўшлигига гувоҳ бўлдик. Реанимацион ёрдамга муҳтожлар ҳам саноқли. Шунинг учун аҳолидан турли ёлғон-­яшиқ хабарларга ишонмасликларини сўраган бўлардим.
– Ҳозир кўпчиликни коронавирус қачон йўқолади, деган савол қизиқтиради. Ўз тажрибангиздан келиб чиққан ҳолда, бу ҳақда қандай фикрдасиз?
– Хасталик қачон чекиниши аниқ эмас. Шу боис, биз коронавирус билан яшашни ўрганишимиз керак. Касаллик ўтиб кетсин, деб беркиниб ўтирмасдан яшашда давом этишимиз зарур. Ҳаёт кутиб турмайди. Шундай экан, ишлашимиз, ўқишимиз, изланишимиз лозим.
Тажрибамдан келиб чиқиб, шуни айтишим керакки, ҳозир касалликка чалиниш унчалик хавфли эмас. Пандемия бошланган пайтида хавфли эди. У ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмаган вақтида. Ҳозир шифокорларимиз муайян тасаввур ва тажрибага эга. Касалликка чалинганларнинг аксарияти шифо топмоқда. Ўлим ҳолатлари эса барча касалликларда бўлиши табиий.
– Касаллик профилактикаси сифатида нималарни тавсия қиласиз, қандай дорилар қабул қилган маъқул?
– Ҳеч қандай дори-дармон тавсия қилмайман. Интернет тармоқларидаги тавсияларга ҳам амал қилавермасликни маслаҳат бераман. Хасталик ҳар кимда ҳар хил кечади. Кимгадир катта фойда берган дори кимгадир таъсир қилмаслиги мумкин.
Профилактика сифатида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, қўлларни тез-тез ювиш, одам гавжум жойлардан узоғроқда бўлиш, уйларни тоза тутиш, тез-тез шамоллатиб туриш лозим. Касал бўлмаган ҳолда турли дориларни қабул қилиш тўғри эмас, ҳатто у витамин бўлса ҳам. Балки организмда витаминлар етарлидир? Витаминларнинг меъёридан ошиб кетиши ҳам касалликларга сабаб бўлишини унутмаслик керак. Ундан кўра, витаминларга бой мева ва сабзавотларни тановул қилган фойдали. Бу борада Ўзбекис­тонда ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас – серқуёш заминимизда етиштирилган ҳар қандай мева ва сабзавот витаминларнинг кони.
Коронавирусга қарши курашиш давлат, раҳбарлар, шифокорларнинг вазифаси эмас, ҳаммамиз ва ҳар биримизнинг вазифамиз, керак бўлса, бурчимиздир.
Нафас қисиши, йўтал кузатиляптими, иссиғингиз чиқяптими – дарров шифокорга мурожаат қилинг, дорихонага югурманг! Бу хасталик учун махсус дори йўқ. Лекин вакцина яратилди. Ўзбекистон ҳам ушбу вакциналарни сотиб олишга тайёргарлик кўряпти.
Ҳеч қачон ваҳимага берилмасликни сўрайман. Ваҳима кўтариб, шифо топмайсиз, аҳволингиз оғирлашиши мумкин, холос. Шу боис, тўғри овқатланишимиз, ҳар куни жисмоний машқлар билан шуғулланиш учун вақт топишимиз, юрт равнақига ҳисса қўшиш учун ишлашимиз, изланишимиз лозим. Ишонинг, бу қийин кунлар ўтиб кетади, биз яна фаол ҳаётга қайтамиз.

Музаффар Зокиров,
Хоразм вилоятидаги
россиялик шифокорлар
гуруҳи раҳбари:

«Ishonch» мухбири
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
суҳбатлашди

Бошқа хабарлар